08.06.2017

ОДАМЛАР ДАРДИГА ДАРМОН БЎЛАЁТГАН

Халқ қабулхоналари ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Сурхондарё вилоятидаги Халқ қабулхонаси фойесида «Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш — одамийликнинг энг олий мезонидир», деган сўзлар зарҳал ҳарфлар билан нақшланганини кўрганингизда беихтиёр ўзаро чамбарчас боғлиқ, бир-бирини тўлдирадиган, бойитадиган, безайдиган фикрлар ҳалқаси, тушунчалар тизмаси хаёлингиздан ўтади. Дар­ҳақиқат, юртимизда ҳамма нарса инсон учун, унинг бахтли-саодатли яшаши учун. Барча ислоҳотлар, ташаббуслар шу қутлуғ мақсадга хизмат қилади.

Мамлакатимизда янги ташкил этилган Президентнинг Халқ қабулхоналари маҳалла инс­титути сингари, ўхшаши, қиёси йўқ, истиқболли институтлардандир. Президентнинг Сурхондарё вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири Бахтиёр Жамолов дам олиш куни ҳам ишлаб ўтирган экан, у киши билан суҳбатлашиб, тузилма ҳақида кўп маълумотларга эга бўлдим.

Президент қарорлари, керакли ҳужжатлар кўзга кўринарли жойга осиб қўйилган. Она ва бола хонаси, тиббиёт хонаси зарур жиҳозлар билан таъминланган, кутиш залида телевизор кўриш, газета, журнал, китоб ўқиш мумкин. Ҳоким, прокурор, ИИБ бошлиғи қабул кунлари аниқ белгилаб қўйилган катта, ёруғ хона компьютерлар ва бошқа техник воситалар билан таъминланган.

— Халқ қабулхоналари, образли қилиб айтадиган бўлсак, Президентнинг жойлардаги кўзи, қулоғи, овози, — дейди Б.Жамолов. — Ўтган йил сўнгги чорагида Виртуал қабулхонага тушган уч юз ўттиз мингдан зиёд мурожаат кўриб чиқилгани, кўп масалалар жойида, тезкор ҳал этилганидан хабардорсиз. Мана бу қалин дафтарлар — тақдирномалар. Вилоят аҳлининг якка, жамоавий ариза, шикоят, таклиф, талаблари, бари тартиби билан жамланган, ўрганилган, ўрганилаяпти, ҳал этилган ёки ҳал этилиш арафасида. Мана бу махсус дафтарда одамларнинг дил изҳорлари, миннатдорликлари қайд этилиб борилади. Халқ қайси масала билан мурожаат этмасин, бари кўрилади, эътиборга олинади, ҳал этилади ёки соҳасига қараб мутахассисларимиз — тажрибали ҳуқуқшунос, шифокор, банк, солиқ идораси ходими ва бошқаларга берилади, ечимини топиш, ҳал қилиш чоралари кўрилади.

Мурожаатлар электрон шаклда Интернетга киритилади, тумандаги муаммолар электрон почта орқали марказдаги идора раҳбарларига етказилади. Масалан, бир одам, бу ерда мутахассис йўқлиги боис, Тошкентда даволансам, деган мазмунда мурожаат қилди, дейлик. Биз дарҳол тегишли жой билан боғланамиз, фикрлашамиз, электрон тарзда муддат белгилаймиз, муддат яқинлашган сари монитор сигнал чалиб огоҳлантириб боради, бу масалани тез ҳал қилиш имконини беради. Электрон хабарномаларни мунтазам кузатиб борамиз: аризаси қаноатлантирилганлар миннатдорлигини хат ёки электрон почта орқали билдиришади — бундайлар кўп. Баъзилар мурожаати ҳал этилмагани сабаби билан қизиқади, тегишли идора раҳбарларини хабардор қилиб, асосли жавоб беришларини ёки зарур ҳолатларда қайта кўриб чиқишларини сўраймиз.

