04.05.2017

«УНУТМАС МЕНИ БОҒИМ»

Келажакни астойдил ўйлаб, унга жон-жаҳди билан талпиниб яшаш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Жалол Рўзиев эса ана шундай теран ақл соҳиби, серғайрат, сахий қалб инсон эди. У ён дафтарига бундан қарийб ўттиз йил бурун «Шаҳрисабз­нинг истиқболи — боғдорчилик ва сабзавотчилик», деб қайд қилган, шунга интилган, бугун ҳам ҳосил бераётган тенги йўқ боғ-роғлар яратган эди. Ўйлаб-чамалаган режалари айрим амалдорларга ёқмаса ҳам, шартта юзига айтар, ноҳақ маломатга дучор қилинганлар тарафида бўларди. Шерюрак эди. Дарвоқе, у туғилиб ўсган қишлоқ ҳам Шеромон деб аталади ...

Ният қилиб, Қаъни қишлоғига туташ ўрмонзорга етиб келдим. Кўкка бўй чўзган терак, ёнғоқ ва бош­қа дарахтларни қирқинчи йилларнинг бошида Хуррам Боқиев ўтқазган, парваришлаган, бу сўлим гўшада буюк адиб Ойбек ўтган асрнинг эллигинчи йиллари бошида ижод қилган. Мен изларини излаб, бир ойдан буён тоғ қишлоқларини кезиб, ўйлаган инсон — Жалол Рўзиев бир замонлар Хуррам бобонинг маслаҳатини олгани бу жойларга кўп келар эди.

Ўрмонзорнинг бир ёқасидан Оқсув дарёси пишқириб оқаяпти. Дарё соҳилида туриб, умр ва ҳаёт ҳақида ўйлайман. Юз-қўлимни муздек совуқ сувда юваман. Хўрсинаман. Бугун буюк адиб ҳам, ўрмончи бобо ҳам, бутун Шаҳрисабзни қалбига жо айлаган, ҳар бир қишлоқни кезиб, одамлар турмушини яхшилаш иштиёқида яшаган, боғлар яратган Жалол Рўзиев ҳам орамизда йўқ. Мен журналист сифатида у кишини кўп бора учратган, суҳбатлашган эдим. Минг афсуски, ҳаёти, дард-ўйлари ҳақида бирор марта сўрамабман.

Бундан ўксинаман. Улкан анҳор ёқалаган йўл­дан юра бошлайман. «Мен Темирчи қишлоғиданман, болалар боғчасида ишлайман, Жалол Рўзиевни билмаган киши йўқ, унинг синглиси Сочучук мактабда ишлайди, яқин дугонам», дея йўл кўрсатади Дилором Жабборова...

Шеромон боғ-роғлар қўйнидаги қишлоқ экан. Мана, Жалол Рўзиевнинг ҳовлиси. Оддий, аммо дид билан қурилган уйлар. Кенг ҳовли дарахтзор, узумзор. Пешайвондаги ўриндиққа ўтирамиз. Оила бекаси Иззат опа бизни хушнудлик билан кутиб олади. Дарров дастурхон ёзилади, қанд-қурс қўйилиб, нон ушатилади. Меҳмон келганини эшитиб, қўни-қўшни ўтишади. Суҳбат бошланади.

— Айланай укажон, хуш келибсиз, — тилидан бол томади 80 ёшли Нисо момо Шарипованинг. — Шундай ҳамсоямиз. Жалол мендан ўн ёш кичик эди, ҳозир ҳаёт бўлса, етмишдан ошган бўларди... Илмли, адолатли йигит эди. Умрининг охиригача одамларга яхшилик килиб кетди раҳматли.

— Нимасини айтасиз, моможон, — кўз ёшларини артади яна бир қўшниси Фарида Бобоқулова. — Эсимда, ўғлимнинг мазаси қочиб, зудлик билан даволаниши керак бўлди. Қўлимиз қисқа эди. Охири, Жалол аканинг олдига келдим. У киши пул берди. Болам тузалиб кетди, ҳозир икки фарзанди бор. Бироқ ўша пулни қайтариб олмади. Бир бизга эмас, қанчадан-қанча муҳтож кишиларга беминнат ёрдам берган. Илоҳо, жойлари жаннатдан бўлсин ...

— Қишлоғимизни обод қилиш учун ҳеч нарсасини аямасди, — эслайди Маннон Сатторов. — Ҳеч кимни камситмас, ночорлардан ёрдамини аямасди...

Унинг отаси Рўзи бобо уста боғбон бўлган. Оилада 7 ўғил ва 3 қизни вояга етказиш осон кечмаган. Тўнғичи — Жалол Тошкент қишлоқ хўжалигини ирригациялаш ва механизациялаш инженерлари институтини 1970 йилда битириб, муҳандис бўлди. Ҳам ўқиб, ҳам ишлаб, укаларини ёнига тортди, қўллаб-қувватлади. Барчаси илмли, ҳунарли бўлди. Уйланди, садоқатли умр йўлдоши Иззат Қурбонова билан уч ўғил ва беш қизни улғайтириб, камолга етказишди.

