29.04.2017

ИЛМ-ФАН ВА ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ИНТЕГРАЦИЯСИ

замонавий технологиялар соҳасида эришилаётган ютуқларга асос бўлмоқда

Улуғ ватандошимиз Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий ўзининг машҳур «Ал-жабр ал муқобала» асарига шарҳида бу китоб мерос ва мол тақсимлашда, васиятнома тузиш, адлия, савдо, муҳандислик ва бошқа барча ҳисоб-китоб ишларида қўл келишини таъкидлаган. Унинг ўнлик саноқ системасини, алгоритм ва алгебра тушунчаларини кашф этиши ва инсоният ҳаётига татбиқ этиши дунё тараққиётида янги даврни бошлаб берган эди.

Илм-фан, интеллектуал салоҳият тараққиёт мезонига айланиб бораётган ҳозирги даврда мамлакатимизда бу соҳани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Илм аҳлини, ёш олимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, илмий тадқиқотларни ҳаётга татбиқ этиш борасида яратилаётган шарт-шароит ва имкониятлар ҳам ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда. Олимларимиз олиб бораётган илмий изланишлар, бу борада эришилаётган ютуқлар бунинг ёрқин далилидир. Ана шундай фидойи инсонлардан бири — Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, академик Шавкат Аюповдир.

— Барча соҳаларга бевосита ёки билвосита дахлдор математика фанининг ривожланиши буюк аждодларимиз ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Аҳмад Фарғоний, Мирзо Улуғбек сингари алломаларимиз номи билан боғлиқ, — дейди олим. — Ушбу тагзамин бугунги кунда илм-фан ва замонавий технологиялар соҳасида эришилаётган жуда катта ютуқларга асос бўлмоқда. Энг қувонарлиси, юртимиздан етишиб чиққан Тошмуҳаммад Саримсоқов, Саъди Сирожиддинов, Маҳмуд Салоҳиддинов каби атоқли академиклар математика соҳасида ўз илмий мактабларини яратдилар.

Математика фанига бўлган қизиқиш ва иқтидор одатда нисбатан эрта намоён бўлади. Атоқли олимларимиздан Тошмуҳаммад Саримсоқов 27 ёшида, Саъди Сирожиддинов 32 ёшида, Шавкат Алимов 28 ёшида физика-математика фанлари доктори бўлишган...

Бугун мамлакатимизда ана шу мактаблар давомчилари бўлган кўплаб ёшларимиз томонидан математиканинг янги қирралари кашф этилмоқда. Улар томонидан олиб борилаётган илмий изланишлар халқаро миқёсдаги кашфиётларга муносиб ҳисса бўлиб қўшилмоқда.

Шавкат Аюпов 1969 йилда Тошкент шаҳридаги 192-мактабни олтин медаль билан тамомлагач, Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) механика-математика факультетида олий маълумот олди. 1974 йили университетни муваффақиятли битириб, функционал анализ кафедрасида ишлади, олиб борган илмий тадқиқотлар, натижасида 1977 йилда номзодлик диссертациясини ёқлади. Ўша йили у Ўзбекистон Фанлар Академиясининг ёш олимлар учун таъсис этилган мукофотини қўлга киритди, 1980 йилда Америка математика жамияти аъзолигига қабул қилинди.

1983 йилда физика-математика фанлари доктори илмий даражасига эришган Шавкат Аюпов университет алгебра ва функционал анализ кафедраси мудири лавозимида фаолият кўрсатиш билан бирга Ўзбекистон ёш олимлари жамияти раиси вазифасида ишлади. 1995 йилда Фанлар Академияси академиклигига сайланди.

1997-2003 йилларда Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Олий аттесстация комиссияси (ОАК) раиси, 2003-2004 йилларда Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари бўлиб ишлаган Шавкат Аюпов 2004 йилдан буён ЎзР ФА математика институти директори лавозимида самарали фаолият кўрсатиб келмоқда.

Таъкидлаш жоизки, кейинги йилларда илм-фан соҳасида Ўзбекистон олимларининг халқ­аро алоқалари тобора ривожланмоқда. Академик Шавкат Аюпов раҳбарлик қилаётган ЎзР ФА математика институти ходимлари Бонн, Оксфорд, Кэмбриж, Калифорния сингари нуфузли университетлар билан мунтазам илмий ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ёш олимлар ўз билим ва тажрибасини оширишлари учун институт кутубхонасида мазкур соҳага оид дунё олимларининг энг сўнгги тад­қиқотлари, кўплаб ноёб китоб­лар, илмий журналлар мавжуд. Ҳар йили АҚШ, Германия, Буюк Британия, Италия каби ўндан зиёд мамлакатлардаги нуфузли илмий журналларда ўзбек математикларининг юздан ортиқ илмий мақолалари чоп этилмоқда.

