30.05.2017

2017-2021 йилларда қайта тикланувчи энергетикани янада ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йилнинг 5 майдаги ПҚ-2343-сонли қарори билан тасдиқланган, 2015-2019 йилларда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия сарфи ҳажмини қисқартириш, энергияни тежайдиган технологияларни жорий этиш чора-тадбирлари Дастури доирасида кейинги йилларда республикамизнинг иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳасида энергия тежамкорлигини таъминлашга қаратилган кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. 

Маиший ускуналарни ишлаб чиқариш энергетик менежменти ва энергетик маркировкалаш стандартлари жорий этилди. Кўчаларни ёритиш тизимида энергия истеъмоли бўйича самарали технологияларни ҳамда уй-жой ва ижтимоий бинолар учун энергияни тежайдиган лампаларни жорий қилиш ишлари олиб борилмоқда, республика ҳудудида қуввати 40 Втдан юқори бўлган чўғланма лампаларни сотиш тўхтатилди. 

Халқ таълими вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказининг бюджетдан молиялаштириладиган муассасаларида энергия сиғими юқори бўлган иситиш қозонларини энергия тежамкорларига алмаштирилмоқда. Энергетика тармоғида замонавий газ ва буғ турбинали қурилмаларни жорий қилиш бўйича инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. 

2017-2021 йилларда гидроэнергетикани янада ривожлантириш чора-тадбирларига доир қабул қилинган Дастур доирасида 42 та янги гидроэлектростанция қуриш ва ишлаб турган 32 та гидроэлектростанцияни модернизация қилиш ҳисобига 2025 йилга қадар республикамизнинг экологик тоза гидроэнергия ишлаб чиқариш қувватларини 1,7 баробарга ошириш назарда тутилмоқда. 

Шу билан бирга, кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан, миллий иқтисодиётнинг энергия сиғими юқорилигича қолмоқда, қайта тикланувчи манбаларни саноат ишлаб чиқаришига жалб этиш ҳисобига ёқилғи-энергетика балансини диверсификациялаш даражаси жаҳон тенденциясига жавоб бермайди. Электр ва иссиқлик энергиясини ишлаб чиқаришда бирламчи ёқилғи сифатида асосан табиий газ ва бошқа анъанавий углеводород ёқилғи турларидан фойдаланилмоқда. 

Электр ва иссиқлик энергиясини ишлаб чиқаришда қайта тикланувчи энергия манбаларининг (қуёш, шамол ва биогаз энергияси, кичик табиий ва сунъий сув оқимларининг гидроэнергияси) мавжуд юқори имкониятларидан амалда фойдаланилмаяпти. 

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш, ишлаб чиқаришнинг энергия сиғимини қисқартириш, миллий илмий-техникавий ишланмалар ва синовдан ўтган халқаро энерготежамкор илғор технологиялар тадқиқотларини амалиётга мақсадли жорий этиш соҳасида белгиланган устувор йўналишларни рўёбга чиқариш мақсадида: 

1. Қуйидагилар 2017-2021 йилларда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия самарадорлигини ошириш, қайта тикланувчи энергетикани янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари этиб белгилансин: 

қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш соҳасида инновация технологияларини, илмий-техникавий ишланмаларни жорий этиш ва энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи жиҳозлар ва асбоб-ускуналарни ишлаб чиқариш ва маҳаллийлаштиришни, жумладан, технологияларни трансфер қилиш ва муҳандислик марказларини ташкил этиш йўли билан кенгайтириш; 

қайта тикланувчи ва муқобил энергия манбаларидан, иккиламчи энергетика ресурсларини энергетик утилизация қилишдан фойдаланган ҳолда, электр энергия ишлаб чиқариш, қуёш, шамол энергияси, микро ва кичик гидроэлектростанциялардан фойдаланишнинг синовдан ўтган технологиялари асосида энергия ишлаб чиқариш қувватларини яратишга тадбиркорлик субъектларини жалб қилиш орқали ёқилғи-энергетика балансини диверсификациялаш; 

замонавий энергия самарадор ва энергия тежамкор технологиялари асосида мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш ва янгиларини яратиш орқали ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар энергия сиғимини камайтириш. 

2. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Фанлар академияси, “Ўзбекэнерго” АЖ ва “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда қайта тикланувчи энергетикани янада ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари Дастури (кейинги ўринларда Дастур деб юритилади) маъқуллансин, Дастур қуйидагиларни ўз ичига олади: 

қайта тикланувчи энергетикани янада ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари 1-иловага мувофиқ; 

қайта тикланувчи энергетикани ривожлантиришга доир инвестиция лойиҳалари рўйхати 2-иловага мувофиқ; 

2017-2021 йилларда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни ривожлантириш ва энергия самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари 3-иловага мувофиқ; 

2017-2021 йилларда иқтисодиёт тармоқларида энергия сиғимини камайтириш ва ёқилғи-энергетика ресурсларини тежашнинг мақсадли кўрсаткичлари 4 ва 4а-иловага мувофиқ; 

2017-2021 йилларда бюджет ташкилотларида энергия самарадор иситиш қозонларини жорий этиш жадвали 5-иловага мувофиқ; 

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг сув хўжалиги ташкилотлари насос станцияларида энергия самарадор насослар ва электродвигателларни жорий этиш жадвали 6-иловага мувофиқ. 

Вазирлар Маҳкамаси комплекслари, масъул ижрочилар – вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмалари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари раҳбарларига мазкур қарор билан маъқулланган Дастурдаги чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун шахсий масъулият юклансин. 

Тегишли чора-тадбирларнинг амалга оширилиши учун масъул бўлган вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмалари ҳар бир параметр ва лойиҳа бўйича “йўл харитаси”нинг бир ой муддатда ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишини таъминласин. 

3. Энергия самарадорлиги ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш масалалари бўйича Республика комиссиясининг янгиланган таркиби 7-иловага мувофиқ тасдиқлансин. 

Республика комиссиясига (Арипов А.Н.), зарур ҳолларда, ушбу қарор билан маъқулланган чора-тадбирлар Дастурининг мақсадли ва прогноз кўрсаткичларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳуқуқи берилсин. 

4. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Фан ва технологиялар агентлиги, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ, Қуёш энергияси халқаро институти, “Ўзбекэнерго” АЖ Илмий-техник маркази икки ой муддатда қайта тикланувчи манбалар энергиясидан фойдаланиш, шу жумладан, қуёш энергетикасини ривожлантириш, энергия самарадорлиги соҳасидаги маҳаллий ишланмалар ва амалий тадқиқотларни, шунингдек, синовдан ўтган хорижий илғор технологияларни трансфер қилиш имкониятини таҳлил қилиш асосида иқтисодиёт ва ижтимоий соҳа тармоқларида қайта тикланувчи манбалар энергиясини мақсадли жорий қилиш ва қуёш энергетикасини ривожлантириш бўйича амалий чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритсин. 

5. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги “Ўзбекнефтгаз” МХК, “Ўзбекэнерго” АЖ ва “Ўзбекгидроэнерго” АЖ билан биргаликда ҳар йили ёқилғи-энергетика ресурсларини ишлаб чиқариш ва истеъмоли прогноз кўрсаткичларини шакллантиришда уларнинг ҳажмларини ушбу қарорнинг 4 ва 4а-иловаларига мувофиқ назарда тутсин. 

6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда бюджет ташкилотларининг харажатлар сметасида, шунингдек, маҳаллий бюджетлар қўрсаткичларида Дастурга киритилган чора-тадбирларнинг бажарилиши учун зарур маблағларни асосланган ҳисоб-китобларга кўра назарда тутсин. 

7. Белгилаб қўйилсинки: 

белгиланган қувватлари тегишли равишда 0,2 МВт ва 30 МВт бўлган микро ва кичик гидроэлектростанциялар, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда, электр энергияси ишлаб чиқарувчи истеъмолчилар, шунингдек, ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, қайта тикланувчи энергия манбаларидан ва иккиламчи энергетик ресурслардан фойдаланган ҳолда энергия ишлаб чиқарувчилар ягона электр энергетикаси ва электр энергияси истеъмолчиларининг тармоқларига қонунчилик талабларига мувофиқ блок-станциялар шартларида уланишлари мумкин; 

қайта тикланувчи энергия манбалари ва иккиламчи энергетик ресурслардан фойдаланадиган қурилмалар ягона электр энергетикаси тизими операторининг диспетчерлик графигида электр энергиясини сотиб олиш бўйича қазилма ёқилғиларидан фойдаланадиган энергия ишлаб чиқарувчи қувватларга нисбатан устуворликка эгадир; 

мавжуд электр тармоқларини реконструкция қилиш ва (ёки) кенгайтириш учун қайта тикланувчи энергия манбалари ускуналарини (қурилмаларини) улаш билан боғлиқ харажатлар ушбу тармоқ эгалари томонидан, ягона электр энергетикаси тизимига улаш нуқтасигача эса – қайта тикланувчи энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқарувчи томонидан амалга оширилади; 

ягона электр энергетика тизимига етказиб берилаётган қайта тикланувчи энергия манбаларидан (“Ўзбекгидроэнерго” АЖдан ташқари) ишлаб чиқарилган электр энергияси учун ҳисоб-китоблар учун амалдаги тариф қийматида (қўшилган қиймат солиғини ҳисобга олмаган ҳолда), ягона электр энергетика тизими бўйича электр энергияси бирлигини етказиб бериш таннархига камайтирилган қийматда, шунингдек, ҳудудий электр тармоқлари корхоналарининг электр энергияси бирлигини тақсимлаш ва сотиш қийматига камайтирилган ҳолда, амалга оширилади. 

