30.05.2017

АЛПОМИШЛАР ЮРТИДА БЕШ ҚИТЪА АЛПЛАРИ БЕЛЛАШДИ

Термиз шаҳрида кураш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун Ал Ҳаким ат-Термизий хотирасига бағишланган анъанавий халқаро турнир якунланди.

Ҳар икки йилда ўтказиб келинаётган бу турнир жорий йилда ҳар қачонгидан тантанали равишда ўтказилди. Греция, Таиланд, Ироқ, Корея, Ҳиндистон, Бразилия, Боливия, Конго, Камерун, Тайван каби 50 га яқин давлатдан келган 150 нафарга яқин полвон, ҳакам ва меҳмонлар Жайҳун соҳилида жам бўлишди.

— Термизга биринчи марта келишим, — дейди Доминикан Республикасидан келган полвон Исраел Агустин Карабалло Пуелло. — Меҳмондўст халқингиз бизни кўтаринки руҳда кутиб олди. Мусобақага пухта тайёргарлик кўрилганини ҳар қадамда кўрдик, ҳис этдик. Курашнинг келажаги ёрқинлигига ишонаман.

— Бугун кураш нафақат эркаклар, балки аёлларнинг ҳам севимли спорт турларидан бирига айланмоқда, — деди грециялик полвон Эдин Дурахович. — Кучли полвонлар иштирок этаётгани учун турнирга яхши тайёрландим. Термиз гиламларидаги беллашувлар ҳаётимдаги унутилмас воқеалардан бири бўлади. Барча ташкилотчилардан миннатдорман.

 — Кураш жаҳондаги оммавий спорт турлари сафига кириб бормоқда, — дейди кураш халқаро ассоциация­си президенти Ҳайдар Фарман. — Буни қатор нуфузли мусобақа ва жаҳон чемпионатларининг юқори савияда ташкил этилганидан ҳам кўриш мумкин. Турнир олдидан Тошкентда кураш халқаро ассоциациясининг навбатдан ташқари конгресси ташкил қилинди. Қитъавий конфедерациялар президентлари ва 46 давлат федерациялари иштирокида ўтган йиғилишда курашни янада ривожлантириш ва 2028 йилги Олимпия ўйинлари дастурига киритиш масаласи муҳокама қилинди. Келажакда албатта бунга эришамиз, деб ўйлайман.

— Ҳаётимни курашсиз тасаввур қилолмайман, — дейди мусобақа бош ҳаками Ким Эр Жунг. — Ўтган йиллар давомида ўзбекларнинг миллий қадрияти акс этган спорт тури ҳақида талай қўлланмалар яратдим. Бу эса 20 дан ортиқ халқаро мусобақаларда менга қўл келди.

Дарҳақиқат, ўн минг томошабинга мўлжалланган «Алпомиш» стадиони кураш ихлосмандлари билан тўлиб-тошган. Ишқибозларнинг юзида ҳаяжон, қувонч.

Сурхондарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов халқ­аро турнирни кириш сўзи билан очиб, қатнашчи ва томошабинларни қизғин муборакбод этди. Президентимиз раҳнамолигида кураш қитъалар оша тобора ривожланиб бораётганини таъкидлади ва анъанавий турнирни очиқ деб эълон қилди. Ватанимиз мадҳияси янгради. Шундан сўнг Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси раиси Рустам Қурбонов, кураш халқаро ассоциацияси президенти Ҳайдар Фарман ушбу кураш байрами билан барчани табриклаб, иштирокчиларга омад тилади.

Ўн учинчи бор ўтказилаётган турнирнинг ҳар бир вазн тоифасида беллашувлар муросасиз ўтди. 73 килограмм вазнда барча рақиблари устидан соф ғалабага эришган ҳамюртимиз Ҳикматулла Тўраев ғолибликни қўлга киритди. Иккинчи ва учинчи ўринлар ҳам ўзбекистонлик Давлат Абраев, Шербек Облоқулов ва Суҳроб Худойбердиевларга насиб этди.

— Юртингиздаги тинчликка барчанинг ҳаваси келмоқда, — дейди афғонистонлик полвон Муҳаммад Юсуф. — Ҳамма шод, барча хурсанд. Жойларда тўй ва тантаналар бўляпти. Халқаро турнир менда бир олам таассурот қолдирди.

Полвонларнинг ҳар бир беллашуви мухлислар томонидан олқишлаб турилди. Айниқса, 90 килограмм вазн тоифасидаги полвонлар беллашувлари кескин ўтди. Финалда мамлакатимиз вакиллари Яҳё Имомов ва Шуҳрат Арслоновлар рўбарў келди. Унда Яҳё Имомов кичик устунлик билан ғолиб деб топилди. Ҳамюртларимиз Дилшод Чориев ва Камол Расуловлар эса шоҳсупанинг 3-ўрнидан жой олишди.

 Мутлақ вазн тоифасидаги беллашувлар янада қизғин кечди. Ғолиблик учун Ўзбекистон, Россия Федерацияси ва Қозоғистон Республикаси полвонлари кураш олиб борди. Учинчи ўрин Бахтиёр Мелиқулов ва Бекмурод Олтибоевларга насиб этди.

Мусобақанинг финалида ўзбекистонлик Абдулла Холиёров россиялик Артём Осипенко билан рўбару келди. Қизғин кечган баҳсда Абдулла Холиёров устун келди ва Ал Ҳаким ат-Термизий хотирасига бағишлаб ўтказилган турнирнинг мутлақ ғолиби, деб топилди. Ғолиб ва сов­риндорларга қимматбаҳо совғалар, махсус сертификатлар топширилди.

 

Абдумалик ҲАЙДАРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.