10.05.2017

ТАНИҚЛИ КИМЁГАР ОЛИМ ЭДИ

Айтадиларки, тарих кўп сил­си­ла­ларни бошидан кечирган табаррук, кекса инсонга ўхшайди. Унинг ҳамиша теран ва уйғоқ нигоҳлари олдидан не-не хонлар, не-не султонлар, уламолару фузалолар ўтадилар.

Инсон умри — ўлчовли. Ундан қандай фойдаланиш ҳар кимнинг ўзига боғлиқ.

Хоразм вилоятининг Боғот тумани «Деҳқонбозор» қишлоғида бундан етмиш йил муқаддам Содиқжон эшон хонадонида дунёга келган Баҳовуддин илмга чанқоқлиги, закий қалб, теран мушоҳадалиги, мустаҳкам хотираси билан республикамизнинг таниқли кимё олимларидан бирига айланди. Профессор Содиқовнинг кимё фани бўйича илмий мероси бир юз эллик табоқдан кўпроқни ташкил қилади. Булар — ўттиздан ортиқ мақолалар ва бир қанча йирик ҳажмдаги рисолалардир.

1987 йилда Тошкентда «Органик кимё назарий асослари» номли ўқув қўлланмаси нашр қилинди. Унинг муаллифлари профессор Саъдулла Искандаров ва доцент Баҳовуддин Содиқовлар эди. Энг эътиборлиси, мазкур ўқув қўлланма органик кимёнинг назарий масалаларига бағишланган ўзбек тилида ёзилган ва нашр қилинган ягона китобдир. Муаллифлар асарнинг иккинчи жилдини тайёрлаш учун ҳамкорликда яна йигирма йил ишладилар.

Собиқ шўролар даврида бош­қа бир қатор аниқ фанлар қатори кимё фанидан ҳам ўзбек тилида яратилган дарс­ликлар йўқ ҳисоби эди. Устоз ва шогирд бу вазиятда, ҳеч иккиланмай айтиш мумкинки, жасоратга қўл урдилар — ўз она тилимизда ўқув қўлланмаси яратишга киришдилар ва бу ишни муваффақият билан амалга оширдилар. Мазкур ўқув қўлланмасининг биринчи ва иккинчи жилди фақат истиқлол йилларига келиб дунё юзини кўрди. 85 босма табоқ ҳажм­даги бу ўқув қўлланмаси кимё фанидан сабоқ олаётган ёшларга энг қулай, мукаммал қўлланма бўлиб хизмат қилмоқда — уларни бу соҳада илмий изланишлар олиб боришга ундамоқда.

Саъдулла ИСКАНДАРОВ, академик:

— Баҳовуддин мен доимо фахрланиб юрадиган, энг салоҳиятли, энг садоқатли шогирдларимдан эди. Ҳали 1970 йилда аспирантурага ўқишга кирганидаёқ унинг ғоятда зийрак ақл эгаси эканлиги, теран дунёқараши мени ҳайратда қолдирган. У серқирра олим эди. Тарих ва фалсафани соҳа мутахассисларидан кам билмасди. Маъмун академиясида ўтказилган халқаро илмий конференцияларда ўрта асрлар Шарқ ренессанси ва Ибн Синонинг фалсафий қарашлари ҳақидаги маърузаларини илмий жамоатчилик ҳали ҳамон эслаб юради.

 Анвар АБДУШУКУРОВ, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети кимё факультети органик кимё кафедраси профессори, кимё фанлари доктори:

— Органик кимё назарий асослари қўлланмаси дарслик сифатида ўқитувчилар, органик кимё чуқур ўрганиладиган олий ўқув юртлари талабалари томонидан севиб ўқилмоқда ва органик кимёнинг назарий асосларини мукаммал ўрганишда жуда қўл келмоқда. Баҳовуддин Содиқов ўз умрини ёшларга билим бериш, элга хизмат қилишдек улуғ ишларга сарф қилди. Салкам қирқ йил давомида Урганч давлат университетида кафедра мудири, факультет декани, ўқув ишлари бўйича проректор каби масъулиятли лавозимларда ҳалол ишлаб, кўплаб ёшларга устозлик қилди.

