01.06.2017

ЎЗБЕКИСТОН УНИВЕРСИТЕТЛАРИ НЕЧА ЁШДА?

Бир неча йил муқаддам хизмат сафари билан хорижда бўлганимда, Европадаги қадимий университетларнинг таниқли олимлари билан учрашган эдим. Ўзаро мулоқотларда Париж (Сорбонна), Кембриж, Болонья университетларининг жаҳон тан олган алломалари ўзлари фаолият кўрсатаётган олий ўқув юртлари ХII-ХIII асрларда ташкил этилганини фахр-ифтихор билан айтган эди. Мазкур университетларнинг олимлари асрлар давомида эришган ютуқлари ва илмий кашфиётлари ҳақида эшитиб, табиийки, ҳайратланганман.

Ўзбекистонга қайтар эканман, ҳар гал Беруний, Форобий, Фарғоний, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи, Алишер Навоийларни камолга етказган илм даргоҳлари ҳақида ўйлаб қоламан. Ахир биз номларини келтириб ўтган ўнлаб, яна юзлаб дунё тан олган алломаларимиз илмий маълумотларни олий таълим муассасаси мақомида бўлган мадрасаларда олган эди-ку! Тарихнинг ёритилмаган саҳифаларини ёритиш, энг муҳими, ўз-ўзини англаш, ўтмишни холисона баҳолаш фурсати келмадимикан?

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, мустақиллик йилларида олий таълим тарихини билишга, уларни тад­қиқ этишга бўлган қизиқиш кучайди. Ҳаққоний руҳдаги мақолалар, илмий изланишлар матбуотда эълон қилинмоқда. Яқинда Нажмиддин Абу Ҳафс Аҳмад Насафийнинг «Матлаъ ан-нужум ва мажмаъ ал-улум» («Юлдузларнинг чиқиши ва фанлар мажмуаси») асари ҳақидаги маълумотни ўқиб қолдим. Асар муаллифи ХI-ХII асрларда яшаб ижод этган насафлик аллома бўлиб, кейинчалик Самарқандга келиб, қорахонийлар ҳукмронлиги даврида барпо этилган Иброҳим Табғачхон мадрасасида мударрислик қилган ва ўзининг юқоридаги асари асосида талабаларга дарс ўтган. Бир ўринда олим-мударрис ўз устозлари ҳақида маълумот берар экан, Абу Али Ҳусайн ал-Ҳақоний номини тилга олади ва у Самарқанддаги «Амир» гузарида жойлашган илк мадрасанинг мударриси эканини ёзади. Бу маълумотдан кўринадики, шу пайтгача илк мадраса номини олган Иброҳим Табғачхон мадрасасидан ҳам олдин Работи Ғозиён мадрасаси фаолият кўрстатган.

2000-2004 йилларда Самарқанд давлат университети (СамДУ) олимлари томонидан Ўзбекистонда олий таълим тарихига оид бир қатор мақолалар ва рисолалар чоп этилди. Уларнинг энг эътиборлиси академик, «Буюк хизматлари учун» ордени соҳиби Ботурхон Валихўжаевнинг тадқиқотларидир. Ушбу муҳим мавзу 2003 йили СамДУда ўтказилган олий ўқув юртлари ректорлари кенгашининг сайёр йиғилишида ҳам ўртага ташланган эди.

Академик Ботурхон Валихўжаев ўзининг 2001 йили нашр этилган «Самарқандда олий таълим мадрасайи олия — университет тарихидан лавҳалар» номли илмий-оммабоп рисоласида IХ-Х асрларда Самарқанд­да 17 мадраса фаолият кўрсатганини, шулардан бири Работи Ғозиён эканини, у энг қадимий мадрасалигини айтиб ўтади.