Яқинда энг нуфузли халқаро илмий журналларда академик Шавкат Аюпов ва фан доктори Каримберген Кудайбергеновнинг илмий изланишлари натижасида юзага келган, математиканинг долзарб муаммоларига бағишланган бир қатор мақолалар чоп этилди ва дунё олимларининг эътиборига тушди. Италиялик машҳур математик Л.Аккарди ушбу мақолаларда кўтарилган масалалар бўйича олимларимиз билан илмий ҳамкорлик қилиш истагини билдирди.

Шавкат Аюпов 2003 йилдан буён дунёнинг энг салоҳиятли олимларини бирлаштирган «Дунё фанлар академияси»нинг ҳақиқий аъзосидир. Ўзбекистон Фанлар Академияси математика институтининг етакчи илмий мутахассислари, ёш фан докторлари Ўткир Розиқов, Баҳром Омиров, Каримберген Кудайбергенов, Аброр Худойбердиев ҳамда Эркинжон Каримовлар ҳам 40 ёшгача бўлган олимларни ўзида жамлаган мазкур академиянинг ёшлар секцияси аъзоси ҳисобланишади.

Олим жуда кўп халқаро илмий анжуманлар иштирокчиси ва ташкилотчиси ҳисобланади. У Япониянинг Киото шаҳрида, Швецариянинг Цюрих, Германиянинг Берлин, Хитойнинг Пекин, 2014 йилда Жанубий Кореянинг Сеул шаҳарларида ўтказилган математикларнинг Халқаро Конгрессларида, шунингдек, кейинги йилларда Хитой, Руминия, Англия, Италия, Испания, Франция, АҚШ, Мексика сингари бир қатор давлатларда бўлиб ўтган анжуманларда иштирок этиб келмоқда. Тошкентда турли йилларда ўтказилган халқаро конференцияларга ташкилий қўмита раиси бўлди. У 2002 йилдан буён ҳар йили Бонн университетининг Амалий математика институти билан ҳамкорликдаги лойиҳа ҳамраиси сифатида ўз шогирдлари билан тадқиқотлар ўтказиб келади. 2008 йилдан Италиянинг Триест шаҳрида жойлашган Назарий Физика Маркази (ICTP) аъзоси ҳисобланади.

Мамлакатимизда математика соҳасидаги изланишлар учун ажратилаётган грантлар фундаментал, амалий ва инновацион тад­қиқотлар ривожига қаратилгани бежиз эмас. Булар ўз навбатида, илғор инновацион ечимларни ҳаётга татбиқ этиш ва жуда катта натижаларга эришишга олиб келади. Институтда физика-математика фанлари доктори Ўткир Розиқов бошчилигида олиб борилаётган Гиббс ўлчовлари назария­сидан олинган ҳар бир натижа янги физикавий тизимлар учун фаза алмашишлар масаласини ҳал қилса, эволюцион операторлар жабҳасида эришилган муваффақият биологик тизимлар авлодларини башорат қилиш, уларга олдиндан таъсир кўрсатиш имконини, авлод алмашганда қандай генетик белгилар сақланиб қолиши мумкинлигини математик усуллар билан аниқ исботлаб беради.

Мамлакатимизда таниқли олимларимиз изидан уларнинг муносиб шогирдлари — ёш математиклар етишиб чиқмоқда. Бу борада фаол илмий изланишлар олиб бораётган Рустам Турдибоев, Аброр Худойбердиев, Шерзод Муродов, Ғолиб Ботиров, Комила Масутова, Иқбол Каримжонов, Музаффар Раҳматуллаев сингари истеъдод соҳиблари амалий натижалари билан устозларини қувонтирмоқда. Ёш математикларни тайёрлаш мақсадида ҳар йили илмий семинарлар ўтказиб борилмоқда.

— Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мамлакат илмий салоҳиятини янада юксалтириш ва мустаҳкамлашга, академикларнинг илмий фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга қаратилган фармони зиммамиздаги масъулиятни янада кучайтирди, — дейди Шавкат Аюпов. — Давлатимиз раҳбарининг академиклар билан учрашиб, илм-фанни ривожлантиришнинг истиқболлари, фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини янада такомиллаштириш борасида ечимини кутаётган масалалар юзасидан суҳбатлашгани биздан бу борада жиддий ўзгаришлар кутилаётганини англатади. Ушбу йиғилиш қарори билан ЎзР ФА академиклари бир қатор вазирлик ва идораларга бириктирилди.