Шавкат ҚОДИРОВ, Хоразм Маъмун академияси раиси:

— Ҳалол ва самимий олимнинг атрофида шогирдлар кўпроқ тўпланади. Айниқса, устоз жонкуяр ва талабчан бўлса. Мен домла билан ёнма-ён туриб, ҳамнафас бўлиб ишлаганман. У кишида аввало билим, қолаверса, юксак маданият мужассам эди. Ўз соҳаси бўйича етук мутахассис бўлиши билан бирга кенг дунёқарашли, мулоҳазали, ширин сўз инсон эди.

...Туркий оламнинг буюк донишмандларидан бири Юсуф Хос Ҳожиб: — «Қилич ишга тушганида эл-юрт тинчлиги бузилади, қалам ишга солиниб, эзгу йўл-йўриқлар тузилади», дейди. Биз хотирлаётган машҳур кимёгар олим бадиий ижодга ҳам ошно инсон бўлган. У кишининг уйидаги бой кутубхонасини кўриб, нафақат биз журналистлар, ҳамкасблари ҳам ҳавас қилишарди. Унинг тенг­қурларининг эслашича, у ёшлигида журналист бўлишни орзу қилган, ҳали мактабда ўқиб юрган кезларида турли мавзулардаги мақолалари маҳаллий нашрларда тез-тез чоп қилинган. Ижодий иш у кишида вақтинчалик ҳавас бўлмай, балки бир умр йўлдоши бўлди. Илмий изланишлардан бўш қолган вақтларида қўлига қалам олиб, ўз қалб туйғуларини қоғозга тўкканлар — бир-биридан мазмундор, бир-бирига ўхшамас фалсафий руҳдаги шеърлар, тўртликлар ва ҳатто ғазаллар ёзган. Янада ҳайратланарлиси, у киши рус тилини мукаммал билганидан шу тилда ҳам фалсафий руҳдаги шеър­лар ижод қилган. Умри поёнлаётган кезларда «Тилак. Имконият ва Оралиқ» деб номланган фалсафий қиссани ёзишга киришди. Афсуски, оғир хасталик олимга бу қиссани якунлашга имкон бермаган.

Олимнинг бадиий ижоди ўйлашимча, инсон ва ҳаёт аталмиш борлиқни тушунишга уриниш эди.

Баҳовуддин Содиқовнинг нафақат шогирдлари, балки фарзандлари ҳам унинг номига муносиб бўлишга ҳаракат қилишмоқда. Тўнғич ўғли Саидкамол замонавий ахборот технологиялар бўйича етук мутахассис, вилоятда ушбу соҳани ривожлантиришга катта ҳисса қўшмоқда. У ахборотлаштириш маркази раҳбари сифатида корхона ва ташкилотларда энг янги ахборот тизимларини шакллантириш, уларни жорий қилиш, ахборот алмашинуви, аҳолини юртимизда бўлаётган ислоҳотлар кўлами билан яқиндан хабардор қилишга қаратилган дастурлар ишлаб чиқиш ва татбиқ этилишига бош бўлмоқда. Иккинчи ўғил Содиқжон шифокор-кардиолог. Учинчи ўғли Юсуфжон иқтисодчи, АҚШнинг Калифорния ва Буюк Британиянинг Лондон шаҳарларида таҳсил олган. Бугун вилоятнинг саноат соҳасидаги экспорт салоҳиятида ўз ўрнига эга бўлган йирик хорижий корхонага раҳбарлик қилмоқда. Кенжа фарзандлари Собиржон ва Шомуродлар олий маълумотли мутахассис, тадбиркорлик билан шуғулланишмоқда.

Яккаю ягона қизи Сабоҳат отасининг издоши саналади. Бугунги кунда у кимё фани бўйича докторлик диссертация­си устида ишламоқда.

Инсондан эзгу амаллар, комил фарзандлар ва шогирдлар қолса — бу унинг иккинчи умридир. Таниқли кимёгар олим Баҳовуддин Содиқовнинг ҳаёт йўли бу ҳақиқатга яққол мисол бўла олади.

 

Рўзимбой ҲАСАН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.