04.05.2017

ТУРИЗМ РИВОЖЛАНИШИ

иш ўринлари яратилишига хизмат қилади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан ҳамкорликда «Туристик фаолиятнинг самарали ахборот таъминоти» мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Унда таъкидландики, мамлакатимизда туризм саноатини ривожлантириш, иқтисодиётнинг тез ўсишини таъминлашда унинг ролини ошириш ва шу орқали янги иш ўринлари яратиш, дунё бозорида миллий туристик маҳсулот салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилувчи ташкилий шароит­лар яратилмоқда. Шу боис туризм соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи самарали меъёрий-ҳуқуқий майдон, соҳани ривожлантиришнинг стратегик режалари бўйича қабул қилинган ҳужжатлар мазкур фаолиятнинг асосини ташкил этиши лозим. Бу жараёнда туризмнинг ўзига жалб этувчи воситаси сифатида ахборот бозори иштирокчилари фаолия­тини такомиллаштириш, ахборот технологиялари салоҳиятидан самарали фойдаланишни таъминлайдиган қоидаларни таркиб топтириш талаб этилади.

Депутатлар миллий туризм тизимини ривожлантиришда мазкур соҳада самарали ахборот алмашинувини таъминлаш зарурлигини қайд этишди. Бу биринчи навбатда, истеъмолчиларнинг мамлакатимиз ҳақидаги ахборотдан эркин фойдаланиши, туристик хизматларни тақдим этиш шароит­лари, хусусиятларига ҳамда уларнинг хавфсизликни таъминлаш билан боғлиқ ахборотларга тегишлидир. Мазкур масалаларни комплекс ва тизимли ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишни таъминловчи қоидаларни миллий қонунчилигимизга киритилишини таъминлаш лозим, дейишди сўзга чиққанлар.

Давра суҳбатида, шунингдек, туроператорлар фаолиятига туризм бизнесининг ишлаб чиқариш жараёнларини автоматлаштириш ва қулайлаштиришга имкон берадиган замонавий компьютер дастурларини жорий этиш зарурлиги таъкидланди. Туризм хизматларини сотиш ва банд қилиш бўйича туроператорларнинг GPS-позицияга асосланган хал­қаро глобал ахборот тизимларига уланишлари ва локал сервисларни яратишларининг муҳимлиги қайд этилди.

— Туризм соҳаси мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга, — дейди Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси аъзоси, ЎзХДП фракцияси аъзоси Нўъмон Акбаров. — Туризм бозорини ривожлантириш учун бир қатор масалаларга эътибор қаратиш зарур, деб ўйлаймиз. Масалан, ахборот тарғибот компаниясини ўтказиш ва турли ОАВда Ўзбекистон туризми ҳақида ижтимоий рекламаларни тарқатиш, фото ва видеоматериаллар банкини яратиш керак. Шунингдек, интернет тармоғида мамлакатимизнинг туристик имкониятлари ҳақидаги марказлаштирилган ва алоҳида ахборот ресурслари ҳамда туристлар, туроператорлар ва туризм соҳасининг инвесторлари учун ахборот порталлари сонини ошириш, мамлакатимиз ва чет элдаги туристлар учун ахборот марказлари тармоғини яратиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Давра суҳбати якуни бўйича келгусида туризм фаолиятини ахборот билан таъминлаш жараёнининг қонунчилиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштиришга йўналтирилган тавсиялар ишлаб чиқилди.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.