02.05.2017

ҲАЛОЛЛИК, ФИДОЙИЛИК ВА МАСЪУЛИЯТ

ёки судьялардан талаб қилинадиган энг муҳим жиҳатлар

Инсон ҳаёти билан боғлиқ фаолият олиб борувчи касб соҳибларидан доимо ҳалоллик ва фидойилик талаб қилинади. Бу бежиз эмас. Бу борада нотўғри қилинган иш инсон тақдири буткул ўзгариб кетишига сабаб бўлиши мумкин. Судья қабул қиладиган қарор замирида инсон тақдири туриши боис уларнинг иши нафақат ҳалоллик, балки жуда катта масъулият ҳам талаб қилади.

Мамлакатимизда суд ишларида адолатли қарорлар қабул қилишга қодир бўлган, мустақил, турли хил таъсирларга қарши тура оладиган юксак малакали судьялар корпусини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида одил судловга эришиш даражасини ошириш билан бирга номзодларни танлаш ва судьялик лавозимига тайинлаш тизимини янада такомиллаштириш муҳим вазифа сифатида белгиланган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 21 февралдаги «Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони бу борада муҳим қадам бўлди. Мазкур ҳужжат асосида ишлаб чиқилган «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонун шу йил 7 апрелдан кучга кирди. Конс­титуциямизнинг 111-моддаси янги таҳририда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг конституциявий мақоми мус­таҳкамланди.

Шу пайтга қадар судья кадрларни танлаш, тайёрлаш ва лавозимга тавсия қилиш ишлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссияси томонидан амалга ошириб келинган. Янги қонун билан Судьялар олий кенгашига кенг ваколатлар берилди. Хусусан, Президент Ўзбекистон Республикаси Судья­лар олий кенгаши тақдимномасига биноан вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари раислари ва раис ўринбосарларини, Ўзбекис­тон Республикаси Ҳарбий суди раисини лавозимга тайинлайди ҳамда лавозимидан озод қилади.

Айни пайтда кенгаш Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишган ҳолда ҳарбий судлар, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари судьяларини, туманлараро, туман, шаҳар судлари раисларини ҳамда судьяларини мустақил равишда лавозимга тайинлайди ҳамда лавозимидан озод қилади. Шуни қайд этиш керакки, аввал судья­ларнинг бу тоифалари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланар эди.

Судьялар олий кенгашининг асосий вазифалари ва ваколатлари, ҳуқуқлари ҳамда мажбуриятлари, уни шакллантириш ва фао­лиятини ташкил этиш тартибини белгилаш мақсадида «Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида»ги қонун қабул қилинди.

Қонунга кўра, кенгаш ўз фаолиятида қонунийлик, мустақиллик, коллегиаллик, холислик, аъзоларининг тенг ҳуқуқлилиги ва очиқлик принципларига амал қилади. Фақат қонунга бўйсунган ҳолда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, шунингдек, мансабдор шахслардан мустақил равишда иш юритади. Кенгаш фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди. Акс ҳолда бу қонунда назарда тутилган жавобгарликка сабаб бўлади. Кенгаш аъзолари қарорлар қабул қилишда сиёсий қарашлардан ва бошқа ташқи таъсирлардан холи бўлган ўз нуқтаи назарини ифодалайди.

Кенгаш ўз фаолиятини очиқ тарзда, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, бошқа ташкилотлар ва фуқаролар, шунингдек, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда амалга оширади. Бу судьялик корпусини шакллантириш жараёнларининг очиқ бўлишига хизмат қилади.

Қонунга мувофиқ кенгаш йигирма бир нафар таркибда судьялар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, фуқаролик жамияти институти вакиллари ва ҳуқуқ соҳасидаги юқори малакали мутахассислар орасидан шакллантирилади. Судьялар олий кенгаши раиси Президент тақдимига биноан Сенат томонидан тайинланади.

Бунда кенгашнинг ўн бир нафар аъзоси кенгаш раисининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан судьялар орасидан тасдиқланади. Кенгашнинг бир нафар аъзоси Қорақалпоғистон Республикаси судлари судьялари орасидан тасдиқланади.

Кенгаш котиби ва унинг етти нафар аъзоси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ҳамда ҳуқуқ соҳасидаги юқори малакали мутахассислар орасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.

Кенгашнинг ўн уч нафар аъзоси, жумладан, кенгаш раиси, котиби ва ўн бир нафар аъзоси доимий асосда ишлайди. Қолган саккиз нафар аъзоси ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширади. Кенгаш аъзоларининг ваколат муддати беш йил этиб белгиланди.

Ушбу талаблар асосида шакллантирилган Судьялар олий кенгаши эндиликда судьялик лавозимларига номзодларни танлов асосида танлайди. Энг малакали ва масъулиятли мутахассисларни судья этиб тайинлайди. Раҳбар судья­лик лавозимларига тавсия беради. Шу асосда судьялар корпусини шакллантиради. Судьялар дахлсизлиги бузилишининг ва уларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фао­лиятига аралашишнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирларни кўради. Судьяларни касбий тайёрлашни, уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш, судьяларнинг фаолияти самарадорлигини баҳолаш, уларни рағбатлантириш бўйича ташаббус кўрсатади. Оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлик олиб бориш, аҳоли билан мулоқотни йўлга қўйиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг судьялар томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилиши масалаларига доир мурожаатларини кўриб чиқади.

Суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш, суд ҳокимиятининг чинакам мус­тақиллигини ва ягона суд амалиётини таъминлаш, одил судловга эришиш даражасини ва уни амалга ошириш сифатини яхшилаш бўйича таклифлар тайёрлайди. Судьяларни интизомий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги, шунингдек, уларни жиноий ва маъмурий жавобгарликка тортиш учун хулоса бериш ҳақидаги масалани кўриб чиқади.

Кенгаш судья кадрлар захирасини шакллантиради. Турли даражалардаги судлар судьяларини тайинлаш, қайта тайинлаш, ваколатларини муддатидан илгари тугатиш билан боғлиқ бошқа масалаларни ҳал қилишда иштирок этади.

Кенгаш судьяларни давлат мукофотлари билан тақдирлаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентига илтимоснома киритади. Кенгашнинг муҳим вазифаларидан яна бири — суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, суд ҳокимиятининг чинакам мус­тақиллигини ва ягона суд амалиётини таъминлаш, одил судловга эришиш даражасини ва уни амалга ошириш сифатини яхшилаш бўйича таклифларни кўриб чиқиш учун Ўзбекис­тон Республикаси Олий суди пленумига киритади.

Суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган бу каби ислоҳотлар судья ва суд ходимларига алоҳида масъулият юклайди. Бу соҳани танлаган ҳар қайси мутахассис, айниқса, ёш­лар, судьялик касби ўта масъулиятли касб эканини доимо ёдда сақлаши зарур. Ўз ишини пухта билиш, теран фикрлай олиш, ҳар қандай вазиятда масалани обдон ўйлаб, тўғри қарорга келиш каби фазилатларни ўзида шакллантириб бориши лозим. Чунки унинг фаолияти замирида инсон тақдири, жамият манфаати ётади.

Мамлакатимизда Судья­лар олий кенгаши иш бошлаши билан судьяларни танлаш, уларни профессионал тайёрлаш ва малакасини оширишнинг ҳозирги замон талаблари ва халқ­аро стандартларга тўла мос келадиган ягона тизими яратилди.

 

Санжар ДЎСМАНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши аъзоси.

ЎзА



DB query error.
Please try later.