Баъзан ҳатто бир ариза ортида муҳим муаммо борлиги маълум бўлади. Энг катта муаммо — ер, уй-жой муаммоси. Кейинги йилларда вилоят аҳолиси ярим миллионга кўпайган. Статистика бўйича 5 йилда йилига 27-30 минг, жами 125000 оила ташкил топган, шулардан 6000 оила намунали уйли бўлибди. Авваллари ҳар оилага 15 сотихдан жой ажратиларди, ҳозир ким ошди савдоси орқали ер бериш камайган. Ҳокимият муаммони жиддий ўрганди, қишлоқ хўжалиги, ўрмон хўжалиги тасарруфига кирмаган жойлар аниқланди. 2000 хўжаликка ер ажратиб берилди. Ўзига тўқлар учун очиқ аукцион, камхарж оилалар учун ёпиқ аукцион, учинчи тоифа — имконияти чекланган оилалар учун ҳомийлар ёрдами қўлланилди. Муаммо шу тарзда ўз ечимини топди.

Бандихонлик ўттиз фуқаро илтимоси қондирилиб, у ерга машиналарда газ баллонлари, ичимлик суви олиб бориш чораси кўрилди. Лекин бу ерда бандихонликлар фикри-хаё­лини банд этиб яна бир муаммо қалқиб турган экан: Бандихон Денов туманига қарашли, ораси 120 километр. Бир гуруҳ қишлоқ аҳли масофамиз 22 километр келадиган Қум­қўрғонга қўшилсак бир қатор ноқулайликлар бар­ҳам топармиди, деган фикрда. Бундай номувофиқлик, ноқулайликлар туғдираётган масканлар вилоятда 16 та экан.

Кўп сонли мурожаатлардан яна бир жиддий муаммо — вилоятда олий маълумотли шифокорлар етишмаслиги маълум бўлди. Масаланинг жиддийлигини назарда тутиб, вилоят ҳокими ёшларнинг тиббиёт олий ўқув юртларига мутахассислиги бўйича ўқишга киришлари учун квота сўраб, Вазирлар Маҳкамасига мурожаат қилганини айтишди.

— Бугунгача 368 ариза тушди, — деди Ангор туманидаги Халқ қабулхонаси мудири Санжар Акрамов, — шулардан қаноатлантирилгани 131, кўриб чиқилаётгани 76, рад этилгани 27 та, тушунтириш берилгани 95 та. Аризалар дар­ҳол компьютерга туширилади, муддати белгиланади, масала ечимида мутахассислар иштирок этишади.

Миннатдорлик дафтари билан танишдик. «Хомкон» маҳалласидан С.Хожақулов кўча таъмирга муҳтожлиги ҳақида аввалги раҳбарларга кўп мурожаат қилган, натижа бўлмаган (ариза нусхалари илова қилинган), Халқ қабулхонаси назоратга олгач, туман ҳокимлиги 10 кунда кўчани таъмирлатиб берган. О.Рўзибоев «Гулистон» маҳалласида электр таъминотида кучланиш камлиги боис кўп узилиш бўлиб туриши, мурожаатлар сансоларликка солиниб келинганини, кейин қисқа вақт ичида янги трансформатор қўйиб берилганини изҳор этади.

— Ҳаёт экан, кутилмаган ҳолатларга дуч келамиз, — дейди З.Акрамов. — 16 ёшга тўлган ёшлар паспорт олишлари керак. Уйда, ўқиш жойларида тушунтириш яхши олиб борилмаганми, бепарволикми, вақтини ўтказиб, ИИБ паспорт столига борган ёшларнинг биринчи эшитгани «энг кам иш ҳақининг уч баробари, миқдорида жарима тўлайсанлар», деган нохушроқ гап бўлади. Паспорт оламан, дея ғурур ҳиссига тўлиб борган 1575 йигит-қизнинг қай аҳволга тушганини тасаввур қилинг. Қонунга мувофиқ иш тутган милиция ходимларини айблаб бўлмайди, албатта. Термиздаги бошлиғимиз Бахтиёр Жамолов билан гаплашдим. У киши раҳбарият билан кенгашди. Вилоят ҳокимининг аралашуви билан жарима бекор қилинди. Давлат муайян миқдорда зарар кўргандир, лекин маънавий қаноатни, одамларнинг розилигини пул билан ўлчаб бўлармикан?...

