06.06.2017

БАҒРИКЕНГЛИК – ТИНЧЛИК ВА БАРҚАРОРЛИК ГАРОВИ

Миллий матбуот марказида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита томонидан «Диний бағрикенглик — тинчлик ва барқарорлик гарови» мавзусида матбуот анжумани ўтказилди. Унда мамлакатимизда фаолият олиб бораётган турли диний конфессиялар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

— 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари истиқомат қилаётган мамлакатимизда 16 диний конфессия, 2239 диний ташкилот фаолият юритмоқда, — деди Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов. — Улардан 2065 таси исломий, қолганлари христиан, яҳудий ва бош­қа динларга мансуб ҳисобланади.

Ўзбекистоннинг дунёвийлик, диний бағрикенглик, барча динларга бир хилда муносабат, жамият тараққиётида динлар билан ҳамкорлик қилиш сиёсати барча фуқароларнинг диний эътиқоди ва дунёқарашидан қатъи назар, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида тенг иштироки тамойили асосида амалга оширилмоқда.

— Марказий Осиёнинг жаҳон геосиёсий тизимидаги аҳамияти ортиб бораётган бугунги кунда минтақада муҳим ўрин тутган юртимизни динни сиёсатлаштиришга уринаётган оқимлар таҳдидидан ҳимоя қилиш, фуқароларга ўз эътиқодини амалга ошириш учун зарур шароитларни яратиб бериш, асл диний қадриятларни авайлаб-асраш, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни янада мус­таҳкамлаш энг долзарб масала ҳисобланади, — деди Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, шайх Абдулазиз Мансур. — Мамлакатимизда асрлар оша ҳукм суриб келаётган диний бағрикенглик ҳамиша жамият тараққиётини белгилаб берувчи муҳим омил бўлган. Бу борада тўпланган ютуқ ва тажрибаларга кўпмиллатли ва кўпконфессияли давлатлар томонидан қизиқиш билдирилмоқда. Бошқа дин вакилларининг қадриятларини эъзозлаш ислом динининг гўзал ахлоқларидандир. Аллоҳ таоло «Моида» сурасида шундай марҳамат қилади: «Эй мўминлар, бирон қавмни ёмон кўришингиз ҳаддингиздан ошишингизга олиб келмасин!».

Қуръони карим ўзидан олдинги муқаддас китоблар — Забур, Таврот, Инжилни тан олишга, аҳли китобларни, яъни, бошқа дин вакилларини ҳурмат қилишга чақиради. Одамларни ўзаро меҳр-муҳаббат, ҳамкорликка чақириб, фитна, нифоқ ва низоларнинг ҳар қандай кўринишини енгиб ўтишга даъват этади.

Мамалакатимизда амалга оширилаётган динлараро бағрикенглик ғояси барча инсонларнинг эзгулик йўлидаги ҳамкорлигини назарда тутади ҳамда тинчлик ва барқарорликнинг муҳим шарти ҳисобланади. Шу боисдан ҳам Ўзбекистонда том маънода диний бағрикенгликнинг юксак анъаналарига амал қилинаётгани жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда.

— 2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг беш устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида мамлакатимизда миллатлараро тотувликни таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилган, — деди Тошкент ислом университети катта ўқитувчиси Саидафзал Саиджалолов. — Халқаро ҳамжамиятда мамлакатимиз нуфузининг ошиши барча фуқароларнинг қонун олдида тенглигини таъминлаш, улар онгида кўп миллатли ягона оила туйғусини мустаҳкамлаш, турли миллат ва элат вакилларининг тили, урф-одатлари ва анъаналарига ҳурмат билан муносабатда бўлиш билан боғлиқ.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Миллатлар­аро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида жамиятимизда миллатлараро ҳамжиҳатлик ва тотувликни мустаҳкамлаш, барча фуқароларга миллати ва диний эътиқодидан қатъи назар, тенг ҳуқуқ ва имконият­лар яратиш давлат сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган. Мазкур Фармон Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган иш­ларнинг мантиқий давоми ҳисобланади ва жамиятда тотувликни таъминлашга, миллий маданий марказлар ва дўстлик жамият­лари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва янада ривожлантиришга, хорижий мамлакатлар билан маданий-маърифий алоқаларни кенгайтиришга хизмат қилади.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида янгидан ташкил этилган Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси фаолияти ҳам жамиятда миллатлараро ҳамжиҳатлик ва бағрикенгликни таъминлашга қаратилган давлат сиёсатини изчил амалга ошириш, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, мамлакатимизнинг тинчликсевар сиё­сатини бундан буён ҳам оғишмай амалга оширишга қаратилади.

— Ўзбекистон Бош Қомусида «Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар қонун олдида тенгдирлар», деб белгилаб қўйилган, — дейди мамлакатимизда фаолият юритаётган рим-католик черкови епископи Еже Мацулевич. — Бағрикенг­лик маданиятини шакл­лантириш ва янада мустаҳкамлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бир­и­дир. ЮНЕСКО Бош конференциясининг 1995 йил 16 ноябрдаги 28-сессиясида қабул қилинган «Бағрикенглик тамо­йиллари тўғрисида»ги Декларацияда «Бағрикенглик бўлмаса, тинчлик бўлмайди, тинчликсиз эса тараққиёт ва демократия бўлмайди», деб таъкидла­нади ҳамда ер юзи аҳли ­тинчлик ва осойишталикни ­сақлашга даъват этилади. Бу бежиз эмас. Ўзбекистонда турли дин вакилларининг ҳеч қандай тўсиқларсиз ўз динларига эътиқод қилишлари учун барча шароитлар яратилган. Бу эса ўзига хос миллатлараро ҳамжиҳатлик ва диний бағрикенгликни ривожлантиришга хизмат қилади.

— Дунёдаги барча динлар эзгулик ғояларига асосланади. Улар одамларни тўғрилик, софлик, шафқат ва бағрикенг­ликка ундайди, бировга озор бермасликка, ёмон ишлардан тийилишга даъват этади, — дейди Тошкент руҳоний семинария проректори, протоиерей Сергей Стаценко. — Бугун инсоният олдида кўндаланг бўлиб турган экологик ҳалокатлар, террорчилик ва диний экстремизм сингари тасаввур қилиб бўлмайдиган бало ва офатлар ер юзи аҳлини бирлашишга ва ҳамкорлик қилишга ундамоқда. Эзгулик, дўстлик ва биродарлик, меҳр-шафқатгина инсониятни ҳалокатдан, фожиалардан асраб қолади.

Жамият барқарор ривожланиши ва унда тинч-тотув ҳаёт таъминланиши учун нафа­қат чегаралар дахл­сизлиги, балки мамлакат ичида­­ги этник можароларга йўл қўймаслик муҳим ҳисобланади. Бир ҳудудда яшаб турган бошқа халқларнинг урф-одатларини, анъаналарини ҳурмат қилиш, толерантлик тамойилларига амал қилиш жамиятнинг ривожи учун асос бўлиб хизмат қилади.

Тадбир доирасида мустақиллик йилларида турли наш­риётлар томонидан чоп этилган диний мавзудаги адабиётлар кўргазмаси ташкил этилди.

 

Нуруллоҳ ДОСТОН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.