Президентимизнинг фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг самарали ҳамкорлигини таъминлаш, ёшларимизнинг илм билан шуғулланишга бўлган кўникма ва тажрибасини ошириш, олий таълим муассасаларида талабаларни ўқитиш сифатини яхшилаш борасида жонкуярлик билан билдирган фикр-мулоҳазалари барчамизда унутилмас таассурот қолдирди.

Ҳақиқатан ҳам мамлакат ва жамият ривожи илм-фан тараққиёти билан бевосита боғлиқ. Бу соҳани ривожлантиришга қаратилаётган эътибор замирида иқтисодиётимиз барқарор суръатларда ривожланишини таъминлаш, рақобатбардош, қўшимча қийматга эга тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва уларни жаҳон бозорига олиб чиқиш, халқимиз турмуш фаровонлигини янада яхшилаш, янги иш ўринлари ташкил этиш, ёшларимизни етук, юксак билим ва маънавиятга эга мутахассис сифатида тайёрлаш, мамлакатимизнинг жаҳон миқёсидаги нуфузини ошириш сингари устувор вазифаларни амалга ошириш мақсади туради, десам, янглишмайман.

Бугунги кунда институт олимлари Ўзбекистон Миллий университетининг математика факультети, Тошкент давлат техника университети қошидаги Компьютер технологиялари академик лицейи ҳамда республикамизда фаолият юритаётган банк-молия тизимига кирувчи муассасалар билан узвий ҳамкорликда иш олиб бормоқда. Таълим муассасаларида ёшларга сабоқ бериш баробарида улар билан яқин мулоқотга киришилади, мунозарага имкон берилади. Бундай мулоқотлар ёшларда ўзига бўлган ишончни мустаҳкамлайди ва уларни янги-янги изланишларга ундайди.

— Мулоқот жараёнида мен ёшларга жаҳон тамаддуни тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган ўрта аср алломалари, мутафаккир аждодларимизнинг ҳаёти, фаолияти, илм-фан соҳасидаги ютуқлари ва ноёб кашфиётлари ҳақида гапириб бераман, уларга муносиб бўлишлари лозимлигини кўп бора уқтираман, — дейди Шавкат Аюпов. — Биз, катта авлод вакиллари аввало, ёшларга ҳаётда тўғри йўналиш кўрсатишимиз, уларнинг фанга бўлган қизиқишларини оширишимиз, эртанги кунимизнинг эгалари, бугунги ислоҳотларнинг муносиб давомчилари сифатида уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашимиз лозим бўлади.

Ҳар қандай жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожи илм-фан тараққиёти билан бевосита боғлиқ. Шу маънода, ЎзР ФА академиклари илмий салоҳияти ва бой ҳаётий тажрибаларидан самарали фойдаланиш, уларни фан ва ишлаб чиқариш ҳамкорлигига сафарбар қилиш ниҳоятда долзарб аҳамият касб этмоқда.

Ҳозирги пайтда академик Шавкат Аюпов «Микрокредитбанк» акциядорлик тижорат банки тизимида иқтисодиётни инновацион ривожлантириш, илм-фаннинг ишлаб чиқариш билан интеграциясини кучайтириш, кадрларнинг интеллектуал салоҳиятидан самарли фойдаланиш масалалари бўйича банк бошқарувига илмий маслаҳатчи қилиб бириктирилган.

Бу борада доимий равишда семинарлар ўтказиб бориш, ёшлар ўртасида иқтидорлиларини танлаб, уларга илмий кўмак бериш, фан ютуқларини амалиётга татбиқ этиш борасида ҳамкорлик қилиш мақсад қилиб қўйилган.

Бундай ҳамкорлик банк филиаллари томонидан хизмат кўрсатилаётган мижозларнинг иш фаолияти самарадорлигини ошириш, маҳсулот таннархини камайтириш, янги илмий кашфиётларни ўз фаолиятларида жорий этиш бўйича таклиф ва тавсиялар беришда юқори самара беради.

 

Нуруллоҳ ДОСТОН,

Алишер РЎЗИЕВ,

«Ўзбекистон овози» мухбирлари.



DB query error.
Please try later.