13.05.2017

ХХI АСР — ИНТЕЛЛЕКТУАЛ БОЙЛИК АСРИ

Пойтахтимизда бўлиб ўтган X Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркасида бу ҳақиқат яна бир бор ўз тасдиғини топди.

Ўзбекистон фан ва технология­лар агентлиги ҳамда Иқтисодиёт вазирлиги ҳамкорлигида ўтказилган мазкур ярмаркада анъанавий беш йўналиш — саноат, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика, ахборот технологиялари, шунингдек, фан-таълим соҳалари учун 500 дан ортиқ инновацион ғоя, технология ва лойиҳа намойиш этилди.

— Бу йилги ярмаркада 88 та инновацион ишланма билан қатнашдик, — дейди Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетининг илмий ишлар бўйича проректори Ботир Мирзаҳмедов. — Уларнинг 67 таси ­профессор-ўқитувчи, 21 таси ёш олимлар ишланмалари ҳисобланади. Ярмаркада мамлакатимизда етакчи бўлган «Ўзбекистон металлургия комбинати» АЖ, «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» АЖ, «Ўзбекнефтьгаз» Бухоро филиали, фермер хўжаликлари ва бошқа корхоналар билан қиймати 450 миллион сўмдан ортиқ бўлган шартномалар имзоланди. Иқтидорли талабалар, магистрантлар ва ёш олимлар томонидан таклиф этилаётган рационализаторлик таклифлар, инновацион ишланмалар ҳамда техник лойиҳаларни ишлаб чиқаришга жорий этиш мақсадида университетимизда «Ихтирочи ёшлар мактаби» ташкил қилинган. Ҳозирги вақтда ёш ихтирочилар махсус жиҳозланган хоналар ва илмий лабораторияларда ўз ишланмалари устида изланишлар олиб бориб, ярмаркалар, кўргазма, танлов ва анжуманларда фаол иштирок этмоқда. Шунингдек, ярмаркада таклиф этилаётган илмий ишланмалар асосан ишлаб чиқариш корхоналари эҳтиёжидан келиб чиқиб, тайёрлангани кўпроқ шартномалар имзоланишига имкон яратмоқда.

— Биз ярмаркада шўрланган тупроқда ўса оладиган, озиқ-овқат ва фармацевтика соҳасида ноёб табиий хусусиятга эга бўлган амарант ўсимлиги билан қатнашмоқдамиз, — дейди Андижон давлат университетининг физика-математика факультети доценти Мўйдинжон Мўминов. — БМТ амарантни ХХI асрнинг маданий ўсимлиги, деб эътироф этган. Ҳозиргача кит ва акуланинг жигаридан олинаётган, тиббиётда бебаҳо ҳисобланадиган сквален моддаси амарант ўсимлигининг мойида аниқлангани муҳим кашфиётлардан биридир. Ушбу модда анемия, юрак ишемик, онкологик касалликларининг олдини олиш ҳамда қонни тозалаш, инсонни ёшартириш хусусиятларига эга. Бундан ташқари, амарант баргларидан озиқ-овқат маҳсулотлари, поясидан ем-хашак сифатида фойдаланиш, донидан ёғ ва кунжара олиш мумкин.

— Бугунги кунда хизмат кўрсатиш ҳамда савдо нуқталарини терминаллар билан таъминлаш масаласи долзарб бўлиб турибди, — дейди «Matonat trans servis» МЧЖ директори Улуғхўжа Эргашхўжаев. — Биз онлайн режимида ишлайдиган, бир қанча вазифани бажара оладиган терминал яратдик. Масалан, бу қурилма биргина таксиларда қўлланса, манзил танланганида, энг яқин йўл ва масофани кўрсатади, видеога олади, электрон тўлов орқали тўловни қабул қилади. Назорат қилувчи оператор барча жараённи кузатиб бориши ва мижозлардан телефон орқали чақирув олинганида манзилга энг яқин бўлган таксини юбориши мумкин.

X инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркасида ёш олимлар, тадқиқотчилар, талабаларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилган. Ярмаркада ёш олим ва талабалар яратган 100 дан ортиқ ишланма намойиш этилди.

Шунингдек, ярмарка доирасида III Тошкент халқаро инновацион форуми ҳам бўлиб ўтди. Форумнинг асосий мақсади — дунёда инновация тизимларининг ривожланиш тенденциялари, инновация фаолиятининг ривожланиш ҳолати, муаммолари ва истиқболларини таҳлил қилиш, миллий инновация тизимини шакллантиришда турли омилларнинг ўрнини аниқлаш ҳамда Ўзбекистонни инновацион фаоллиги юқори бўлган ҳудудга айлантиришга кўмаклашишдан иборат.

Бу йилги форум доирасида Ўзбекистон ва Германиянинг инновациялар соҳасидаги ҳамкорлигига бағишланган «Ўзбек-немис инновация мулоқоти — билимларга асосланган жамият қуриш келажаги» мавзусида халқаро конференция ҳамда давра суҳбати ҳам ташкил этилди. Унда Болгария, Италия, Хитой, Жанубий Корея, Япония, Россия каби давлатлар, Жаҳон банки, Британия Кенгашининг Ўзбекис­тондаги ваколатхонаси мутахассислари ва экспертлари иштирок этди.

Дастлабки маълумотларга кўра, ярмаркада қиймати 22 миллиард сўмдан ортиқ 350 дан зиёд шартнома имзоланди.

Турли хил номинациялар бўйича ғолибларга Вазирлар Маҳкамасининг фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари, 3 миллион сўмлик пул мукофотлари, «Ўзтелеком» АКнинг 1 йилга интернетдан бепул фойдаланиш ҳуқуқини берадиган сертификатлари, Бутун жаҳон интеллектуал мулк ташкилотининг олтин медаль ва эсдалик нишони, шунингдек, Ўзбекис­тон фан ва технологиялар агентлигининг фахрий ёрлиқ ва сертификатлари топширилди.

 

Шуҳрат ИСЛОМОВ



DB query error.
Please try later.