27.05.2017

ДАВЛАТ БЮДЖЕТИ ИЖРОСИ КЎРИБ ЧИҚИЛДИ

Ҳукумат томонидан парламентга тақдим этилган маълумотга кўра, 2016 йилда ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш харажатлари Давлат бюджетининг 58,9 фоизини, яъни ЯИМга нисбатан 12,1 фоизни ташкил этган. Ижтимоий кўмакка муҳтож кексалар ва ногиронларнинг ижтимоий таъминоти билан боғлиқ харажатларга 161,1 миллиард сўм ажратилган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракциясининг йиғилишида Давлат бюджетининг 2016 йилдаги ва жорий йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги маълумотлар атрофлича муҳокама қилинди.

Бу масала бўйича Молия вазири ўринбосари Мубин Мирзаев маъруза қилди.

Таъкидландики, Давлат бюджетининг 2016 йилги ижросида ижтимоий соҳани қўллаб-қувватлаш, аҳолининг турмуш даражасини ошириш ва ижтимоий ҳимоясини таъминлаш ишларини молиялаштиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Ижтимоий соҳа харажатларининг 57,4 фоизи таълим муассасалари таъминоти, 24,1 фоизи соғ­лиқни сақлаш тизимини ривожлантиришга йўналтирилган. Бу Ўзбекистон ХДПнинг халқ таълими ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасаларини бюджетдан молиялаштиришнинг самарадорлигини оширишга доир ғояларига ҳар томонлама мос келади.

— Ҳисоботга кўра, ўтган йили соғлиқни сақлаш тизими муассасаларини замонавий диагноз ва даволаш ускуналари билан жиҳозлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган, — дейди Ўзбе­кистон ХДП фракцияси аъзоси Саҳобиддин ­Арзиқулов. — Ажратилган маблағлар ҳисобидан оила қураётган ёшларни тиббий кўрикдан, ҳомиладор аёлларни скрининг текширувидан ўтказиш, болаларни 12 та бошқариладиган инфекцияга қарши профилактик эмлаш масалаларига доир амалий ишлар қилинган. Бу аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдам ва хизматларнинг мақбуллиги ва юқори сифатини таъминлашда муҳим ўрин тутади.

2016 йилги Давлат бюджети ижроси тўғрисидаги ҳисоботнинг таҳлиллари шуни кўрсатмоқдаки, ижтимоий харажатлар учун режалаштирилган маблағлар миқдори камайтирилишига йўл қўйилган. Келгусида соҳада иқтисод қилинган маблағлар камайтирилмай, муаммоларни ечиш учун йўналтирилиши мақсадга мувофиқ, деб ўйлаймиз.

— Давлат бюджетининг жорий йил биринчи чоракдаги ижроси ҳақидаги ҳисоботни ҳар томонлама таҳлилдан ўтказдик, — дейди ­Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси Турсунпўлат Норбоев.­ — Партиямиз дастурий мақсадларидан келиб чиқиб, ижтимоий соҳа харажатларига алоҳида эътибор қаратдик.

Жумладан, Оролбўйи ҳудудидаги мактабгача ва мактабдан ташқари таълим муассасаларида тўлов миқдорининг шу йил 1 январдан 2 баробарга камайтирилиши ҳисобига мактабгача таълимга қамраб олинган болалар сони 16 фоизга ошган. Ушбу мақсадлар учун жорий йил бюджетдан 18,2 миллиард сўм кўшимча маблағ ажратилиши кўзда тутилган бўлиб, I чоракда 4,5 миллиард сўм сарфланган.

Давлат бюджети ижроси камчиликлардан холи эмас, албатта. Сайловчилар билан бўлиб ўтаётган учрашувларда халқ таълими ва соғлиқни сақлаш соҳасида фаолият юритаётган фуқаролар иш ҳақини ўз вақтида ололмаётгани тўғрисида мурожаатлар тушмоқда.

Жаҳондаги мураккаб молиявий вазият иқтисодиётимизга ҳам таъсир этмай қўймайди. Шундай бўлса-да, Халқ демократик партияси фракцияси иш ҳақи, ижтимоий нафақа ва пенсия тўловлари белгиланган муддатларда молиялаштирилиши зарур, деб ҳисоблайди.

Атрофлича фикр-мулоҳазалардан сўнг фракция аъзолари Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2016 йилдаги ва 2017 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни қўллаб-қувватладилар.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири. 



DB query error.
Please try later.