29.04.2017

МАМЛАКАТНИ ОБОД, ХАЛҚНИ РОЗИ ҚИЛИШ ЙЎЛИДАГИ ЭЗГУ ИШЛАР ИФОДАСИ

Жорий йил юртимизда баҳор ўзгача файз билан ўтмоқда. Сахий табиатнинг кўкламни серёғин қилишига элимизда эзгу мақсадларни кўзлаб амалга оширилаётган улкан ишлар эш бўлиб, халқимизни янги марралар сари руҳлантирмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Жиззах вилоятига ташрифи юртимиз табиатида ҳам, одамлар ҳаётида ҳам ана шундай баҳорий яшариш ва янгиланиш палласига тўғри келди. Бу яратувчанлик давлатимиз раҳбарининг жойларда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари билан танишиши, халқ билан юзма-юз мулоқот қилиши асносида янги-янги режалар муҳокамаси жараёнида янада ёрқин намоён бўлмоқда.

Президентимиз ташрифи давомида бўлган учрашувларда иштирок этиб, шу юртнинг оддий бир фуқароси сифатида улкан бунёдкорлик ишларидан, давлатимизнинг аҳоли турмуш фаровонлигини янада юксалтириш, ҳар бир оила, ҳар бир одамнинг бахтли яшаши учун кўрсатаётган ғамхўрлигидан ўзимни ғоят мутаассир сездим, қалбим ифтихорга тўлди. Давлатимиз раҳбарининг вилоятимизда ўтган ҳар бир учрашуви юртдошларимиз қалбида бугунидан шукроналик, эртанги кунига мустаҳкам ишонч туйғуларини юксалтирди.

Президентимиз Зафаробод туманидаги «Чимқўрғон» қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида Жиззах нефтни қайта ишлаш мажмуаси қурилишига тамал тоши қўйишини нафақат рамзий маънода, балки амалда ҳам мамлакатимиз иқтисодий қудратини, халқимиз фаровонлигини янада юксалтиришга қўйилган пойдевор, десам, муболағага йўйманг.

Бутун Марказий Осиё минтақасида ноёб саноат объектларидан бири бўлиши кўзда тутилаётган бу қудратли ишлаб чиқариш корхонасининг мамлакатимиз иқтисодиётини юксалтириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, энг муҳими, турмушимиз янада обод бўлишидаги аҳамиятини тасаввур этиб, тадбирнинг барча иштирокчилари каби мен ҳам давлатимиз раҳбаридан беҳад миннатдор бўлдим.

Иқтисодиёт – ҳамма нарсанинг асоси. Шунинг учун давлатимиз томонидан иқтисодиётнинг барча соҳаларини ривожлантириш, тадбиркорларга кенг қулай шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимиз инсон манфаатларини биринчи ўринга қўйиш деганда, аввало халқимизнинг турмуш маданиятини юксалтириш, миллий, тарихий, маънавий қадриятларимизни мустаҳкамлашга катта эътибор қаратаётир. Бу давлатимиз раҳбарининг Жиззах шаҳрини бош режа асосида қайта қуриш борасидаги бунёдкорлик ишлари, туманларда маҳаллалар ҳаёти, халқимизнинг ардоқли фарзанди Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигига кўрилаётган тайёргарлик ишлари билан танишиши асносида ҳам намоён бўлди.

Президентимизнинг шу йил 27 мартдаги «Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида»ги қарори асосида Жиззах шаҳрида ушбу улуғ инсоннинг ёдгорлик мажмуасини барпо этиш, ҳайкалини ўрнатиш, унинг мемориал уй-музейини ташкил этиш ва музей ҳудудини ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбари Жиззах шаҳрида барпо этилаётган Шароф Рашидов ёдгорлик мажмуасида бўлиб, бу ерда амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Ишнинг сифат ва суръатига алоҳида эътибор қаратиб, уни ноябрь ойигача тугатиш юзасидан аниқ топшириқлар берди. Қурувчилар, ижодкорлар, фахрийлар билан дилдан суҳбатлашди. Суҳбатда Шароф Рашидовнинг 100 йиллик юбилейи муносабати билан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан адибнинг «Сайланма» асарлари, ҳаёти ва фаолиятига бағишланган «Халқимизнинг оташқалб фарзанди» номли хотира китобини нашрга тайёрлаш ва чоп этиш, ҳужжатли фильм яратиш, илмий конференция ўтказиш устида иш олиб борилаётгани қайд этилди.

Жиззахнинг тарихий қисми бўлган собиқ Эски шаҳар ҳудудида барпо этилаётган яна бир маънавият маскани – «Ҳамид Олимжон ва Зулфия боғи» деб юритиладиган ижодкорлар боғи қурилиши билан ҳам танишди. Халқимизнинг икки оташнафас шоири номи билан барпо этилаётган ушбу боғ мажмуаси вилоятдаги муҳим маданий масканлардан бири бўлади. Боғ ҳудудидаги тарихий Хўжа Нуриддин мадрасаси таъмирланиб, бу ерда Зулфия номидаги маънавият маркази фаолияти йўлга қўйилади. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими ҳам шу бинога жойлаштирилиб, турли маданий, адабий-бадиий тадбирлар ўтказилиши учун замонавий шароит яратилади.

Президентимиз ижодкорлар боғининг ташкил этилиши учун танланган жойнинг тарихий, табиий жиҳатдан қулайлиги, унинг шаҳар маънавий ҳаётидаги ўрни, ёшларнинг адабиёт, шеъриятга муҳаббатини ўстиришдаги аҳамиятига эътибор қаратди. Ушбу улкан адибларимизнинг бебаҳо маънавий меросини кенг тарғиб қилиш, шеърларига жо бўлган эзгу тушунчалар моҳиятини ёш авлодга етказиш мақсадида мажмуада ёш ижодкорларнинг «Зулфия ва Ҳамид Олимжон мактаби»ни ташкил этиш таклифини билдирди.

Суҳбат давомида бунёдкорлик, маънавият ва китобхонлик ўзаро уйғун ва чамбарчас тушунчалар экани таъкидланди. Изчил амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари маънавият, китоб мутолааси ва китобхонлик маданияти билан боғлиқ эканини иштирокчилар ҳам чин дилдан ҳис этди.

 

Меҳрибон АБДУРАҲМОНОВА,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Жиззах вилояти бўлими раҳбари.

ЎзА



DB query error.
Please try later.