Термиз туманидаги Халқ қабулхонаси мудири Тоҳир Бекпўлатов тақдим этган маълумотларга кўра, энг кўп ариза иш, уй-жой билан таъминлашга оид, кейин коммунал тўловлар, пенсия, нафақа, моддий ёрдам, алимент, кредит олиш ва ҳоказо. Мудир ишбилармонлик билан ишёқмасликни қиёслаб қизиқ мисоллар келтирди: «Иш ўринлари масаласи билан меҳнат бўлими шуғулланади. Самар­қанддан тадбиркорлар келиб иссиқхона очишди. Икки минг киши ишли бўлди. Яна бир гуруҳи қум босиб, янтоқ ўсиб ётган чўлда томчилаб суғориладиган чиройли боғ яратди. Ўрик, олмалар пишиб ётибди, ишлаган одамга кунма-кун нақд пул бериб туришибди. Шу ерда яшовчилар ўрганишса, ўрнак олишса бўлмайдими? Бировлар моддий ёрдам сўраб ариза ёзишади, комиссия тузиб шароитини ўрганишга борсангиз, ери бор, мол-ҳоли бор, муҳтожлиги йўқ, дурустроқ ишласа яхши даромад олади. Мол оламан, кўпайтираман, деб кредит олиб ўз молини, қўй-қўзисини кўрсатиб, пулни айлантирмоқчи бўлган шоввозлар ҳам учрайди. Туманимизда инг­лиз тили, тасвирий санъат, расм, чизмачилик, мусиқа, информатика бўйича мутахассислар етишмайди, тиббиёт соҳасининг ўзида 30 та вакант ўрин бор...»

Шеробод тумани марказидаги Бобур боғида, Шеробод, Бойсун, Қизириқ туманлари фуқароларининг Республика, вилоят раҳбарлари билан бир неча соат давом этган очиқ мулоқотига гувоҳ бўлдим. Ёши саксонни қоралаган, анча-мунча тажриба орттирган камина раҳбарият ва раиятнинг ҳали бундай очиқ юзма-юз учрашувини кўрмаганман. Халқ қабулхоналари институти ана шундай имконни яратиб берди. Бир томонда — Президентнинг давлат маслаҳатчиси, Олий суд раиси, Бош прокурор ўринбосари, Ички ишлар вазири ўринбосари, бош­қа вазирлар ўринбосарлари, ҳокимлар, ташкилот раҳбарлари, иккинчи томонда ариза, шикоят, таклиф, истак, мурожаатлар билан келган одамлар...

Йиғин-мулоқот очиқ, эркин, ишчанлик вазиятида ўтди. Ҳар бир фуқаронинг мурожаати диққат-эътибор билан тингланди. Ер майдони ажратилганлар, янги иш ўринларига эга бўлганлар, ишига қайта тикланганлар, пойтахтда даволаниш имконини қўлга киритганлар, кредит оладиганлар... алимент ундириш, аразлашиб юрган жигарбандларни яраштириш масалалари ҳам кўрилди.

Ўқиганларим, эшитганларим, тўрт кун давомида кўрган, кузатганларимдан хулоса шуки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ғояси, ташаббуси билан ташкил этилган Халқ қабулхоналари одамларнинг дардини эшитиб, муаммоларини ўрганиб, ечимини топиб бераётган истиқболли инс­титутга айланиб бормоқда. Абдулла Қодирий бобомизнинг сўзларидан фойдаланиб айтсак, бу қутлуғ даргоҳдан ҳеч ким норизо кетмаслиги керак.

 

Сайди УМИРОВ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси.



DB query error.
Please try later.