04.05.2017

АҲОЛИ КЎПРОҚ ҚАНДАЙ МАСАЛАЛАРДА МУРОЖААТ ҚИЛЯПТИ?

Президентимиз томонидан 2017 йил юртимизда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилинганида аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, уларни қийнаётган муаммоларни ўрганиш ва ҳал этишнинг янги механизмларидан фойдаланиш кераклиги алоҳида уқтириб ўтилди. Бу барча даражадаги раҳбарлар, депутатлар олдига янги ва масъулиятли талабларни қўйди. Инсон манфаати ҳамма нарсадан устун, деган тамойил мамлакатимиз сиёсатининг бош мезонига айланди.

Депутат ва сенаторлар ҳар ойда 10-12 кун давомида бир туманда бўлиб, давлат ҳокимияти органлари фаолиятини ўрганиб, таҳлил қилиши, раҳбарларнинг ҳисоботини халқ депутатлари Кенгашлари сессиялари муҳокамасига киритиши ҳамда улар фаолиятига тегишли хулосалар беришига оид банди ижроси парламентимиз фаолия­тида янги босқични бошлаб берди, десак муболаға бўл­майди. Бу жараёнда нафақат Қонунчилик палатасидаги фракциямиз аъзолари, балки маҳаллий Кенгашлардаги депутатларимиз ҳам фаол иштирок этмоқда.

Хўш, бугун депутатларга аҳоли қайси масалаларда кўпроқ мурожаат қиляпти? Уларни ҳал этиш бўйича қандай чора-тадбирлар кўрилмоқда, қандай ташаббуслар илгари сурилмоқда? Депутатларимизга ана шу саволлар билан мурожаат қилдик.

 

Абдуғаффор ҚИРҒИЗБОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Хабарингиз бор, Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасидаги фракциялар аъзолари ҳар ойнинг биринчи 10 кунлигида жойларга чиқиб, биттадан туманни комплекс ўрганишмоқда. Ҳокимият, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, таълим, соғлиқни сақлаш соҳаларидан тортиб барча йўналишларда одамларни қийнаётган масалалар тизимли равишда ўрганилиб, муаммолар ҳал этилмоқда. Буни халқ билан мулоқотнинг самараси, деб биламан.

Бундан ташқари, ҳар бир депутат ҳар ойда ўз ҳудудидан 50 тадан хонадонга кириб, аҳоли вакиллари билан очиқ мулоқот олиб боряпти. Бу жараёнда маҳаллий Кенгашлар депутатлари бевосита иштирок этмоқда. Натижада ҳудудлардаги баъзи масалаларни сессияларга киритиш тизими такомиллаштириляпти.

Мисол учун, март ойида Наманган вилоятининг Уйчи туманида бўлдик. Апрель ойида Тўрақўр­ғон туманида уйма-уй юриб, одамларнинг турмуши билан танишдик, уларни ташвишга солаётган масалаларни ўргандик. Муаммоларга ечим топиш бўйича маҳаллий ҳокимликларга, тармоқ, ташкилот ва идораларга мурожаат қилдик.

Ўрганилган масалалар бўйича маҳаллий ҳокимият органларига депутатлик сўровлари юбориляпти, улар ижросига ҳам эътибор қарат­япмиз.

Қишлоқ врачлик пунктларида оптималлаштириш жараёнини олайлик. Бу орқали бугунги кун талабларига жавоб бермайдиган, мослаштирилган бинолардаги қишлоқ врачлик пунктлари жойлашуви қайта кўриб чиқилмоқда. Самарасиз ишлаётган пунктларга сарфланаётган маблағлар талаб юқори бўлган ҚВПларни моддий-техник жиҳатдан мустаҳкамлашга йўналтирилмоқда. Қишлоқ врачлик пунктлари туну кун ишлаши, врач у ерда яшаши учун зарур шароитлар яратиш масалаларига эътибор қаратил­япти. Биз ҳам ўз навбатида, тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг жойлардаги ижроси билан яқиндан танишяпмиз. Масъул ходимлар, раҳбарларнинг бу масалага эътибори қандайлиги билан қизиқяпмиз.

