08.06.2017

ДЕПУТАТЛАР АҲОЛИ БИЛАН ЮЗМА-ЮЗ МУЛОҚОТ ЎТКАЗМОҚДА

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзоларидан бир гуруҳи Наманган вилояти Поп туманида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини янада юксалтириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларни ўрганмоқда.

Президентимиз ташаббуси билан Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилинган жорий йилда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари жойларда бўлиб, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, халқнинг турмуш фаровонлигини юксалтириш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишмоқда, одамларни қизиқтираётган масалалар ва мавжуд муаммоларни ўрганмоқда, уларнинг ечимини жойида иложи борича ҳал этишга кўмаклашмоқда.

Депутат ва сенаторлар учрашувларда аҳолининг турмуш тарзи билан танишиб, ҳар бир маҳалла ва хонадоннинг ўзига хос ижтимоий-маънавий муҳити, ҳудудга хос ютуқ ва камчиликлар, муамммоларни атрофлича таҳлил қилган ҳолда маҳаллий ҳокимликлар, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари билан ҳамкорликда чора-тадбирлар кўрмоқда.

Парламент вакиллари Поп тумани қишлоқ ва маҳаллаларида аҳоли билан ўтказаётган юзма-юз мулоқотларда одамлар томонидан асосан иш билан таъминлаш, тиббий хизмат кўрсатиш сифати, таълим муассасалари, тижорат банклари фаолияти, фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш ҳолати каби бир қатор ижтимоий, иқтисодий муаммолар ўртага ташланмоқда.

Ишчи гуруҳи аъзолари ҳар бир мурожаатни чуқур ўрганиб туман ва вилоят даражасида ҳал этилиши мумкин бўлган масалаларни маҳаллий давлат ҳокимияти органлари вакиллари иштирокида ўрнида ҳал этиш чораларини кўраётир.

Чодак қишлоғининг Юқори Хонобод маҳалласида яшовчи И.Холдоровнинг тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун Халқ банки туман бўлими томонидан кредит ажратилмаётгани тўғрисидаги мурожаати ўрганилиб, ижобий ҳал этиладиган бўлди. Қандиғон маҳалласида яшовчи Т.Мадолимовнинг йўлни таъмирлаш, автобус ҳаракатини йўлга қўйиш масаласида қилган мурожаати ҳам қаноатлантирилди. Жорий йилнинг учинчи чорагида йўл таъмирланиб, автобус қатнови йўлга қўйилади.

Маҳалла фуқаролар йиғинларида ташкил этилаётган оммавий учрашувларда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг мазмун-моҳияти, мақсади ва аҳамияти ҳақида атрофлича тушунча берилмоқда.

Ўрганиш якунлари Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси депутатлари ва сенаторлар, маҳаллий ҳокимият органлари, фаоллар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари иштирокида халқ депутатлари туман Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида муҳокама қилинади.

 

А.САТТОРОВ,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.