03.06.2017

АБИТУРИЕНТЛАРДАН ҲУЖЖАТ ҚАБУЛ ҚИЛИШ 15 ИЮНДАН БОШЛАНАДИ

Айни кунларда мамлакатимизда навбатдаги ўқув йили ниҳоясига етиб, академик лицей, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари, умуман, талаба бўлишни дилига туккан ёшлар учун ҳаяжонли дамлар бошланди. Жорий йилда олий ўқув юрт­ларига қабул ва тест синовларига оид масалалар ҳар бир йигит-қизни қизиқтириши табиийдир. Мухбиримиз Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази бўлим мудири Орзиқул Бобоевга айрим саволлар билан мурожаат қилди.

— Абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилиш қачондан бошланади ва бу йил қабул жараёнида қандай янгиликлар бор?

— Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларининг бакалавриатига талабаларни қабул қилишда тест синовларини ўтказиш тартиби тўғрисида Низомга охирги киритилган ўзгаришларга кўра, жорий йилдан бошлаб олий таълим муассасаларида абитуриентларнинг ҳужжатини қабул қилиш илгаригидек 20 июндан 20 июлгача эмас, балки 15 июндан 15 июлгача давом этади. Бунинг асосий сабабларидан бири олий таълим муассасаларига ҳужжат топшираётган абитуриентлар сонининг йилдан-йилга кўпайиб бораётганлиги бўлса, иккинчидан, тест материалларини сифатли тайёрлаш ва етказиш вазифаси бор. Тест синовлари ўтказиладиган кун эса ўзгармаган, доимгидек 1 август куни бўлади.

— Абитуриентларга берилаётган имтиёзларга ҳам тўхталсангиз?

— Маълумки, олий таълим ­муассасаларига кирувчилар учун бир неча турдаги имтиёзлар тизими мавжуд. Президентнинг 2012 йил 31 май куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларга имтиёзлар тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарори шулар жумласидандир. Мазкур қарорга кўра, муддатли ҳарбий хизматни ўтаб тегишли тавсияномага эга бўлган фуқароларимиз учун олий таълим муассасаларига ўқишга киришда тест синови жараёнида тўплаган баллига қўшимча тарзда максимал тўплаш мумкин бўлган баллнинг 27 фоизи миқдорида имтиёзли балл қўшиб берилар эди. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 4 апрелдаги қарори билан яна бир ўзгартириш киритилди. Эндиликда муддатли ҳарбий хизматни ўтаб тегишли тавсия­номага эга бўлган абитуриентларга республиканинг барча олий таълим муассасалари бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга киришда тест синовлари натижалари бўйича тўплаган баллининг 50 фоизи миқдорида қўшимча балл шаклидаги имтиёз берилади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 25 апрель «Навоий вилоятининг олис чўл туманлари аҳолиси турмуш даражасини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» қарорига мувофиқ, Давлат қабул комиссия­сига 2017-2018 ўқув йилидан бошлаб Навоий, Бухоро ва Самарқанд вилоятларидаги олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда тест синовлари натижалари бўйича 68 ва ундан юқори баллга эга бўлган, Навоий вилоятининг олис чўл туманларида камида уч йилдан буён истиқомат қилаётган абитуриентларни кейинчалик мутахассислиги бўйича ушбу ҳудудлардаги бюджет ташкилотларида тегишли вилоят ҳокимлиги ва олий таълим муассасаси ўртасида тузиладиган шарт­нома асосида камида тўрт йил ишлаб бериш шарти билан қўшимча грант асосида имтиёзли қабул қилиш ҳуқуқи берилди. Қарорда олис чўл туманлари сифатида Конимех, Учқудуқ, Томди туманлари келтирилган ва уларга таълимдан ташқари яна ижтимоий, иқтисодий соҳаларда кўпгина имтиёзлар жорий этилди.

— Давлат тест марказида тест жараёнларини ўтказишга қандай тайёргарлик кўрилмоқда?

— Бу борада ҳар йили бўлгани каби аниқ режа асосида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.

Жорий йилда амалдаги Низомга мувофиқ олий таълим муассасалари қабул комиссиялари томонидан бино ва аудиториялар, тест синовларига қатнашадиган абитуриентлар учун ўринлар ўтган йилдаги сонига йигирма фоиз қўшган ҳолда тайёрланади. Шу мақсадда республика бўйича 795,0 мингта ўрин ҳозирланмоқда.

Тест синови ўтказиладиган бино ва аудиторияларнинг Давлат тест марказига тақдим қилинган дастлабки режа-чизмалари жойларда ҳозирланди.

Республика бўйича 17 апрелдан 30 майга қадар Давлат тест маркази вакиллари учун амалий семинар машғулотлари ўтказилди.

— 2017-2018 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига тўлов-контракт пулининг оширилган ставкаси бўйича қўшимча қабулни амалга ошириш жорий этилмоқда. Бу қай тартибда, нималарга эътибор қаратилган ҳолда амалга оширилади?

— Алоҳида таъкидлаш керакки, юртимиздаги олий таълим ­муассасаларида очилаётган янги таълим йўналишлари ёки таълим муассасаларининг баъзи вилоятларда ташкил этилаётган филиаллари, яратилаётган бошқа имтиёзлар ёшларимиз учун катта имкониятдир. Президентимиз томонидан шу йил 5 май куни қабул қилинган «2017-2018 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисида»ги қарорни барча мамнуният билан қарши олди. Унинг 5-бандида жорий ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига тўлов-контракт пулининг оширилган ставкаси бўйича қўшимча қабул қилиш татбиқ этилади ва уни амалга ошириш Давлат комиссияси зиммасига юклатилган.

Бироқ шуни ҳам эслатиш жоизки, бундай шаклдаги қабул учун квота белгилашда аввало таълим муассасаларининг мавжуд имко­ниятлари ҳисобга олинади.

Қолаверса, тўлов-контракт пулининг оширилган ставкаси бўйича қўшимча қабул қилиш ўтиш баллидан паст балл тўплаган, аммо балли 68 баллдан кам бўлмаган абитуриентлар учун уларнинг оширилган контракт пулини тўлаш истагидан келиб чиққан ва кетма-кетлик тартиби сақланган ҳолда амалга оширилади.

Йўналишлар кесимида оширилган тўлов-контракт миқдори Давлат комиссияси томонидан белгиланади.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ

суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.