Бунда қўшилган қиймат солиғини ҳисобга олмаган ҳолда ҳисоб-китоблар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 5 майдаги “2015-2019 йилларда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия сарфи ҳажмини қисқартириш, энергияни тежайдиган технологияларни жорий этиш чора-тадбирлари Дастури тўғрисида”ги ПҚ-2343-сонли қарори 5-бандининг иккинчи хатбошида назарда тутилган қўшилган қиймат солиғини тўлашдан озод қилиш бўйича имтиёз ва преференцияларнинг амал қилиш даврида амалга оширилади. 

Ҳудудий электр тармоқлари корхоналари “Ўзбекэнерго” АЖ ва маҳаллий ижро ҳокимияти органлари билан келишган ҳолда, қайта тикланувчи энергия манбалари асосида электр энергия ишлаб чиқарувчи истеъмолчилардан электр энергия сотиб олиш бўйича шартномалар тузиш ҳуқуқига эгадир. 

8. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари: 

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ҳамда Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси билан биргаликда лойиҳалар ташаббускорларига ер участкаларини ажратишда ва лойиҳа ташаббускорлари мурожаатларига асосан қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланувчи ускуналарни қуриш лойиҳаларини ваколатли давлат органлари билан “ягона дарча” тамойили орқали келишишда қонунчиликда белгиланган тартибда кўмаклашсин; 

қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланувчи ускуналарни қуриш ва фойдаланишга топширишда рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш муддатларига ижро этилиши юзасидан назоратни таъминласин. 

9. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (Ибрагимов Ғ.И.) уч ой муддатда углеводород ёқилғисини қазиб олиш, қайта ишлаш, транспортировка қилиш, тақсимлаш, углеводород ёқилғисидан фойдаланиш, уни қайта ишлаш орқали энергияни саноат турларига айлантириш, иссиқлик ва электр энергиясидан фойдаланиш ҳолати устидан давлат назорати тизимини такомиллаштириш бўйича чоралар кўрсин. 

10. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 6 апрелдаги Ф-4891 фармойиши билан ташкил қилинган Товарлар (ишлар, хизматлар) ҳажми ва таркибини танқидий таҳлил қилиш, импорт ўрнини босадиган ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш Комиссияси билан келишилган ҳолда тасдиқланадиган рўйхатга асосан, республикамизда ишлаб чиқарилмайдиган, Дастурга киритилган чора-тадбирларни амалга ошириш учун четдан олиб келинадиган технологик ускуналар, хомашё, материаллар, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар, технологик ҳужжатлар 2022 йилнинг 1 январигача божхона тўловларидан (божхона йиғимлари бундан мустасно) озод қилинсин. 

11. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Ташқи ишлар вазирлиги Дастурни амалга ошириш учун лойиҳа ташаббускорлари мурожаатларига асосан халқаро молия ташкилотлари, хорижий ҳукумат фондлари ва ташкилотларининг грантлари, кредитлари ва мақсадли маблағларининг жалб қилинишини доимий равишда таъминласин. 

12. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, “Ўзбекнефтгаз” МХК, “Ўзбекэнерго” АЖ ва “Ўзбекгидроэнерго” АЖ манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада қайта тикланувчи энергия манбалари бўйича технологияларни жорий қилиш, энергия самарадорлигини ошириш, ёқилғи-энергетика ресурсларидан тежамли ва оқилона фойдаланиш масалаларини доимий равишда кенг ёритиб борсин. 

13. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 5 майдаги “2015-2019 йилларда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия сарфи ҳажмини қисқартириш, энергияни тежайдиган технологияларни жорий этиш чора-тадбирлари Дастури тўғрисида”ги ПҚ-2343-сонли қарорининг 2-4, 6-бандлари, шунингдек, қарорга 1-6-иловалар ўз кучини йўқотган, деб ҳисоблансин. 

14. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда қонунчиликка мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида икки ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин. 

15. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ғ.И.Ибрагимов зиммасига юклансин. 


Ўзбекистон Республикаси Президенти
Ш.МИРЗИЁЕВ 

Тошкент шаҳри, 
2017 йил 26 май 


DB query error.
Please try later.