06.06.2017

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ҚАРОРИГА ШАРҲ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига

ШАРҲ

Мамлакатимизда мустақиллик йилларида аҳолининг, айниқса, ёш авлод­нинг жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан мунтазам шуғулланиши учун замон талабларига мос шарт-шароитлар яратилди, спорт мусобақа­лари орқа­ли ёшларда ўз иродаси, кучи ва имкониятларига бўлган ишончни мустаҳ­кам­­лаш, мардлик ва ватанпарварлик, она Ватанга садоқат туйғуларини камол топтириш, улар орасидан иқтидорли спортчиларни саралаб олиш ва мақсадли тайёрлаш ишларини тизимли ташкил этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Юртимизда ўқувчи ва талаба-ёшлар ўртасида тобора оммалашиб бораёт­ган, таълим муассасаларида таҳсил олаётган навқирон ўғил-қизларимиз учун чина­кам чиниқиш ва маҳорат мактабига, катта ҳаёт йўлига парвоз майдонча­сига айланиб улгурган «Умид ниҳоллари», «Баркамол авлод», Универсиада спорт мусобақаларини ўзида мужассамлаган уч босқичдан иборат яхлит тизим яратилди. Мазкур тизим орқали бугунги кунда нуфузли халқаро майдонларда Ватанимиз байроғини баланд кўтариб келаётган машҳур спортчилар етишиб чиқмоқда. Энг муҳими, ушбу мусобақалар ёшларимизни оммавий тарзда спортга, соғлом турмуш тарзига ошно қилиш воситасига айланди.

Фақат сўнгги беш йил ичида республикамизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, шунингдек, унинг моддий-техник базасини мустаҳ­кам­лаш учун бюджетдан 1 триллион 230 миллиард сўм маблағ ажратилди.

Шу билан бирга, бугунги кунда аҳолининг барча қатламларини жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан қамраб олиш, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида жисмоний тарбия ва оммавий спортнинг инсон ва оила ҳаётидаги муҳим аҳамияти, унинг жисмоний ва маънавий соғломлик ҳамда етукликнинг асосий шартларидан бири эканлигини фаол тарғиб этиш, ёшларга ўз қобилият ва истеъдодларини рўёбга чиқаришлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш, улар орасидан спорт соҳасида алоҳида иқтидор эгаларини саралаб олиш ва мақсадли тайёрлаш тизимини такомиллаштириш каби масалалар тизимли асосдаги ечимини кутмоқда. Қатор спорт муассасаларининг моддий-техник базаси замон талабларига жавоб бермайди, спорт иншоотларидан самарали фойдаланиш даражаси пастлигича қолмоқда.

Мазкур соҳада тўпланиб қолган муаммоларни ҳал этиш мақсадида Ўзбе­кис­тон Республикаси Президентининг «Жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Ушбу қарор билан Ўзбекистон Республикаси­да жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш дастури тасдиқланиб, унга мувофиқ кенг кўламли, аниқ мақсадли ишлар амалга оширилиши кўзда тутилган. Жумладан, дастурга мувофиқ:

жисмоний тарбия ва спорт соҳасини ташкил этиш ва бошқариш тизи­ми­ни ривожлантиришга йўналтирилган қонунчиликни янада такомиллаштириш;

жисмоний тарбия ва спорт соҳасининг моддий-техник базасини мустаҳ­кам­лаш, замонавий спорт комплексларини қуриш, уларни замонавий спорт ускуналари ва анжомлари билан ­жиҳозлаш, мазкур соҳада хусусий секторни ривожлантириш;

жисмоний тарбия ва спорт соҳасида кадрлар тайёрлаш, уларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш муассасаларини илмий-услубий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, спорт мактабларини юқори малакали мураббийлар ва тиббиёт ходимлари билан таъминлаш;

таълим муассасалари ўқувчи ва талабалари, аҳолининг кенг қатламлари ўртасида соғломлаштириш, жисмоний тарбия, оммавий спорт ишларини ташкил этиш, комплекс спорт мусобақаларини ўтказиш, ёшлар орасидан иқтидорли спортчиларни саралаб олиш ва уларни мақсадли тайёрлаш каби йўналишларда комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилган.

