27.05.2017

ҲАРАКАТЛАР СТРАТЕГИЯСИ ҲУДУДЛАР ТАРАҚҚИЁТИГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ

Олим РАВШАНОВ, халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари:

— 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган долзарб ижтимоий-иқтисодий вазифалар тараққиётимизни янги босқичга кўтаришга хизмат қилмоқда.

Маълумки, ушбу муҳим ҳужжатнинг учинчи йўналиши иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштиришга йўналтирилган. Унга кўра, макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш ва юқори иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш, миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва жадал ривожлантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожини рағбатлантириш, ҳудудлар, туман ва шаҳарларни комплекс ва мутаносиб ҳолда ижтимоий-иқтисодий тараққий эттириш масалаларида муҳим чора-тадбирлар амалга оширилади.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Қашқадарё вилояти истиқлол йилларида ҳар жиҳатдан ривожланди, обод ва кўркам масканга айланди. Ҳудуддаги бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари янгича мазмун-моҳият касб этмоқда. Вилоят иқтисодиётида ҳам ўзгаришлар юз бермоқда.

Мустақилликдан аввал вилоят иқтисодиёти кўпроқ хомашё етказиб беришга мўлжалланган бўлса, бугун янги саноат тармоқлари изчил ривожланмоқда.

Вилоятда саноат ишлаб чиқарилишини янгилаш ва ривожлантириш учун инвестиция дастури муваффақиятли амалга оширилмоқда, янги корхоналар қурилмоқда, эскилари қайта ихтисослаштирилмоқда, кичик бизнес ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Биргина ўтган йилнинг ўзида вилоятда 1740 дан ортиқ янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилган. Улар бугун ишлаб чиқариш ва xизмат кўрсатиш соҳаларида самарали фаолият юритиб келмоқда.

Вилоят ўзининг юксак иқтисодий салоҳияти ва саноати билан мамлакатимизда муҳим ўрин тутади. Ўтган йили вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 14 триллион 896 миллиард 900 миллион сўмни, 2015 йилга нисбатан ўсиш суръати 5,9 фоизни ташкил этди. Бу борада кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 51,6 фоизга етди.

Ҳаракатлар стратегияси асосида макроиқтисодий барқарорликни янада мустаҳкамлаш ва иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш, қабул қилинган ўрта муддатли дастурлар асосида макроиқтисодий мувозанатни сақлаш, таркибий ва институционал ўзгартиришларни чуқурлаштириш ҳисобига ялпи ички маҳсулотнинг юқори ўсиш суръатларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, тадбиркорликнинг қўллаб-қувватланаётгани, уни ривожлантириш учун кенг йўл очиб берилгани туфайли вилоятда бу соҳада кейинги йилларда улкан ўзгаришлар кўзга ташланмоқда. Ишбилармонлар ўз корхоналарини замонавий технологиялар билан жиҳозлаб, сифатли, харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқармоқда. Чунки кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ички бозорни зарур маҳсулотлар ва хизмат турлари билан тўлдиришнинг самарали, бозор талабларига жуда тез мослашувчан шакли ҳисобланади. Энг муҳими, у аҳолини иш билан таъминлаш, бандлик муам­моларини ҳал қилишнинг самарали воситасидир. Бу эса партиямиз Сайловолди дастурида белгиланган мақсад ва ғояларга тўла мос келади. Ўз навбатида, партия фаоллари ва депутатлар ҳам бу борада янада ташаббускор бўлишлари талаб этилади.

Барча соҳаларда амалга оширилаётган ана шундай ислоҳотлар натижасида кейинги 5 йилда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 2 баробар ошган, ҳудудий экспорт ҳажми 100 миллион долларга етган ва 2011 йилга нисбатан 2,5 баробар кўпайган. Бундай ўсиш суръатлари натижаси одамларнинг турмуш шароитида, вилоят, шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфасида намоён бўлмоқда.

Ҳаракатлар стратегиясида қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва жадал ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Қашқадарё вилояти нафақат саноат, ишлаб чиқариш, балки қишлоқ хўжалиги соҳасида юқори салоҳиятга эга ҳудуд ҳисобланади. Шунинг учун қишлоқ хўжалиги соҳасини модернизация қилиш ва жадал ривожлантириш мақсадида ислоҳотлар самарали давом эттирилмоқда. Кейинги йилларда фермер хўжаликлари кўп тармоқли фермер хўжаликларига айлантирилмоқда. Ҳосилдорлиги паст пахта майдонлари қисқартирилиб, ўрнига кўпроқ даромад берадиган картошка, мева-сабзавот ва полиз экинлари етиштириш йўлга қўйилмоқда.

Ишлаб чиқаришни диверсификация ва модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш, янги турдаги сифатли ва рақобатбардош маҳсулотлар етиштиришни кўпайтириш, қатор маҳсулотлар турларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш борасида ҳам вилоятда йирик тадбирлар, лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Алоҳида таъкидлаш керакки, туман, шаҳар Кенгашларидаги партиямиз гуруҳлари режалаштирилган ишлар ва лойиҳаларнинг ўз вақтида ҳамда сифатли амалга оширилиши бўйича депутатлик назоратини кучайтирмоқда. Чунки лойиҳалар амалга ошиши, юқори ҳақ тўланадиган иш ўринлари яратилиши, оилаларнинг даромад манбаи кўпайиши партиямиз ғояларининг асосини ташкил этади.

Буларнинг барчаси тараққиётимизни юксалтиришга, ҳаётимизни фаровонлаштиришга, барқарор иш ўринлари яратилишига хизмат қилади.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ

ёзиб олди. 



DB query error.
Please try later.