«Матлаъ ан-нужум ва мажмаъ ал-улум» китобини нашрга тайёрлаган олим Саид Акбар Муҳаммадаминов асарда тилга олинган илмлар ва ўрганилиши лозим бўлган маълумотларга ҳам тўхталган эди. Асар муаллифи мадрасада ўрганилган илмларни 23 катта соҳага бўлиб чиқади. Ҳар бир соҳа яна бир неча фаслга ажратилган. Табиийки, ўрганилган илмларнинг асосини, инсонни руҳий ва ахлоқий жиҳатдан комилликка бошловчи диний илмлар ташкил этган. Шу боис муаллиф асосий эътиборни диний илмлар тарғиботига қаратади. Астрономия, астрология, математика, тиббиёт, зоология каби дунёвий фанлар асарнинг иккинчи қисмида берилган. Гуманитар соҳага дахлдор фанлар сифатида тарих, шеърият, шеърий санъатлар, мақоллар ва сирли илмлар эътироф этилган.

Ботурхон Валихўжаев ўз рисоласида Аҳмад Насафий асарида келтирилган дунёвий илмларнинг ўрганилишини Самарқандда IX-Х асрларда фаолият олиб борган 25 мадраса мисолида илмий асослаб беради. Айниқса, Мирзо Улуғбек мадрасайи олиясида Аҳмад Насафий таъкидлаган илмлар билан бир қаторда, фалсафа, мантиқ, ҳандаса, география, алжабр каби фанларнинг атрофлича ўрганилганини алоҳида таъкидлайди. Бундан чиқадики, ХII-ХIII асрлардан бошлаб фаолият олиб бораётган Европа университетларидан 2-3 аср олдин, аниқроғи, IХ асрда олий илм даргоҳи ўзимизда, Самарқандда ташкил этилган. Бу халқимизнинг ҳақли равишда фахрланишига асос бўлади.

Ўз сарҳисобини IX-XII асрларда бошлаган мадрасайи олиялар тарихимизнинг турли даврларида равнақ топган, хурофот ва бошқа зулмат кучлари таъсирида турғунликка юз тутган.

Европанинг қадимги университетлари тарихи ҳам шунга ўхшаш даврларни ўз бошидан кечирган, албатта. Масалан, Буюк Британиядаги дунёга таниқли Оксфорд университети фаолияти 1117 йилдан бошлаган, деб ҳисобланади.

Саламонка (Испания) университети ташкил этилиш тарихи 1218 йил деб белгиланган. Қирол Альфонс IX нинг фармони билан «Studium Generale» деб номланган умумтаълим мактаби ташкил этилган. У асосан муқаддас ёзув ва шариат ҳуқуқини ўргатишга ихтисослашган. Қирол Альфонс X ҳукмронлигида ушбу умумтаълим мактаб мақоми ўзгартирилиб, университет (мадрасайи олия) деб номлана бошланган.

Мисрдаги, араб дунёсидаги энг йирик Аль-Азҳар университети 988 йили ташкил топган, деб қайд этилади. У ердаги таълим дастлаб масжид ҳовлисида исломнинг шиъа йўналишидан таълим берувчи мактаб бўлган. Ўз тарихида ислоҳотларни бошидан кечирган ушбу университет кейинчалик сунна таълимининг йирик мактабига айланган. XIX асрнинг охирларидан эса ушбу олий таълим муассасаси ҳозирги университет мақомига эга бўла бошлаган.

Дунёдаги энг машҳур Гарвард университетига 1636 йили бадавлат ҳомий Жон Гарвард томонидан асос солинган ва у ўз фаолиятини дин арбобларини ўқитишдан бошлаган. XVIII аср мобайнида унинг фан дастурлари аста-секинлик билан дунёвийлашиб борган ва XIX аср­нинг охирига келиб АҚШнинг асосий илмий-маънавий марказига айланган.

Юқоридагиларга ўхшаш таҳлилий мулоҳазаларни Италиядаги Болонья (1088 йил), Марокашдаги Аль-Карауин (859 йил), Франциядаги Сорбонна (1180 йил) ва бошқа бир қатор университетлар ҳақида ҳам айтсак бўлади.

