30.05.2017

ХАЙР ЖИЗЗАХ, ҚАШҚАДАРЁДА УЧРАШГУНЧА!

Жиззахда «Баркамол авлод — 2017» спорт ўйинлари якунига етди. Унда спортнинг 17 тури бўйича 900 нафарга яқин иштирокчи 193 олтин, 193 кумуш ва 214 бронза медали учун баҳс олиб борди.

Бадиий гимнастика бўйича ўтказилган мусобақаларда умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни Самарқанд, иккинчи ва учинчи ўринларни Тошкент шаҳри ҳамда Бухоро вилояти жамоалари эгаллади.

Сузиш баҳсларида биринчи ўрин Тошкент шаҳри, иккинчи ўрин Андижон, учинчи ўрин Қашқадарё вилояти спортчиларига насиб этди.

Бокс бўйича мусобақаларда Тошкент шаҳри жамоаси ғолиб бўлди. Андижон вилояти боксчилари иккинчи, Бухоро вилояти жамоаси учинчи поғонадан жой олди.

Таэквандонинг WTF тури баҳс­ларида умумжамоа ҳисобида Жиззах вилояти вакиллари биринчи, сурхондарёликлар иккинчи, Фар­ғона вилояти жамоаси учинчи ўринни банд этди.

Тошкент шаҳри спортчилари умумжамоа ҳисобида 248 очко тўплаб, мусобақа ғолиблигини қўлга киритди. Пойтахтлик спортчиларга бош мукофот — Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Баркамол авлод — 2017» спорт ўйинлари қатнашчиларига табригининг асл нусхаси ва Президент сов­ғаси — «Damas» автомобили топширилди.

«Баркамол авлод — 2017» спорт ўйинларида 188 очко тўплаган Андижон вилояти жамоаси иккинчи, 180 очко тўплаган Самарқанд вилояти жамоа­си учинчи ўринни эгаллаб, диплом, махсус кубок ҳамда Президент совғаси — «Damas» автомобилларига эга бўлишди.

Шунингдек, мусобақаларда алоҳида маҳорат кўрсатган бир гуруҳ спортчилар махсус совринларга сазовор бўлишди.

«Баркамол авлод — 2017» спорт мусобақаларининг тантанали ёпилиш маросими «Сўғдиёна» универсал спорт мажмуасида бўлиб ўтди.

Унда «Баркамол авлод — 2017» спорт ўйинларининг байроғи туширилди. Байроқ Қашқадарё вилояти вакилларига топширилди.

«Баркамол авлод — 2017» ўйинларининг ёпилиш маросими спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари ва санъаткорларнинг катта концерт дастури билан якунланди.

 

Шаҳбоз САИДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.