Дастур ижроси доирасида спорт турлари бўйича Республика олий спорт маҳорати мактаблари ва болалар-ўсмирлар спорт мактабларининг штатлар жадвалига «Спортчи» лавозими жорий этилиши Ўзбекистон миллий терма жамоалари аъзоларини моддий қўллаб-қувватлаш тизимини янада мустаҳкам­лаш­га йўналтирилган муҳим қадам вазифасини ўтайди.

Дастурда, шунингдек, барча таълим муассасалари спорт иншоотларида дарсдан сўнг ўқувчи ва талабалар учун спорт тўгараклари ҳамда спорт клублари фаолиятини тизимли ташкил этиш ва бошқаришни йўлга қўйиш мақсадида спорт турларига ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабларида ҳамда болалар-ўсмирлар спорт мактабларида «Спорт тўгараги ва селекция бўйича тренер» лавозимини киритиш белгиланган. Мазкур лавозимни жорий этиш орқали таълим муассасаларида ташкил этиладиган спорт тўгараклари билан қўшимча равишда минглаб ўқувчи ва талабаларни қамраб олишга эришилади ва уларга спорт билан мунтазам равишда шуғулланиш­ларига қулай имкониятлар яратилади.

Бундан ташқари, дастурда жисмоний тарбия ва спортга ихтисослашган таълим муассасалари ва спорт клублари фаолиятини олимпия, миллий ва бошқа спорт турлари кесимида рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш белгилангани уларнинг фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитасининг «Жисмоний тарбия ва спорт аълочиси» кўкрак нишонининг таъсис этилиши эса соҳа фидойилари меҳнатини янада муносиб рағбатлантиришга хизмат қилади.

Дастурга кўра, ўқувчи ва талаба-ёшлар ўртасида ўтказиладиган уч босқичдан иборат «Умид ниҳоллари», «Баркамол авлод» ва Универсиада спорт ўйинлари дастурларини спортнинг оммавий турлари ҳисобига кенгайтириш, нуфузини ошириш ва мусобақа ғолибларини муносиб рағбатлантириш тизимини тубдан такомиллаштириш назарда тутилган.

Ёшлар орасидан иқтидорли спортчиларни саралаб олиш, уларни мақсадли тайёрлаш ишларини тизимли равишда ташкил этиш ва назорат қилиш бўйича Республика ва ҳудудий кенгашлар фаолиятининг ташкил этилиши, жисмоний тарбия ва спортга ихтисослашган таълим муассасалари ва спорт клубларига иқтидорли спортчиларни саралаб олиш ва қабул қилиш жараёнида шаффофлик ва холисликни таъминлаш чораларининг амалга оширилиши пировардида халқаро мусобақаларда спортчиларимиз ютуқлари салмоғини оширишга хизмат қилиши шубҳасиздир.

Қарорда ўз ечимини топган муҳим масалалардан яна бири –ҳудудий кўп тармоқли тиббиёт марказларида спорт тиббиёти бўлимларининг ташкил этилиши ва уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш белгилаб қўйилганидир.

Дастур доирасида режалаштирилган чора-тадбирларни амалга ошириш учун, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва ом­ма­вий спортни янада ривожлантириш мақсадида жами 995,2 миллиард сўм­­дан зиёд маблағ сарфланиши назарда тутилган бўлиб, шундан 706,2 миллиард сўмдан ортиқ қисми ушбу йилларда жами 167 та спорт иншооти, жумладан, 90 та спорт мажмуаси ва 77 та сузиш ҳавзасини қуриш, реконструк­ция қилиш ва капитал таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш ва қайта жиҳозлашга йўналтирилади.

Қарор ва дастур доирасида белгиланган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши жисмоний тарбия ва оммавий спортнинг жамиятимиз ҳаётидаги ролини янада кучайтириш, аҳолининг барча қатламлари орасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, ёшларга ўз қобилият ва истеъдодларини рўёбга чиқаришлари учун барча шарт-шароитларни яратиш орқали уларни оммавий тарзда спортга, соғлом турмуш тарзига ошно қилиш, қолаверса, нуфузли халқаро майдонларда Ватанимиз байроғини баланд кўтариб келаётган машҳур спортчиларимиз сафларини тобора кенгайтиришга хизмат қилади.



DB query error.
Please try later.