03.06.2017

БИЛИМЛИ, ТАШАББУСКОР ВА ТАШКИЛОТЧИ

ёшлар танлови ғолиблари аниқланди

Партиямизнинг ёш аъзолари, фаоллари, хайрихоҳлари «Камолот» ЁИҲ Марказий Кенгаши биносида «Ёш сиёсатчи — 2017» Тошкент шаҳар бос­қичи бошланишини кутишмоқда. Айниқса, ғолиб бўлишни ният қилган 12 нафар иштирокчининг ҳаяжони чексиз.

Суҳбатлашганимизда, ёшларнинг аксарияти ўз бизнесини ташкил этиш, янги иш ўринлари яратиш ния­тида экани, янги лойи­ҳалар устида ишлаётгани ҳақида гапирди. Олмазор тумани шарафини ҳимоя қилаётган Бекзод Мустафоев шундай дейди:

— Ўзбекистон Миллий университетида магистратура бос­қичида ўқияпман. 13 ёшимда бахтсиз воқеа сабаб кўзим кўрмай қолди. Албатта, бошида тушкунликка тушдим. Вақт ўтган сари олдинга интилиш кераклигини англадим. Ўқидим, ҳунар ўргандим.

Ўзимга ўхшаган имконияти чекланган инсонларнинг турмуш шароитини яхшилаш ва жамиятдаги фаоллигини ошириш учун нима қилсам экан, деган ўй менга тинч­лик бермай келади. Бизга ким, қандай ёрдам бера ­олишини ўргана бошладим. ЎзХДПнинг ғоялари менинг режаларимга ҳамоҳанг экан. Шу партияга аъзо бўлдим. ­­«Ёш сиёсатчи — 2017» кўрик-танловининг туман босқичида ғолиб бўлиб, Тошкент шаҳар босқичига ўтдим.

Бугун учинчи шартда тақдим этмоқчи бўлган лойиҳам кўзи ожиз ва заиф кўрувчиларни ­инклюзив касб-ҳунарга йўналтиришга бағишланган. Бу лойиҳа амалга ошса ишсиз, имконияти чекланган кишилар ҳунарли бўлади, ҳаётда ўз ўрнини топади.

 Олмазор туман партия кенгаши раиси Камолиддин Акрамовнинг ҳаяжони Бекзодникидан кам эмаслигига суҳбат мобайнида амин бўлдик.

 Одатдагидек иш кунларининг бирида телефоним жиринг­лади, — дейди у. — Бир йигит салом-аликдан сўнг партиямизга аъзо бўлмоқчилигини, дастуримиз билан танишиб чиққанини айтди. Сафимизга қабул қилдик. Натижасини кўриб турибсиз. Бир йил бўлмасдан кўрик-танловнинг туман босқичидан ўтиб, шаҳар босқичига етиб келди. Ишонаманки, у бугун фахрли ўринлардан бирини эгаллайди.

Танлов давомида иштирокчилар уч шарт асосида беллашишди. Ўз имкониятлари, билим даражаларини синовдан ўтказишди. Партия­мизнинг Сайлов­олди дастури, сиё­сий пар­тия­лар фаолияти, Олий Мажлис палаталари, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, қабул қилинаётган қонунлар ва Ҳаракатлар стратегияси ­мазмун-моҳия­тига оид саволларга иштирокчилар дадил жавоб қайтаришди.

Кўрик-танловнинг иккинчи — нотиқлик маҳорати шартида ­шайхонтоҳурлик иштирокчи ­Кенжаполвон Абдуназаров «Мен депутат бўлсам...» мавзусини маҳорат билан очиб берди. У тумандаги муаммолар ва уларга ечим топиш масалаларида ўз таклиф-мулоҳазаларини айтиб ўтди. Бу чиқиш ҳакамлар ҳайъати томонидан юқори баҳоланди.

Учинчи шартда ҳудудларни иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли турмуш ша­роитини янада яхшилашга қаратилган қатор лойиҳалар намойиш этилди.

— «Истиқбол» ёшлар қаноти таркибида битирувчиларни ишга жойлаштиришга кўмаклашувчи гуруҳ ­тузиш масаласи илгари ­сурилган лойиҳани тақдим этдим, — дейди Тошкент фармацевтика институти қошидаги академик-лицей ўқувчиси Хонзода Холматова. — Лойиҳа доирасида Сергели тумани коллеж ва ташкилотлари қамраб олинган. Бир ойлик тажриба натижасига кўра, 15 нафар битирувчи ишга жойлашиш арафасида.

— Тўғриси, танловни кузатиб, партиямиз сафида салоҳиятли ёшлар кўплигидан хурсанд бўлдим, — дейди ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси ­Ҳайдар Бобохонов. — Уларнинг ҳар бири ўз маҳорати, билимини намоён қила олди. Келажакда улардан яхши мутахассислар етишиб чиқишига ишонаман.

Ҳакамлар ҳайъатининг якуний хулосаси эълон қилинди. Унга кўра, Мирзо Улуғбек туманидан Элдор Воҳидов биринчи, ­Олмазор туманидан Бекзод Мустафоев иккинчи, «Ёшлик» талабалар шаҳарчасидан Санъатбек Музаффаров учинчи ўринни эгаллади.

Қатор номинациялар бўйича ҳам совриндорлар аниқланди.

 

Махлиё АЛИҚУЛОВА



DB query error.
Please try later.