08.06.2017

БОЛАЛАРИМИЗНИ КИТОБ ЎҚИШГА ЎРГАТАЙЛИК

Кўпинча боласини етаклаб бозорга ёки меҳмондорчиликка бораётган ота-оналарга кўзим тушади. Шунда ўйлаб қоламан: қани энди шу ота-оналар фарзандларининг қўлидан етаклаб китоб дўконларига, кутубхоналарга олиб борса, уларга яхши-яхши китоблардан олиб берса... Эртага «Болам гапимга қулоқ солмаяпти», «Фалончининг ўғли бебош бўлиб кетибди» деган гаплар пайдо бўлмаслиги учун уларни бугундан зиё масканларига боришига йўл очишимиз керакка ўхшайди...

Мен Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги Республика болалар кутубхонаси раҳбари сифатида ўқувчи ахборот-маънавий эҳтиёжини қондиришда бу зиё маскани фаолия­тига ва болалар тарбиясидаги ўрнига алоҳида эътибор қаратмоқчиман. Умумий фонди 200 мингдан зиёд китоб ва 6 минг 500 га яқин электрон адабиётдан иборат кутубхонамиз 13 мингдан зиёд китобхонга хизмат кўрсатади. Муштарийларимиз асосан мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари, умумтаълим мактаблари, коллеж ва лицейлар ўқувчилари ҳисобланади. Кутубхона хизматидан ота-оналар, таълим муассасалари педагог-ўқитувчилари кенг фойдаланади.

Мен касб тақозоси билан соҳага оид янгиликлар билан мунтазам танишиб бораман. Мутахассислар фикрича, китоб мутолааси жараёнида инсоннинг бош мияси, жумладан, икки ярим шари фаол ишлай бошлайди. Биз китоб ўқиётган жараёнда (миямизнинг чап ярим шари ишлайди) доимий равишда тасаввур орқали китобда тасвирланаётган воқеа-ҳодисалар, асар қаҳрамонларини тасвирларда тасаввур қила бошлаймиз (бундай ҳолатда миямизнинг ўнг ярим шари ишлай бошлайди). Демак, биз китоб ўқиш орқали нафақат қувонч ва завқ, маънавий озуқа оламиз балки, миямизни машқ қилдириб, унинг фаолият даражасини ривожлантирамиз.

Адабиёт ва санъатнинг инсон ҳаёти ва соғлигига ижобий таъсир этиши тўғрисидаги мулоҳазалар бизга узоқ ўтмишдан маълум. Тарихий манбаларда араблар баъзи беморларни қўшиқлар билан даволаганликлари айтиб ўтилган. Бундай кишилар машшоқлар куйлаган қўшиқ орқали ёмон кайфиятдан қутилишган. Арасту адабиёт ва санъатнинг инсон саломатлигига таъсирини ўрганиб, шеърият инсонда қўрқув ва азобланишни йўқ қилишини аниқлаган. XVIII аср­да Англия ва Францияда китоб мутолааси руҳий соғ­лиқни тиклаш услубларидан бири ҳисобланган.

Швеция болалар китоблари академияси тадқиқотчилари кўп сонли турли ёшдаги инсонлар ўртасида ўтказилган сўровномалар орқали китоб ўқишнинг фойдали ҳамда зарурий жиҳатларини аниқлашга муваффақ бўлган. Унга кўра, китоб — инсонга қувонч ва завқ бағишлайди. У бизни кучли ички руҳий ҳиссиётларимиз — йиғлаш, кулиш, жаҳл чиқиш, ҳис қилишга мажбур қилади.

Китоб оғзаки ҳамда ёзма нутқимизни ривожлантиради, сўз бойлигимизни кўпайтиради, фантазиямизни уйғотиб, ички оламимизни бойитади, тўғри фикрлашга ўргатади. Фикрлаш қобилиятининг ривожланиши фаолиятимизда янги-янги ғоялар туғилишига ёрдам беради.

Энг муҳими, китоб бизни яшашга ўргатади, нима тўғри-ю нима нотўғри, нима яхши-ю нима ёмонлиги ҳақида хулоса чиқаришимизга кўмак беради.

Китоб бизни дунё қандай яратилганлиги, ҳаётимиздаги ҳар бир нарса, воқеа-ҳодиса бир-бири билан чамбарчас боғлиқлигини тушунтиради, ўзлигимизни англашга кўмаклашади. Ҳаётимизда учрайдиган муаммоларни ҳар томонлама пухта ўйлаб, хулоса чиқаришга, бир саволга бир қанча ечим топишга ўргатади. Мунтазам мутолаа билан шуғулланиш инсоннинг ўзига бўлган ишончини орт­тиради.

Китоб — маданиятни экспорт қилувчи энг муҳим восита сифатида ҳар қандай мамлакатни, у ерда яшаётган аҳолининг қадриятлари, урф-одатларни чет мамлакат халқларига таништириш имконига эга.

Тиббиёт соҳасида олиб борилган тадқиқотларга кўра, китоб мутолааси бизни турли хил касалликлардан ҳимоя қилади, руҳимизни даволайди. Масалан, ҳар куни 30-35 дақиқа китоб мутолаа қилган киши алцьгеймер (хотиранинг сусайиши) касаллигига чалинмайди. Бугун дунё фанида «Библиотерапия» (библио — китоб, терапия — даволаш) деб номланган йўналиш ривожланмоқда. «Библиотерапия» руҳий муолажа тури бўлиб, бу шунчаки даволаш эмас, руҳий ва ахлоқий касалликларнинг олдини олиш, деструктив хулқдан огоҳлантириш, сабрли бўлиш, раҳмдиллик ва самимийликнинг шаклланиши ҳамдир. Бундай муолажа аксентуация табиатига мойил, тенгдошлари томонидан четлатилган, жисмоний камчилиги бор, ота-онаси, синфдошлари, ўқитувчилар билан ижобий муносабатга кириша олмайдиган ёш­ларга ва аксинча қобилият­лилиги сабабли манманликка берилганларга тавсия этилади.

Қолаверса, китоб — ёлғизликка қарши энг яхши восита ҳисобланади. Китобни хоҳлаган жойда, хоҳлаган вақтда ўқиш мумкин. У бизга энг яқин дўст, суҳбатдош бўла олади. Ҳаттоки китоб харидига маблағ бўлмаса, уни кутубхоналардан текин олса бўлади. Бу бойликни ҳеч ким биздан тортиб ололмайди, у ҳаётимиз охиригача биз билан бирга бўлади.

Ва ниҳоят, китоб — маданий меросимизнинг бир қисми, авлодлар орасида кўприк воситасини бажаришга хизмат қилади. Энг яхши болалар адабиётларини овоз чиқариб ўқиб бериш ота-она ва болалар ўртасидаги ижобий оилавий муҳитни шакллантиради.

Шундай экан, юртимиз келажаги бўлмиш фарзандларимиз қўлига имкон қадар китоб тутқазайлик. Шуни унутмаслигимиз керакки, телевизор тамоша қилиб, компьютер ёки телефонлардаги ўйинлар билан банд бўлиб, вақтини бесамар ўтказаётган ўнлаб болаларни келажакда бугун кутубхонада китоб ўқиб ўтирган биргина тенг­доши бош­қаришига ишонаман. Болаларимизни китоб ўқишга ўргатайлик...

 

Дониёр ЎРОЛОВ,

Республика болалар кутубхонаси директори. 



DB query error.
Please try later.