30.05.2017

МУРОЖААТЛАРНИНГ АКСАРИЯТИ ЖОЙИДА ҲАЛ ЭТИЛДИ

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида халқ билан мулоқотнинг замонавий ва самарали механизми ҳаётга татбиқ этилаётгани одамларни қийнаётган муаммоларни жойида ўрганиш ва ҳал этиш, фуқароларнинг кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида фаол иштирокини таъминлаш, адолатга, давлатга ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

«Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастури доирасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг халқ билан бевосита мулоқоти турли муаммоларнинг жойида ечимини топишда юксак самаралар бермоқда. Буни Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати вакиллари Андижон вилоятида ўтказган сайёр қабуллар мисолида ҳам кўриш мумкин.

Избоскан, Жалақудуқ, Бўз ва Булоқбоши туманларида ўтказилган сайёр қабулларда қатор соҳалар бўйича вазир ўринбосарлари, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, вилоят бошқарма ва ташкилотлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари раҳбарлари, туманлар ҳокимлари, давлат ва жамоат ташкилотлари мутасаддилари иштирок этди.

Қабулларда мурожаат қилувчи ҳар бир фуқаронинг фикри тингланиб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича ҳокимлар, масалага дахлдор вазирлик, бошқарма, ташкилот ва корхона раҳбарлари иштирокида зарур чоралар кўрилди. Ижтимоий-иқтисодий, саломатликни тиклаш, нафақа, ер ажратиш, инсон ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ аксарият масалалар шу ернинг ўзида ҳал этилди, мурожаат қилувчи фуқаронинг талаби қондирилди. Атрофлича ўрганишни тақозо этадиган мурожаатларни ҳал этиш бўйича мутасадди раҳбарларга тегишли топшириқлар, мурожаат қилувчига зарур тушунча ва тавсиялар берилди.

— Тикувчилик ҳунарим бор, лекин ишсизман, оиламиз уй-жойга муҳтож, — дейди Асака туманида яшовчи уй бекаси Муқаддамхон Умарова. — Ишга жойлашиш ва уй-жой қуриш учун ер ажратилишини сўраб, мурожаат қилган эдим. Бугунги сайёр қабулда иш масаласи ҳал бўлди, менга тикув машинаси ва материал берилди. Энди уйимда тикувчилик билан шуғулланиб, даромад топадиган бўл­дим.

— Мен бир неча йил олдин «Олтинкўлпилла» корхонасидан нафақага чиққанман, — дейди меҳнат фахрийси Давлатбек Каримов. — Лекин ўша пайтда корхонада маблағ етарли бўлмагани учун 7 миллион сўм иш ҳақимни ололмагандим. Сайёр қабулга ушбу масала бўйича ёрдам сўраб келдим. Очиғи, ололмаган иш ҳақимдан умидимни узиб бўлгандим, лекин Президентимизга раҳмат, бугунги қабулда мурожаатим ижобий ҳал этилиб, қолиб кетган иш хақим ҳаммаси тўлаб бериладиган бўлди.

Сайёр қабулларда уй-жой, коммунал хизмат, ижтимоий муҳофаза, тиббиёт, таълим, ҳуқуқ-тартибот, банк идоралари фаолияти ва бошқа ижтимоий-иқтисодий, маиший масалалардаги 500 га яқин мурожаат кўриб чиқилиб, уларни ҳал этиш бўйича тегишли чоралар кўрилди. Мурожаатларнинг аксарияти ўз жойида ҳал этилди. Қолган мурожаатлар ўрганиб чиқиш учун масалага дахлдор ташкилотларга тақдим этилди.

Қабуллар давомида ногирон, кам таъминланган оилалар вакили бўлган 60 нафар хотин-қизга тикув машиналари берилди.

— Халқ дарди, қувончу ташвишига шерик бўлаётган, одамларнинг оғирини енгил қилиш йўлида эзгу ишларни амалга ошираётган давлатимиздан миннатдормиз, — дейди Республика Маънавият тарғибот маркази Булоқбоши тумани бўлими қошидаги «Фахрий аёллар билан ишлаш» жамоатчилик гуруҳи раиси, «Шуҳрат» медали соҳибаси Раъно Жуманиёзова. — Бундай алоҳида эътибор ва ғамхўрлик одамларнинг адолатга, эртанги кунга ишончини янада мустаҳкамламоқда.

 

Ф.УБАЙДУЛЛАЕВ,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.