Йигитликда йиғ

      илмнинг маҳзани,

Қарилик чоғида

      харж қилғил они...

Жалол Рўзиевнинг шахсий кутубхонасида Ҳазрат Навоийнинг кўп бора ўқилган китобидаги ушбу байт остига қалин чизиқ тортилган. Китоб­лар жуда кўп. Умр йўлдоши Иззат ая: «Кўп ўқирдилар, тонг­гача китоб варақлаб чиққан кунлари бўларди», дейди. Дар­ҳақиқат, кичик кутубхонада турли соҳага оид китоблар бор экан. Деҳқончилик, сабзавотчилик, отчилик, паррандачиликка оид қўлланмалар тўплаб, улардан доимо фойдаланган, ўз устида ишлаган. Навоий, Бобур, Абдулла Орипов асарлари, Амир Темур бобомиз ҳақидаги тарихий китоблар кўп бора мутолаа қилинган, кўчирмалар олинган.

Уч-тўртта «ён дафтар» тутган экан Жалол ака. Айримларини ўқиб, лол ва ҳайратда қолдим бу изланишлардан. Мана, ўша ёзувлардан айримлари: «Тилимиз худода, қўлимиз меҳнатда бўл­син», «Инсонга қўлдан келганча ёрдам бериш керак», «Ғўза қатор орасига нега ғалла экилади?», «Халқ­қа ҳам ғалла қолсин», «Техникани кичик фермер ололмайди», «Шаҳрисабз тўлиқ боғдорчилик ва сабзавотчиликка ўтиши керак»...

Бундай фикрлар, хулосалар, қайдлар кўп. Ёзувларни тафаккури юксак, доим режа тузиб, уларни юзага чиқариш учун ўзини аямай меҳнат қилган инсон битган. Қачон ва қандай улгурган? Жалол ака институтни тугатиб келиб, ўзи туғилиб ўсган хўжаликда меҳнат қилган. Серғайрат, илмли муҳандис тез орада тумандаги масъул вазифаларга кўтарилади. Бир неча йил Шаҳрисабз туман қиш­лоқ ва сув хўжалик бошқармаси ва ўн йилдан ошиқ туман қишлоқ хўжалигига агрокимё хизмати кўрсатиш корхонасининг раҳбари бўлади.

— Жалол ака Шаҳрисабзнинг барча қишлоқлари, экин майдонларини кезиб чиққан эди, — дейди меҳнат фахрийси Қаҳрамон Қўлдошев. — Билсангиз, юксак чўққиларга ёндош, Ғилон, Сувтушар ёки Оммоғон, Хитой қишлоқларига борган киши икки-уч кунсиз қайтолмайди. Қишда йўлларни қалин қор қоплаб олади. Аммо Жалол ака ўша чўққилар пойидаги адирларда боғ яратаётган кишилар олдига тез-тез бориб турарди. Мен анча йил хўжаликда бош агроном бўлдим, мустақиллик йилларида фермер хўжалик тузиб, уни бошқардим, ҳозир ўғлим ишни қўлимдан олган. Айта оламанки, Жалол ака кўпчилик фермерларнинг ер майдони, ташвишларини ёддан биларди. «Эртани ўйланглар, боғ яратинглар», дерди ҳамиша.

— Қаҳрамон ака ҳақ, Жалол ака донишманд, катта ташкилотчи, узоқни кўра билувчи инсон эди, — хотирлайди туман агрокимё хизмати корхонаси бош муҳандиси Элмурод Қўлдошев. — У киши билан ўн йил бирга ишладик. Алоҳида павильон қурдирдилар, натижада ўғитларни ёмғир-қорга ивитмай, вагондан тушириб олар эдик. Бугун заводларга сифатли ўғит ишлаб чиқариш талаби қўйилмоқда. Жалол ака анча илгари минерал ўғит ишлаб чиқараётган корхоналар билан мус­таҳкам алоқа ўрнатган, сифатли маҳсулот олиш учун талашиб-тортишарди.

Раҳбарлик, кўрсатма бериш ўз йўлига. Инсон аниқ иши билан ҳаёт йўлини безайди. Мен юксак тоғ адирлари бағридаги Аччиғи қишлоғига чиқиб бордим. «Шамолимиз қаттиқ ва аччиқ», дейишади кўпчилик. Аммо боғларга чўмган экан бу қишлоқ. Ҳовлилар, кўча четлари мевали дарахтларга тўла.

