02.05.2017

БЕЛГИЛАНГАН ВАЗИФАЛАР ИЖРОСИДА

партия ташкилотлари ва гуруҳлари фаол иштирок этиши зарур

ЎзХДП Қорақалпоғистон Республика кенгаши пленумида «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастуридан келиб чиққан ҳолда, партия­мизнинг 2015-2019 йилларга мўлжалланган амалий Ҳаракат дастурига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилгани таъкидлаб ўтилди.

— Партиямизнинг 2015-2019 йилларга мўлжалланган амалий Ҳаракат дастури ижроси ҳар ойда таҳлил қилиб борилмоқда, — деди партиянинг Қорақалпоғистон Республика кенгаши раиси, Жўқорғи Кенгесдаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Халилла Ешимбетов. — Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партиямиз гуруҳлари ташаббуси билан 24 масала партия гуруҳлари йиғилишларида, 17 масала доимий комиссия­ларда, 8 масала сессияларда муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Соғлиқни сақлаш муассасалари, хусусан, поликлиникаларни замонавий тиббиёт ва диагностика асбоб-ускуналари билан жиҳозлаш, қишлоқ врачлик пунктларининг моддий-техник базасини яхшилаш, дори воситалари ва фармацевтик фаолияти билан боғлиқ тўрт масала туман ва шаҳарларда ўрганилиб, яна тўрттаси партия гуруҳларида, учтаси доимий комиссияларда кўриб чиқилди. Ушбу масалалар Тўрткўл, Амударё туманларида сессиялар муҳокамасига киритилди.

Хусусан, халқ депутатлари Қўнғирот ва Чимбой туман Кенгашлари сессияларида аҳоли бандлигини таъминлаш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш тўғрисидаги масалалар сессиялар муҳокамасига олиб чиқилди.

— Электорат манфаатларини ҳимоя қилиш самарадорлигини янада ошириш учун ижро ҳокимияти идоралари фао­лия­тини доимий мониторинг қилиб боришимиз керак, — деди ЎзХДП Элликқалъа туман кенгаши раиси, халқ депутатлари туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари Тимур Камалов. — Кўпгина масалалар ҳал этиш учун дастурларга киритилади-ю, афсуски, айрим жойларда идоралар раҳбарлари масъулиятсизлиги сабабли лойиҳалар амалга ошмай қолади. Бу каби ҳолатларга йўл қўймаслик учун албатта ҳудудларни ривожлантириш дастурлари ижроси устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини кучайтиришимиз зарур.

Пленум иштирокчилари таъкидлаганидек, иш ўринлари ташкил этиш бўйича партиянинг барча тузилмалари ташаббускорлигини ошириш керак. Шу мақсадда жойларда ўз ишини очиш истагида бўлган партия электорати вакилларини аниқлаш бўйича ишлар изчил давом эттирилиши шарт. Ушбу масалада ҳамкор ташкилотлар билан жойларда ўтказилаётган ижтимоий лойиҳалар, айниқса, Жамоатчилик қабулхоналари имкониятларидан унумли фойдаланиш лозим. Шу билан бирга, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳларининг фаолиятини бугунги кун талаблари асосида жонлантириш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

— Ҳаракат дастурини амалга оширишда одамлар билан доимий ва очиқ мулоқотларни кўпайтириш, электоратнинг турмуш даражаси ва сифатини, моддий фаровонлигини оширишга қаратилган ижтимоий сиё­сатни фаол давом эттириш лозим, — дейди Ўзбекистон ХДП Чимбой туман кенгаши раиси Парахат Оринбаев. — Биз аҳолининг ижтимоий ёрдамга муҳтож қатламлари, хусусан, ёлғиз яшовчи кексалар, пенсионерлар, ногиронларни қўллаб-қувватлаш, уларга самарали ижтимоий хизматлар кўрсатиш борасидаги ишлар юзасидан жамоатчилик назоратини кучайтиришимиз керак.

Шунингдек, пленумда партия ташкилотлари қошида ташкил этилган Жамоатчилик қабулхоналарига тушаётган мурожаатларни тизимли равишда ўрганиш ва таҳлил қилиш, шу асосда жойлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни аниқлаш, йўл қўйилаётган камчиликлар ва уларнинг сабабларини кўриб чиқиш кераклиги қайд этилди.

Бундан ташқари, Жамоатчилик қабулхоналари иш фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда қабулхоналарга тушган мурожаат, аризаларни жойида ўрганиш, қабулхоналарга депутатларни кенг жалб этиш аҳоли эътирозларига сабаб бўлаётган муаммоларни аниқлаш, илдизига етиб бориш ҳамда уларни ижобий ҳал этишга хизмат қилиши лозимлиги таъкидланди.

Ўтган йили Қорақалпоғистон Республикаси, туман ва шаҳар кенгашлари қошида ташкил этилган Жамоатчилик қабулхоналарига 336 мурожаат келиб тушган. Уларнинг 90 фоизи ижобий ҳал этилган.

Партия фаоллари бу натижалар хотиржамликка берилишга асос бўлолмаслигини, электорат манфаатлари билан боғлиқ масалаларда янада фаоллик кўрсатиш кераклигини таъкидлаб, галдаги вазифаларга тўхталишди.

Шунингдек, сўзга чиққанлар электорат вакиллари орасида ижтимоий-сиёсий, мафкуравий йўналишларда олиб борилаётган ишларни такомиллаштириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратишди. Партиянинг тар­ғибот-ташвиқот йўналишидаги фао­лиятини янада такомиллаштириш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Кун тартибидаги масалалар таклифлар ва мулоҳазалар асосида атрофлича кўриб чиқилди. Пленумда кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Мнажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.