01.06.2017

ИНСОН ҲАЁТИ АЗИЗ

Тошкент давлат юридик университети қошидаги академик лицейда ЎзХДП Сергели туман кенгаши ташаббуси билан туман ҳокимлиги ҳамда Халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш туман бўлими ҳамкорлигида тарғибот тадбири ўтказилди. Ўқитувчилар ва ўқувчилар, маҳалла маслаҳатчилари иштирок этган ушбу тадбирда мамлакатимизда одам савдосига қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида сўз борди.

— Одам савдоси шахснинг озодлиги, шаъни, қадр-қимматига қарши қаратилган жиноятдир, — дейди ЎзХДП Сергели туман кенгаши раиси Мирзоҳид Хидиров. — У инсонни ҳаёти, эркинлиги ва ҳуқуқларидан маҳрум қилади, ўзгаларнинг қўлида қул бўлишга мажбур этади. БМТ маълумотларига кўра, ҳар йили 3 миллиондан ортиқ киши одам савдосининг қурбонига айланмоқда, энг ачинарлиси, уларнинг аксарияти аёллар ва болалардир.

— Ёшлар ўртасида ижтимоий тармоқ орқали мулоқот қилиш бугун урфга айланди. Ҳамманинг қўлида телефон бўлгани учун ҳам ижтимоий тармоқларга беихтиёр кирамиз, — дейди 301-мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Фарҳод Жўраев. — Албатта, виртуал оқим ёшларни ўз домига тортиши табиий. Айниқса, ижтимоий тармоқларда биз танимаган, билмаган кишилар дўст бўлишни таклиф қилишса, аксарият ҳолларда ўйлаб ҳам ўтирмай, ушбу сўровни қабул қиламиз. Бу дўстлик бир кун келиб, бизни одам савдоси домига тортиши мумкин. Демак, бу каби ҳолатларнинг олдини олиш учун тарғибот тадбирларини кўпроқ ўтказишимиз, уларга ёшларни, кенг жамоатчиликни жалб қилишимиз лозим.

Тадбирда одам савдосининг салбий оқибатлари ва унинг домига тушган инсонлар ҳаётига доир видеоролик намо­йиш этилди.

 

Шаҳбоз САИДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.