10.06.2017

HUAWEI: БИЗ БИРГАЛИКДА ЮКСАК МАРРАЛАРНИ ЭГАЛЛАЙМИЗ

Ўзбекистон дунёнинг ривожланган мамлакатлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни тобора кенгайтириб бормоқда. Ҳар бир шартномага мамлакат тараққиёти ва истиқболи нуқтаи назаридан ёндашилмоқда. Ўзбекистон ўзининг муҳим стратегик ҳамкори — Хитой билан алоқаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Биз ишончли ҳамкорларимиздан бири Huawei компаниясининг Шеньчжендаги қароргоҳида бўлиб, унинг ташқи алоқалар бўлими вице-президенти Уолтер Дженнингс билан учрашдик ва компания фаолияти, Ўзбекистонга мўлжалланган лойиҳалар ҳақида суҳбатлашдик.

— Huawei дунё рейтингида жуда тез ривожланиб бораётган компаниялардан бири, деб эътироф этилади. Бунинг асосий сабаби нимада деб ўйлайсиз?

Биласизми, мен ўзим ҳам шу саволга ҳамиша жавоб излайман. Мана қаранг, бундан 30 йил аввал, яъни 1987 йилда жаноб Жень Чжэнфэя атиги 5680 доллар низом жамғармаси билан иш бошлаган. 2016 йилда компания 75,6 миллиард долларлик товар айланмасига эришди. Ақл бовар қилмас юксалиш! Биз учун чегараланган иш вақти деган тушунчанинг ўзи йўқ. Биз ҳар доим, кабинетда, корхонада, тушликда, брифингларда, куну-тун иш жараёнида бўламиз, иш ҳақида ўйлаймиз ва сўзлаймиз. Ишонинг, айрим лойиҳалар муҳокамаси ҳатто тушимда ҳам давом этади.

Компаниянинг каттадан кичигигача ҳаммаси фидойи одамлар. Бу, баландпарвоз гап эмас. Компания иқтисодий равнақи, даромади, нуфузидан барча баробар манфаатдор. Жаноб Жень Чжэнфэянинг ғоят муҳим иш юритиш услубларидан бири шуки, компания аъзоси, у ишчими, муҳандисми, бош­қарувчими, қайси лавозимда бўлмасин — акциядор бўлиши керак. Шунда у пировард натижадан манфаатдор бўлади. Энди унга насиҳатнинг кераги йўқ. Ҳозир Huaweiда 170 мингдан зиёд одам ишлайди. Акциялар улар орасида тақсимланган. Компания асосчиси жаноб Жень Чжэнфэя эса ўзида 1,4 фоиз акция қолдирган, холос.

— Симсиз алоқа ва телекоммуникация соҳасида етакчи бўлиб туриш осон бўлмаса керак?

Албатта. Huawei лойиҳалари дунёнинг 170 мамлакатида қўлланилмоқда. Лекин биз бу натижа билан тўхтаб қолмоқчи эмасмиз. Дун­ё­­­­­­нинг юздан зиёд пойтахт шаҳарларида бизнинг «Хавфсиз шаҳар» лойиҳамиз ишга солинган. 300 дан зиёд молия идоралари, аввало, энг йирик ва машҳур банклар тизими, сув кемалари, темир йўл ҳаракати соҳасида бундай хизмат турларидан фойдаланилмоқда. Биргина 2016 йилда Huawei бренди билан 130 миллион дона смартфон сотилди... Компаниямиз 56 мингта ихтиро лицензиясини олган. Дунёнинг 16 мамлакатида йирик илмий марказлар тузганмиз ва улар маҳсулотларимизни такомиллаштириш, янги лойиҳалар ишлаб чиқиш устида изланяпти. Биз ҳар йили даромаднинг 10-15 фоизини ана шу илмий марказларга сарфлаймиз. 2016 йилда у 7,5 миллиард долларни ташкил этди. Бу рақамлар ортида илмий асосланган ғоят машаққатли меҳнат турибди.

— Бугун Ўзбекистонда ҳам Huawei маҳсулоти кириб бормаган, унинг хизматидан фойдаланмайдиган бирон хонадонни топиш қийин...

