07.05.2017

ЎЗБЕКИСТОН ИННОВАЦИОН, ФАОЛ МАМЛАКАТГА АЙЛАНАДИ

Фан ва технологиялар агентлиги Бош директори Маҳмуджон Болтабоев мухбиримизга қуйидагиларни гапириб берди

— Мамлакатнинг барқарор ривожланиши, аҳолининг фаровон яшаши учун энг аввало, илм-фан тараққий этиши керак. Ривожланган давлатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, уларда ислоҳотлар дастлаб мактабгача таълим муассасалари, мактаблар, лицей-коллежлар, олий ўқув юртлари, илмий тадқиқот институтлари фаолиятини кучайтиришдан бошланган. Ҳа, илм миллатнинг озод, фаровон, бахтли, бадавлат яшашининг бош омилидир. Илм-фани ривожланган мамлакатлар географик жиҳатдан қаерда жойлашган бўлишига қарамасдан, жаҳоннинг маърифий марказига айланади. Номига тараққий этган, ривожланган, ривожланаётган сўзлари қўшиб айтилади.

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан республикамизни янада ривожлантириш бўйича бошланган ислоҳотлар ҳам аввало, Ўзбекистон Фанлар Академиясининг илм-фан тараққиётидаги бир бутун илм-фанни ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқишдан бошланди.

Бугунги кунда юртимизда илмий-тад­қиқот фаолиятини ташкил этиш, бошқариш ва молиялаштиришнинг аниқ механизми яратилган. Фан соҳасини такомиллаштириш юзасидан олиб борилган ислоҳотлар ўз натижасини бермоқда. Ген инженерияси, ҳужайра технологиялари, фармацевтика ва биотехнологиялар, кимё ва янги материалларни яратиш соҳаларида муҳим тадқиқотлар олиб борилмоқда.

Шу билан бирга, илмий-тадқиқот салоҳиятининг ҳозирги даражаси, мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ривожланишидан орқада қолаётганини ҳам тан олишимиз керак.

Давлатимиз раҳбари томонидан академиклар билан бўлиб ўтган учрашувда иқтисодиётни инновацион ривожлантириш, интеллектуал салоҳиятдан самарали фойдаланиш механизмларини жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бу бежиз эмас албатта. Чунки барча соҳаларни замон талаблари даражасида ривожлантириш учун олдин инновацион технологиялар йўналишида инқилобий ўзгаришлар бўлиши зарур.

Шу билан бирга, Президентимизнинг «Фанлар академияси фаолияти, илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, бошқариш ва молиялаштиришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан Бош вазир раҳбарлигида Фан ва технологиялар бўйича давлат комиссияси тузилди ва унинг ишчи органи этиб Фан ва технологиялар агентлиги белгиланди. Қарорга кўра, агентлик Давлат илмий-техника дастурлари доирасида молиялаштириладиган фундаментал, амалий тад­қиқотлар ва инновацион ишлар соҳасидаги илмий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ягона буюртмачи ҳисобланади.

Ушбу комиссия қошида Илмий-техник фаолиятни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси ташкил этилиб, мутлақо янги типдаги, замонавий юқори технологик асбоб-ускуналар билан жиҳозланган илмий лабораториялар фаолиятини йўлга қўйиш бўйича тадбирларни молиялаштиради, давлат илмий-техника дастурлари доирасида яратилган интеллектуал мулк объектларини чет элда рўйхатдан ўтказади, етакчи илмий электрон маълумотлар базасидан эркин фойдаланишни ҳамда ёш олимларнинг етакчи хорижий илмий марказларда стажировка ўташини таъминлайди.

Ҳар йили мунтазам равишда ўтказиб келинаётган, фан, таълим ҳамда ишлаб чиқариш ўртасидаги кооперацион алоқани кўчайтиришнинг амалий механизмига айланган Республика инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ярмаркаси корхоналар, илмий ташкилотлар ва олий таълим муассасалари ўртасида ўзаро манфаатли, ҳар томонлама фойдали ҳамкорлик ўрнатиш имконини бермоқда.

Бу юртимиз иқтисодиётининг деярли барча тармоқ ва соҳаларининг жадал суръатлар билан ривожланишида, истиқболдаги дастурларни ишлаб чиқишда муҳим илмий ва амалий асос вазифасини ўтамоқда.

X Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркаси 2017 йилнинг 10-12 май кунлари ўтказилади. Ярмаркада 500 дан ортиқ инновацион ғоя ва ишланмалар намойиш этилади. Шундан 344 таси янги инновацион ишланмалар ҳисобланади.

Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар, хорижий ва халқаро жам­ғармалар вакиллари диққатини ҳамда молиявий маблағларини республикамиз олимлари томонидан тақдим этилган энг илғор технологияларга жалб қилиш мақсадида X инновация ярмаркада илк бор «Жорий этилган инновацион ишланмалар» йўналиши ташкил этилади. Унда ўтган ярмаркада имзоланган шарт­номаларнинг қандай бажарилаётгани, натижалари 62 ишланма мисолида кўрсатиб берилади.

Бундан ташқари, ёш олимлар ва талабаларнинг 100 ишланмаси, жумладан, «XXI — аср интеллектуал авлод асри» республика конференцияси ғолиблари ва фаол иштирокчиларининг 22 инновацион ғоя ва лойиҳалари тақдим этилади.

Шунингдек, бу йил экспонатларни саралашда таклиф этилаётган ишланмаларнинг жорий этишга тайёрлиги, энергия ва материал тежамкорлиги, маҳаллий хомашёдан фойдаланилганлиги, бозорга янги маҳсулот чиқариш имконияти мавжудлиги масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ярмарка доирасида III Тошкент халқ­аро инновацион форуми ҳам бўлиб ўтади. Ундан кўзланган асосий мақсад — дунёда инновация тизимларининг бугунги аҳволи, муаммолари ва истиқболлари таҳлил қилинади. Ўзбекистонни ҳам инновацион фаол ҳудудга айлантириш борасида таклиф-мулоҳазалар ўртага ташланади.

Форум ишида Германия Федератив Республикаси, АҚШ, Франция, Греция, Жанубий Корея, Япония, Россия Федерацияси, Арманистон, Қозоғистон, шунингдек, БМТ, ЮНЕСКО, Жаҳон банки, Ўзбекистондаги Британия Кенгаши офиси, Erasmus+ Миллий офисининг етакчи олимлари, мутахассислари ва экспертлари иштирок этади.

Ҳозирга қадар ўтказилган I-IХ инновация ярмаркаларда саноат, қишлоқ хўжалиги, ахборот технологиялари, тиббиёт ва фармакология, фан ва таълим йўналишларида 4200 га яқин инновацион ғоя ва технологиялар намойиш этилиб, умумий молиявий ҳажми 144 миллиард 100 миллион сўм бўлган 4000 дан ортиқ шартнома имзоланган. Мазкур шартномаларнинг бажарилиши натижасида 62 номдаги янги маҳсулотлар серияли ишлаб чиқарилмоқда, 59 шартнома доирасида маҳсулотларнинг тажриба-синов ва саноат намуналари юзага келди. Шу билан бирга, юзлаб корхона, фермер хўжалиги ва тадбиркорлик субъектларига илмий ва амалий хизматлар кўрсатилмоқда.

Ярмаркада «Саноат», «Қишлоқ хўжалиги», «Соғлиқни сақлаш ва фармакология»,«Ахборот технологиялари», «Фан ва таълим» йўналишлари бўйича энг яхши инновацион ишланма, шунингдек, «Энг яхши инновацион ишланма», «Ёш олимларнинг энг яхши инновацион лойиҳаси», «Талабаларнинг энг яхши инновацион ғояси» номинациялари бўйича Вазирлар Маҳкамаси номидан Фахрий ёрлиқлар таъсис этилган.

Ишланмалар муаллифларининг ҳар бири 3 миллион сўм миқдоридаги пул мукофоти ва бир йиллик бепул интернетдан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи сертификат билан рағбатлантирилади.

Шунингдек, Бутунжаҳон Интеллектуал Мулк Ташкилоти (ВОИС)нинг «Энг яхши ихтиро» медали ва «Интеллектуал мулк соҳасида фаолият юритаётган энг яхши корхона» мукофотлари эгаларига топширилади.

Ушбу ярмарканинг ташкил этилганига ўн йил тўлиши муносабати билан анжуманни кенг миқёсда, тантанали руҳда ўтказиш режалаштирилган. Бинобарин, унда ўзбекистонлик етук олимлар, билан бирга Европа ва Осиёнинг етакчи мамлакатларидан 100 га яқин ихтирочи ва мутахассисларнинг иштирок этиши кутилмоқда. Бу юртдошларимизга ўзаро фикр, алмашиш имконини беради.

Маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий айтганидек, «Дунёда турмоқ учун дунёвий фан ва илм лозимдур, замона илми ва фанидан бебаҳра миллат бошқаларга поймол бўлур»...

 

Шуҳрат ИСЛОМОВ,

ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.