02.05.2017

ОЛТИ ЖАНГ, ОЛТИ ҒАЛАБА

Тошкентдаги «Ўзбекис­тон» спорт мажмуасида 30 апрелдан 7 майга қадар бокс бўйича Осиё чемпионати бўлиб ўтиши ҳақида хабар берган эдик. Ўтган куни бошланган катта спорт байрамида Осиё бокс Конфедерацияси (ASBC)га аъзо 29 мамлакатдан 179 нафар энг кучли боксчи ғолиблик учун кураш олиб бормоқда.

Халқаро ҳаваскор боксчилар Ассоциацияси (AIBA) қоидаларига кўра, жанглар 10 та — 49, 52, 56, 60, 64, 69, 75, 81, 91 ва +91 кг. вазн тоифаларида ўтказилмоқда.

Вакилларимизнинг қитъа биринчилигидаги иштирокини 52 килограммгача оғирликдаги боксчимиз Жасурбек Латипов бошлаб берди. У покистонлик Сайид Асифга қарши жангда ишончли ғалабага эришди.

Жасурбек Латипов иккинчи бос­қичда қирғизистонлик Азат Усеналиевга қарши жанг ўтказади.

Шунингдек, қитъа биринчилигининг кеча бўлиб ўтган баҳсларида яна беш нафар боксчимиз рингга кўтарилди.

56 килограммгача вазн тоифасида Муроджон Аҳмадалиев туркманистонлик Шодлик Муродовга қарши баҳс олиб борди ва рақибини биринчи раундидаёқ нокаутга учратди. Муроджон Аҳмад­алиев кейинги босқичда бутанлик рақиб билан куч синашади.

-64кг. вазндаги боксчимиз Иқболжон Холдоров дастлабки жангда ҳиндис­тонлик Ашиш қаршилигини енгиб ўтди. Иқболжон Холдоровнинг ке­йинги босқичдаги рақиби Хитой Тайпей вакили Хунг Минг Пан бўлади.

Ҳасанбой Дўсматов (-49кг.) Осиё чемпионатидаги илк жангини Шри-Ланка вакили Тхиванка Паллехага қарши ўтказди. Амалдаги Осиё чемпиони бўлган ҳамюртимиз яққол устунлик билан ғалаба қозонди. Ҳасанбой Дўсматов кейинги бос­қичда Қозоғистон терма жамоаси аъзоси Жумарт Ержанга қарши рингга кўтарилади.

75 килограммгача оғирликдаги вазн тоифасида рингга кўтарилган ўзбекистонлик Исроил Мадримов фаластинлик Абудабат Қосимни биринчи раунднинг 35 сониясидаёқ техник нокаут ҳолатига туширди. Энди у навбатдаги баҳсда филиппинлик Марсиал Эумирга қарши жанг олиб боради.

91 килограммдан оғир вазнли бокс­чилар ўртасидаги жангда ўзбекистонлик Санжар Турсунов корея­лик Хеонг Кю Кимдан устун келди.

Шундай қилиб кеча баҳсга киришган боксчиларимизнинг барчаси дастлабки жангларни ғалаба билан якунлади.

 

Шаҳбоз САИДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.