30.05.2017

ЧИРОҚЧИНИНГ ПИЛЛАСИ БУ ЙИЛ МЎЛ ВА СИФАТЛИ БЎЛДИ

Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида йилнинг илк ҳосили — пилла терила бошланди.

— Мен узоқ йиллар хўжаликларга раҳбар бўлганман, — дейди «Нуроний» жамғармаси туман бўлими раиси Ҳасан Раҳматов. — Лекин ўша даврларда ипак қурти боқадиганларга эътибор йўқ эди. Бугун мазкур тармоқдаги камчиликларни бартараф этиш учун бир қатор хайр­ли ишлар бошланди. Бундан руҳланган пиллакорларимиз масъулиятни ҳис қилган ҳолда, соҳа ривожи йўлида чин дилдан меҳнат қилишмоқда. Мени ўзим ҳам бу йил оила аъзоларим билан бир қути қурт парвариш қилдим. Насиб этса даромадимиз яхши бўлади.

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, Чироқчининг Уймовут, Қирғиз, Олмазор, Лангар, Тарағай фуқаролар йиғинларига қарашли қишлоқларда тажрибали пиллакорлар томонидан мўл-кўл ҳосил етиштирилган.

Шу йилнинг февраль ойида Қашқадарё вилоятидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган депутатлар Чироқчи туманида бўлиб, одамларнинг дардини эшитиб, ҳудуддаги муаммоларни ўрганиб, ҳақиқий аҳволни халқ депутатлари туман Кенгаши сессиясида муҳокама этган эди.

Ушбу йиғилишда пиллачилик соҳасида ечимини кутаётган масалалар ҳам ўртага ташланганди. Жумладан, тажрибали пиллакорлар меҳнатини муносиб рағбатлантириш, тизимни ислоҳ қилиш, тармоқда банд бўлган одамларни ижтимоий муҳофаза қилиш кабилардир.

— Бугунги одамлар ишига яраша ҳақ олишни, меҳнати қадрланишини истайди, — дейди туман хотин-қизлар қўмитаси раиси — ҳоким ўринбосари, халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси Дурдона Акбарова. —Президентимизнинг «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги қарори соҳа ривожида янги даврни бошлаб берди. Аввало, пиллакорнинг 40 кунлик меҳнати бир йиллик меҳнат стажига тенглаштирилди. Ундан ташқари, пилланинг харид нархи ҳам анча ошди. Биз барча пиллакорларга зарур ашёларни ўз вақтида тарқатиш билан биргаликда уларнинг меҳнатини рағбатлантириш чораларини ҳам кўрдик. Бу йил 2 минг 132 пиллакорга 
Хитойдан келтирилган қурт уруғи тарқатилди. Мана, даст­лабки ҳосил давлат омборига туша бошлади.

— Беш нафар фарзандим бор, — дейди пиллакор Дилдора Жўраева. — Ҳаммаси ипак қурти парваришини яхши ўрганишган. Давлатимиз раҳбарига раҳмат, пиллакорнинг меҳнати муносиб тақдирланадиган бўлди. Ҳақимизни ҳам ўз вақтида беришмоқда. Бу йил бир қути қурт боққандик, режадаги 60 кило ўрнига 85 кило пилла топширдик.

 

Юнус УЗОҚОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.