Учрашувлар, мулоқотлар давомида халқимиз онгида катта ўзгаришлар бўлаётгани сезилмоқда. Қай бир ҳудудга бормайлик, одамларнинг ички ва ташқи сиёсатда амалга оширилаётган ислоҳотларга қизиқиши ҳар қачонгидан ортганига гувоҳ бўляпмиз. Мурожаатларда шахсий манфаатдан кўра, халқ дарду ташвиши устунлик қилаётгани ҳам кишини қувонтиради. Ички йўлларни таъмирлаш, ичимлик суви, тиббиёт масаласи, коммунал соҳани ривожлантириш, энг асосийси, халқ­нинг ҳақ-ҳуқуқини, қонун устуворлигини таъминлаш, ички ишлар тизими, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимларига бўлган ишончни ошириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлардан халқимиз миннатдор бўляпти.

 

Ғуломжон САПАЕВ, ЎзХДП Хоразм вилоят кенгаши раиси:

— Бугун ҳаётнинг ўзи сиёсий партиялар олдига юксак вазифаларни қўй­моқда. Чунки бугунги сайловчи кечагидан кескин фарқ қилади. Улар партиядан амалий иш кутмоқда. Шу нуқтаи назардан партиямиз ташкилотлари ўз ишини қайтадан кўриб чиқди. Депутатлик бирлашмалари ҳамда партия ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаб, электоратимизга дахлдор бўлган муаммолар ечимига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хоразм вилоятида пар­тиямиздан сайланган 118 нафар депутат, 12 та депутатлик гуруҳимиз бўл­са, уларнинг ҳар бири учун аниқ вазифалар белгиланди. Яъни ҳар бир гуруҳ ҳар чоракда камида 4 масалани ўрганиши, камида 1 масалани сессияга киритиши ва муаммо юзасидан ҳаё­тий таклифлар бериши лозим.

Шу ўринда ўтган йилги ҳолатга тўхталиб ўтмоқчиман. 2016 йил давомида Хоразм вилояти бўйлаб 38 депутатлик сўрови амалга оширилди. Жорий йилнинг шу кунига қадар 30 га яқин депутатлик сўрови юборилган. Уларда жойлардаги тиббий хизмат сифатини яхшилаш, аҳолининг дори воситаларига бўлган эҳтиё­жини таъминлаш ва яна бошқа кўплаб масалалар кўтарилган. Мисол учун, халқ депутатлари Боғот туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи томонидан туманда дори воситаларининг таъминоти, нарх-навонинг мутаносиблиги таҳлиллар асосида ўрганилди. Мазкур масала тегишли доимий комиссия­да муҳокама қилинди ва дори воситаларининг сифати ҳамда баҳоси устидан депутатлик назорати ўрнатилди.

Маҳаллий Кенгашлар депутатлари Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари билан аҳоли хонадонлари, мактаб, коллеж, тиббиёт муассасалари, меҳнат жамоаларида бўлиб, ҳақиқий аҳвол билан яқиндан танишиб чиқяпти. Муаммоларни ҳал этиш, тараққиёт режаларини амалга ошириш юзасидан одамлар ҳам ўз мулоҳазалари, таклифларини билдиришмоқда.

Яқинда халқ депутатлари Хоразм вилоят Кенгашидаги партиямиз гуруҳи йиғилишида мактабгача таълим муассасалари моддий-техник аҳволи ва у ерда мавжуд муаммоларнинг ечими бўйича масала муҳокама қилинди. Вилоят халқ таълими бошқармасининг ахбороти эшитилди ва бир қанча ечимини кутаётган масалалар борлиги маълум бўлди. Масалан, баъзи мактабгача таълим муассасалари бинолари ўз вақтида ишга туширилмаган. Айримлари мебель жиҳозлари билан етарли таъминланмаган. Бу масалани таклиф ва тавсиялар асосида доимий комиссия­да, зарурат бўлса, сессияда кўриб чиқиш бўйича қарор қабул қилинди.

Бандлик масаласини олайлик. Депутатлар бу борада ҳам тизимли ишлар олиб бормоқда. Хусусан, коллежлардаги мутахассисликлар бўйича ўша ҳудуднинг эҳтиёжи қандайлиги ўрганилмоқда. Мониторинг давомида маълум бўлдики, баъзи коллежларда компьютер мутахассислиги бўйича ҳар йили юзлаб ўқувчи битиради. Лекин ўша ҳудудда бу мутахассисликка эҳтиёж у қадар катта эмас. Ёки аксинча, баъзи жойларда асосан қишлоқ ҳўжалиги соҳасига ихтисослашган кадрлар тайёрланяпти. Натижада бу ишсизликни келтириб чиқармоқда. Шунинг учун квоталаш масаласи бўйича таклиф ва тавсиялар берилмоқда.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА

ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.