06.06.2017

ЭРКИН ИҚТИСОДИЙ ЗОНАЛАР ҲАҚИДА

хорижий инвесторларнинг хабардорлигини ошириш лозим

Акмал УМАРАЛИЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси аъзоси:

— Мамлакатимизда маҳаллий хомашё ва ишлаб чиқариш захираларидан кенг фойдаланиш, шу аснода эркин иқтисодий зоналарда замонавий рақобатбардош маҳсулотлар тайёрлашга катта эътибор қаратилмоқда. Мазкур жараённи ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш долзарб масаладир.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси Ангрен эркин иқтисодий зонасида давра суҳбати ўтказди. Унда қуйи палата депутатлари, Вазирлар Маҳкамаси масъул ходимлари, тегишли вазирлик, қўмита ва идоралар, республикада ташкил этилган барча эркин иқтисодий зоналар ҳамда саноат корхоналари раҳбарлари Ўзбекистоннинг ишлаб чиқариш ҳамда ресурслар салоҳиятидан комплекс ва самарали фойдаланилишини таъминлашда эркин иқтисодий зоналарининг роли хусусида фикр-мулоҳаза юритишди.

Тадбирни ўтказиш учун «Ангрен» эркин иқтисодий зонаси бежиз танлангани йўқ. Бу ерда Жанубий Корея, Сингапур, Австрия, Буюк Британия, Болгария каби давлатларнинг етакчи фирма ва компания­лари ҳамкорлигида турли ўлчамдаги мис қувурлар, техник кремний, энергия тежовчи диод лампалар, кўмир брикетлари ва замонавий қурилиш-пардозлаш материаллари, шунингдек, шакар ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналар фойдаланишга топширилди. Шунингдек, Ангренга темир йўл туширилгани ва унинг электрлаштирилгани, водийга элтувчи автомобиль йўлининг талаб даражасига келтирилганлиги, шаҳарнинг марказга яқинлиги ҳамда Ангрендан пойтахтга кирмасдан мамлакатимизнинг бошқа вилоятларига ўтиш имконияти мавжудлиги сармоядорларнинг бу эркин иқтисодий зонага бўлган қизиқишини янада оширмоқда.

Эркин иқтисодий зоналар фаолият кўрсатадиган корхоналарга киритиладиган инвестициялар ҳажмига қараб, 3 йилдан 7 йилгача бўлган муддатга солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялар қўлланилади.

Бу борада Президентнинг 2017 йил 12 январдаги «Ургут», «Ғиждувон», «Қўқон» ва «Ҳазорасп» эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисидаги фармони дас­туриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Мазкур ҳужжат ҳудудларда замонавий ишлаб чиқариш корхоналарини барпо этиш, янги иш ўринлари ташкил этиш ҳамда аҳоли даромадларини ошириш имкониятларини бермоқда.

Шу билан бирга, ташкил этилаётган иқтисодий зоналарнинг жадал ривожланишини таъминлаш учун айрим фойдаланилмаган имкониятлар ва захираларни ишга солиш юзасидан фикрлар-мулоҳазалар билдирилди. Жумладан, депутатлар эркин иқтисодий зоналар хусу­сиятлари, бериладиган солиқ ва божхона имтиёзлари хақида хорижий инвесторларни кенг хабардор қилиш чора-тадбирларини кучайтириш лозимлигига эътибор қаратди.

Тадбир давомида «Ангрен» эркин иқтисодий зонасида фаолият олиб бораётган «Ангрен қувур заводи» унитар корхонаси ва «Ўз-Приста Ресайклинг» қўшма корхоналари фао­лияти билан яқиндан танишилди. 



DB query error.
Please try later.