29.04.2017

ЎЗГАРТИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР

қонунларни янада такомиллаштиришга хизмат қилади

Шу кунларда парламент қуйи палатасида «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилиниши ва фармацевтика фаолияти лицензиялаш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинмоқда.

ЎзХДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида депутатлар мазкур қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқишди.

Ўзбекистон ХДП Сайлов­олди дастурида дори воситалари муомаласи ва фармацевтика фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш масаласига алоҳида эътибор берилган. Шунга мувофиқ, фракциямиз ушбу соҳадаги қонунлар ижроси бўйича амалга оширилаётган ишларни изчил ўрганиб бормоқда. Сайловчилар билан учрашувларда ҳам бу масалада кўплаб мурожаатлар бўл­моқда. Қонун лойиҳасида белгиланган меъёрлар бу борадаги кўплаб муаммо ва камчиликларни бартараф этишга хизмат қилиши таъкидланди.

Депутатларнинг қайд этишича, қонун лойиҳасида назарда тутилган ўзгартишлар Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларида назарда тутилган тегишли нормаларни 2016 йил 4 январда янги таҳрирда қабул қилинган «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги Қонунга мувофиқлаштириш мақсадида ишлаб чиқилди.

Ёқуб УМАРОВ, Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Қонун лойиҳасида дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларида қўлланиладиган айрим тушунчалар қайта кўриб чиқилган. Жумладан, дори воситалари, тиббий буюмлар тушунчаларига янги таърифлар берилган. Шунингдек, тиббий техника, доривор ўсимлик хомашёси каби тушунчалар янгидан киритилган.

6-моддада Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг дори воситалари ва фармацевтика фао­лияти соҳасидаги ваколатлари аниқ белгилаб берилган. Жумладан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги айрим тоифадаги шахсларга дори воситаларининг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда имтиёзли берилишини таъминлаши, дори воситаларининг, тиббий буюмларнинг ва тиббий техниканинг белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини, сифати назорат қилинишини, стандартлаштирилишини ва сертификатлаштирилишини амалга ошириши, рецептсиз бериладиган дори воситалари рўйхатини йилига камида бир марта тасдиқлаши каби ваколатлари белгилаб қўйилган.

Шунингдек, 7-моддада Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг дори воситалари ва фармацевтика фаолияти соҳасидаги ваколатлари ўз аксини топган. 8 ҳамда 21-моддаларида давлат фармакопеяси, фармакопея мақоласи, дорихона каби тушунчалар мазмуни очиб берилган.

Бундан ташқари, Президентимизнинг жорий йил 14 февралдаги «Дори воситаларини ва тиббиёт буюмларини сотиш, фармацевтика фаолиятини лицензиялаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан мувофиқлаштириш мақсадида Қонуннинг 6, 7 ва 16-моддаларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги Қонуннинг 5 ва 6-моддаларига тегишли ўзгартиришлар киритилган. Шу тариқа дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларидаги мавжуд ҳуқуқий бўшлиқлар бартараф этилади.

Хайрулла РЎЗМЕТОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Шу ўринда бир масалага эътибор қаратмоқчиман. Биламизки, дори воситалари учун ҳар йили Давлат бюджетидан зарур маблағ ажратилади. Аммо айрим мурожаатлар мазмунидан хулоса қилиб айтиш керакки, бу масалада камчиликлар йўқ эмас. Бундай дори воситаларининг манзилли тарқатилиши юзасидан назоратни янада кучайтириш, айниқса, масъулият ва хабардорликни ошириш керак. Жойлардаги учрашувлар, сайловчилар, электорат вакиллари мурожаатлари дори воситалари нарх­ларини мувофиқлаштиришда ҳамон камчиликлар учраб турганини кўрсатмоқда. Бир хил турдаги дориларнинг дорихоналардаги нархлари ўртасида сезиларли тафовут борлиги тўғрисида мурожаатлар бўляпти. Демак, бу йўналишдаги қонунлар ҳаётга қанчалик самарали жорий этилса, бу борадаги муаммолар шунчалик камаяди, деб ўйлайман.

Қонун лойиҳаси орқали «Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги, «Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида»ги, «Кооперация тўғрисида»ги, «Стандартлаштириш тўғрисида»ги, «Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида»ги, «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги, «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги, «Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида»ги, «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги, «Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида»ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Сўзга чиққанлар ҳужжат лойи­ҳаси аҳолини сифатли ва арзон дори воситалари билан таъминлаш соҳасидаги долзарб масалаларни ҳал қилишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлашди. Фракция­ аъзолари қонун лойиҳасини электорат ман­фаатлари нуқтаи назаридан келиб чиқиб атрофлича муҳокама қилгач, концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватлади.

Йиғилишда, шунингдек, «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонуни лойиҳаси ҳам иккинчи ўқишда муҳокама этилди. Унга кўра, «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги, «Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида»ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Алия ЮНУСОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Қонун лойиҳасига асосан, «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг 27 моддаси тўлиқ давлат таъминотида бўлган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ҳуқуқларининг кафолатларига қаратилган норма билан тўлдирилмоқда. Мазкур моддага мувофиқ, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар давлат тарбия, даволаш-соғломлаштириш ва тиббий-ижтимоий муассасаларига жойлаштирилган кундан бошлаб тўлиқ давлат таъминотида бўлади.

Уларга таълим бериш, турар жой, озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-бош, пойабзал ва бошқа ашёвий таъминот буюмлари билан таъминлаш, таълим муассасаларини битираётганда ва ишга қабул қилинаётганда кийим-бош, пойабзал ва бошқа ашёвий таъминот буюмлари сотиб олиш учун нафақа тўлаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади. Буларнинг барчаси партиямиз Сайловолди дастурида белгиланган вазифалар ижросига хизмат қилади.

Шундан сўнг депутатлар «Ўзбекис­тон Республикасининг Бюджет кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ҳам биринчи ўқишда атрофлича кўриб чиқишди.

Қонун лойиҳаси билан Бюджет кодексининг 52-моддаси 5-бандига тегишли қўшимча киритилиши назарда тутилган. Унга асосан Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг бошқа даромадлари таркибига маҳаллий давлат ҳокимияти органлари улуши бўйича дивиденд­лар (даромадлар) ҳам киритилиши кўзда тутилмоқда.

Қаҳрамон МИРЗАЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикасининг Ҳисоб палатаси томонидан аниқланган камчиликларни бартараф этиш, маҳаллий бюджетлар учун қўшимча манбалар яратиш ва бос­қичма-босқич маҳаллий бюджетларнинг республика бюджетидан боғлиқлигини қисқартирилишига қўшимча имкон яратади. Шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ўз улушлари бўйича бозор ва савдо комплекслари фаолиятини корпоратив бошқаришдаги манфаатдорлиги ва самарадорлиги оширилади ҳамда соҳадаги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолияти рағбатлантирилади.

Фракция йиғилишида бошқа қонун лойиҳалари ҳам кўриб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилинди.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.