— Бир неча адирлар бағридаги қишлоқларни қўшиб, алоҳида хўжалик тузишди, — эслайди меҳнат фахрийси Сожида Хуррамова. — Бир йил ўтиб, 1981 йилда Жалол ака раҳбар бўлиб келди. Ўшанда жами ер 8 минг гектардан ошиқ, бироқ суғориладиган майдон атиги 240 гектар эди. Чорвачилик ўзини оқламас эди. Мен раис ўринбосари эдим. Раҳбаримиз елиб-югуриб, боғдорчиликни ривожлантирди. Чунки халқни боқиш, иш топиб бериш керак эди. Адирларга буғдой, тарвуз, экдик. Ҳисорак сув омбори қурувчилари адирдаги 70 гектар ерга сув чиқариб, узумзор барпо этишди. Янги ер, тупроқ ўпирилиб кетади, аммо Жалол аканинг ўзи иш бошида туриб, сув тарар, ниҳолларни ўстиришга даъват этарди. Ўзини ҳам, бошқаларни ҳам аямас, бироқ одамлар ундан рози эди. Тез орада Аччиғи қишлоғи адирларига сув чиқариб, яна 200 гектар янги боғ яратдик. Ҳосилга кирган боғлар маҳсулоти фойда келтира бошлади. Шунда хўжаликда ишлаб кетган кишиларга ҳар ой қўшимча пенсия берила бошлади. Боғбонлар узлуксиз мукофот олишарди. Мактаб, боғчалар қурилди. 1994 йил Жалол ака туман қишлоқ ва сув хўжалик бошқармаси бошлиғи бўлди. Аммо одамлар у кишининг хизматларини ҳеч вақт унутмайди.

— Мен саксон бешинчи йилда агроном бўлиб ишга келгандим, — эслайди Нас­риддин Эшмуродов. — Бир куни эрталаб раис: «Қирдаги буғдойга ўғитни қачон сепдинг­лар?», деб сўраб қолди. Очиғи, бориб кўрмагандим. Аммо Жалол ака тонг саҳарда хабар олган экан. «Ёлғон гапирма», дедилар. Бу сабоқ бўлди. Ҳозир Жалол ака сув чиқарган адирларда фермерлар меҳнат қилаяпти. Мен ҳам фермерман, 38 гектар боғимиз бор. Яхши инсондан боғ қоларкан...

...Жалол Рўзиевнинг уйида, дастурхон атрофида ўтирибмиз. Набираси — Сабоҳат қизининг фарзанди. 17 ёшли Жавоҳир коллежда ҳунар ўрганаётган экан. «Бобом менга велосипед олиб берганлар, ҳозир ҳам бор», дейди ғурурланиб.

Мен 2014 йил 16 июнда тутилган қалин «Дафтар»ни қизиқиб варақлайман. Пенсияга чиққан вақтлари экан. Унда ўғил-қизлари, набиралари, қариндош-уруғлар, дўстлари, энг муҳими турли соҳа вакилларининг телефон рақамлари қайд этилган.

Ҳаммасидан қуйидаги битиклар ҳайратимни оширди: «Оқ» ва «Муҳаббат» олмаси Китоб туманида бор. Қизил, ёқимли ҳидли олмани Тожикистондан олса бўлади. «Салтанат» деган олма бор. Қадимий мурут навидан топиш керак. Китоб туманининг Гулгунпушт қишлоғидаги Аҳад аканинг катта боғи бор»...

— Отам ҳар бир мева кўчатини узоқ-узоқлардан, моҳир боғбонлардан олиб келиб, 8 гектар боғ яратдилар, — дейди фермер ўғли Фахриддин. — Ҳозир уни ўғлим Рўзмат парваришлаяпти, алоҳида фермер хўжалиги тузилган. Бобо-набира бирга-бирга асл меваларни пайвандлашган. Шундан 2,5 гектардаги ёнғоқ дарахти аллақачон ҳосилга кирган.

— Орзулари кўп эди, — дейди умр йўлдоши Иззат ая, — Кичик ўғлимиз Фарҳоджон олий маълумотли иқтисодчи бўлган, уйланган, икки нафар фарзанди бор эди. Фалокат юз берди, тўсатдан оламдан ўтди. Отаси жуда куйди. Оғир касалликни орттирди. Тасалли шуки, фарзандларимиз отасининг ишини давом эттираяпти. Ҳозир 25 неварамиз бор. Фарҳоджоннинг ўғлига Исломбек, деб исм қўйганди, дуркун улғаймоқда. Уларга қараб севинаман.

Ҳозир ҳам бу қутлуғ остонадан қишлоқдошларнинг қадами узилиб кетмаган, йўқлаб келишар экан. Мен яна хонага кўз югуртираман. Деворга ниҳоятда чиройли отнинг сурати илинган экан. Альбомда ҳам отнинг суратлари кўп. Мен 1993 йил тоғдаги хўжаликда ўтган Наврўз байрамида зотли от миниб, кўпкарига кайвонилик қилган Жалол акани кўрганимни дарров эсладим. Укаси Абдуҳакимнинг айтишича, у киши отга жуда меҳр қўйган, қўшни Қирғизистондан зотли бия сотиб олиб, чопқир отларни етиштиришга киришган экан. Ҳозир шу отларни укаси кўпайтираяпти.

 Мен Жалол ака пайванд қилган, ҳозир ҳосилга кирган ноёб мевали дарахтларни кўздан кечирдим. Ҳовлисида ўсаётган серҳосил ёнғоқнинг мағзидан татиб кўрдим. Жалол ака яратган боғлар, эзгу ишлари унинг иккинчи умридир. Шоир Усмон Носир айтганидек: «Унутмас мени боғим...»

 

Юнус УЗОҚОВ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.



DB query error.
Please try later.