Маълумки, ўтмишимизда учта буюк Уйғониш (Ренессанс) даври бўлганини жаҳон тан олган. Биринчи уйғониш қадим Туркистонда илк бор IХ-ХI асрларда юз берди. Бу давр бизга Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Хоразмий, Форобий ва бошқа алломаларни берди. Бу олимларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли фалсафа, тарих, адабиёт, риёзиёт, фалакиёт, ҳандаса, мантиқ, жуғрофия, тиббиёт фанлари ривожланиб, инсоният учун энг зарур илмий масалалар ечимига беҳисоб ҳисса қўшилди. Иккинчи уйғониш даври соҳибқирон Амир Темур ва темурийлар даврида юз берди. Бу даврда илм-фан, маданият ва маърифат ривожланиб, Самар­қанд ер юзининг сайқалига айланди. Буюк мунажжим Мирзо Улуғбек, ке­йинчалик Шайбонийхон даврига келиб, юқорида номлари саналган илм­лар олий ва ўрта тоифадаги мадрасаларда яна равнақ топди.

Биринчи уйғониш даври билан иккинчи уйғониш даври ўртасида бир ярим асрлик оралиқ бўлса, иккинчи уйғониш даври билан учинчи уйғониш даври оралиғи тўрт аср давом этди. Туркистонда учинчи уй­ғониш даври ХIХ асрнинг охири ХХ асрнинг бошларида рўй берди. Ҳар бир уй­ғониш даври илм-маърифат равнақига ҳисса қўшар экан, илмлар доираси янада кенгайиб, такомиллашиб борди. Қатор илмларнинг тамал тошини қўйган аждодларимизнинг яратган илм соҳалари ҳозир ҳам замонавий шаклда хорижий давлатларда ҳам, ўзимизда фао­лият олиб бораётган университетларда ҳам ўрганилмоқда ва ўқув дас­турларига киритилмоқда.

Ўрта асрларда олимларнинг илмий рутбаси аллома, мутафаккир, донишманд каби сифатлар билан тилга олинган бўлса, бугун бу илмий мартаба академик, фан доктори, профессор каби номлар билан аталиб келинмоқда.

Мадрасаларимиз тарихидаги бундай нурли саҳифалар ХVI асргача давом этди. Темурийлар салтанатининг инқирози мадрасалар ҳаётига ҳам салбий таъсир кўрсата бошлади.

Ана шу инқироз туфайли 1920 йили Самарқандда ўз фаолиятини тўхтатган энг сўнгги илм даргоҳи — бу Мирзо Улуғбек ва Шердор мадрасалари бўлди. Орадан 7 йил ўтгач, 1927 йили ҳозирги Самарқанд давлат университети ташкил этилди. Дастлаб педагог-кадрлар тайёрлайдиган олий ўқув юрти 1929-1930 йилларда педакадемияга айлантирилди. Шундан буён университет 90 йил давомида тарихий йўлни босиб ўтди. Халқимизнинг интеллектуал салоҳиятини белгилайдиган маърифат ўчоғи, мамлакатимизнинг кадрларга бўлган талабини қондириб келган таълим муассасаси сифатида фаолият олиб борди.

Маърифатпарвар олим ва жамоат арбоби Абдурауф Фитрат ўзининг «Раҳбари нажот» асарида юртимизнинг бой тарихига баҳо бериб: «Бир вақтлар бу мамлакатимиз маданият қуёшининг чиқиш жойи, маърифат дунёсининг манбаи сифатида танилган эди», — деб ёзган эди.

Олий таълим муассасаларимиз тарихини, буюк алломаларимиз таҳсил олган ва улар томонидан асос солинган даврларга боғлаш масаласини кўриб чиқадиган вақт етиб келди, деб ўйлайман. Бу ишимиз тарихий адолатни тиклаш баробарида, олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган иқтидорли ёшларимизни ватанпарварлик, илмпарварлик руҳида тарбиялашга, улар қалбида миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини янада кучайтиришга хизмат қилади.

 

Рустам ХОЛМУРОДОВ,

Самарқанд давлат университети ректори, техника фанлари доктори, профессор.



DB query error.
Please try later.