— Бизнинг маҳсулот ёки хизматдан дунёнинг ҳар учинчи одами фойдаланяпти.

1999 йилда Ўзбекистон алоқа ва телекоммуникация бозорига кириб келдик. Юнител, Билайн, Ўзмобайл бизнинг лойиҳалар асосида ишлади. Ҳозир юртингиздаги бўлинмамизда 300 дан зиёд мутахассис бор, уларнинг 75 фоизи маҳаллий ёшлардир. Биз Ўзбекистонда фақат бизнесимизни ривожлантирмаяпмиз, Тошкент ахборот технологиялари университетига оталиқ ёрдами ҳам кўрсатамиз. Янги ишланмалар, ёш олимлар, иқтидорли талабаларни рағбатлантириш жам­ғармаси бор. 200 дан зиёд талаба ва мутахассис Huawei компания­сида малака оширди. Бу йилдан ИНХА университети талабалари ҳам Хитойда амалиёт ўтайдилар. Бундан ташқари, мамлакатингизда стол тенниси, бокс федерацияларини қўллаб турамиз. Ҳозир эса Ўзбектелеком билан ҳамкорликда жуда катта сиғимга эга электрон ахборот банкини, Халқ таълими вазирлиги билан электрон таълим тизимини яратмоқдамиз. Трансгаз тармоғига SCADA Telecom лойиҳасини тақдим этдик. Буларнинг ҳар бири Ўзбекистон учун аҳамиятли лойиҳалардир.

Ўзбекистон хорижий инвесторлар учун қулай муҳит ва қонунчилик асосларини яратган. Қолаверса, дунёда ўзбек халқидек очиқ кўнгил, меҳмондўст одамларни учратмаганман. Шунинг учун Huawei Ўзбекистонда фаолиятини кенгайтириш, ҳамкорлик тармоқларини кўпайтириш ниятида. Ҳар бир ишлаб чиқариш корхонасини компьютерлаштириш, симсиз алоқа ахбороти хавфсизлигини мустаҳкамлаш, смартфон, фотоаппарат ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, рақамли технологияни кенг жорий этиш, информацион технологиялар илмий марказини очиш каби лойиҳалар устида ишлар олиб борилмоқда. Ўйлайманки, уларнинг жорий этилиши Ўзбекистон иқтисодиётига ижобий таъсир қилиш билан бирга аҳоли турмуш даражаси янада юксалишига хизмат қилади.

— Компаниянинг шиори ­қандай?

Очиқлик, дўстлик, интилиш. Бу бизни етаклаётган ғоялар. 170 минглик жамоа бир тану бир жондек ишламаса, бугунги натижага эришиб бўлмасди. Биз ҳар биримизга ишониб ишлашимиз ­керак. Шунинг учун ички сиёсатда очиқлик принципини танлаганмиз. Ҳатто компания бошқарувида ҳам шундай. Раиснинг учта ўринбосари бор ва улар нав­бат билан олти ойдан компания­ни бошқарадилар.

Инсоний дўстлик туйғуси қалбимизда. Натижадан қониқмаслик, олға интилиш муваффақият калити деб ҳисоблаймиз.

Дунё ОНЛАЙН ахборот тизимига ўтиб боряпти. Биз шундай услубда ахборот матни ва тасвирини узатадиган смартфонлар ишлаб чиқаришни беш баробар кўпайтирмоқчимиз....

 Стратегик режаларимиз, бу компаниянинг ички хизмат ахбороти бўлса-да, уни ўзбекистонлик ҳамкорлардан яширмаймиз.

— Қизиқарли суҳбатингиз учун ташаккур.

Биз Ўзбекистондаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаймиз ва уларни амалга оширишга бироз бўлса-да улушимиз қўшилишидан бахтиёрмиз. Ўзбекистон Президенти жаноб Шавкат Мирзиёевнинг Хитойга давлат ташрифи ғоят самарали бўлди ва имзоланган ҳамкорлик шартномаларининг бири Huawei компанияси билан экани бизда фахр уйғотади. Биз биргаликда янада юксакроқ марраларни эгаллаймиз.

 

Суҳбатдош

Муҳаммаджон ОБИДОВ

Тошкент-Пекин-Шеньчжен.



DB query error.
Please try later.