06.06.2017

ҚИНҒИР ИШ КЕЛТИРАР ТАШВИШ

Мамлакатимизда меҳнат қиламан, деган одамга иш топилади, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмоқчи бўлганлар учун барча ҳуқуқий асослар яратилган, катта имтиёзлар берилган. Бу имкониятлардан фойдаланиб, катта-кичик корхоналар очиб, оиласини бекам-кўст таъминлаётган, янги иш ўринлари очиб, жамиятга фойдаси тегаётганлар кўплаб топилади.

Бироқ қинғир йўл билан дарҳол бойиб кетишни мақсад қилиб, жиноятга қўл ураётганлар ҳам йўқ эмас. Жиноят эса жазосиз қолмайди.

Муқаддам содир этган фирибгарлик жинояти учун тайинланган жазо чорасидан тегишли хулоса чиқармаган наманганлик Баҳодир Қодиров «DELFIN SHALOLASI» МЧЖ директори Шерзод Қодиров билан навбатдаги жиноятни содир этиш учун тил бириктиради. МЧЖ номидан «Lok Kolor Sintez» номли Ўзбекистон-Нидерландия-Британия қўшма корхонаси билан бўёқ маҳсулотлари сотиб олиш бўйича шартнома тузади.

Мазкур шартнома асосида МЧЖ 2010 йил январь-февраль ойлари мобайнида қўшма корхона томонидан етказиб берилган 390.756.918 сўмлик бўёқ маҳсулотларини қабул қилиб олади. Аммо ушбу маҳсулотлар шартномада кўрсатилган мақсадларга ишлатилмасдан, вақтинча иш билан банд бўлмаган Баҳромжон Ғафуров, Раҳимжон Абдураҳмонов, Муҳаммад Аҳмедов каби шахслар воситасида Наманган, Тошкент ва Қаш­қадарё вилоятлари ҳудудларида нақд пулга сотилган ва савдодан тушган пул маблағлари банк ҳисоб рақамига кирим қилинмаган.

Бундан ташқари, уюшган гуруҳ раҳбари Баҳодир Қодиров ва Шерзод Қодировлар ўзлаштирилган бўёқ маҳсулотларининг бир қисмини «Нексия» ҳамда «Ласетти» русумли автомашиналарга алмаштириб, жиноий фаолият натижасида топилган даромадларини легаллаштиришган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ИИВ Тергов Бош бош­қармаси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, олиб борилган тергов ҳаракатлари натижасида юқорида номлари кўрсатилган уюшган гуруҳ аъзоларининг қилмишлари фош этилди. Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар суди томонидан айбдорларга нисбатан турли муддатларга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Ҳаёт ҳақиқати шундан иборатки, тўғри, ҳалол меҳнатнинг охири роҳат бўлади, қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилда ҳам чиқади ва тегишли жазосини олади.

 

Мурод МАВЛОНОВ,

Ички ишлар вазирлиги

Тергов департаменти катта терговчиси.



DB query error.
Please try later.