27.04.2017

ТАНҚИДИЙ ТАҲЛИЛЛАР

партия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳлари ишини тубдан кучайтириш зарурлигини кўрсатмоқда

Ўзбекистон ХДП Наманган вилоят кенгашининг VII пленуми бўлиб ўтди.

Кун тартибига кўра, иштирокчилар партия вилоят кенгашининг раиси, халқ депутатлари Наманган вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари Дилором Абдураҳимованинг Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили Давлат дас­турида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда вилоят, шаҳар, туман партия ташкилотлари ва ЎзХДП гуруҳлари фао­лиятини янада кучайтириш тўғрисидаги ҳамда 2016 йилдаги фаолияти юзасидан ҳисоботини тинглашди.

— Бугун кўриб чиқилаётган масала партия ташкилотларимиз ва депутатларимиздан катта масъулият талаб этади, — деди у. — Амалга ошираётган ишларимиз оз эмас, албатта. Аммо бугун ўз фаолиятимизни танқидий баҳолаб, вазифамизга янгича ёндашишимиз зарур. Парламентдаги вакилларимизнинг ҳар ойнинг биринчи ўн кунлигида туманларнинг меҳнат жамоалари, таълим муассасаларида, маҳаллалар бўйлаб ҳар бир хонадонда бўлиб, фуқаролар муаммоларини ўрганишмоқда. Уларнинг таклифларини эшитмоқда, амалий ёрдам кўрсатмоқда. Маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳам улар билан ёнма-ён юриб, ўз ҳудудидаги реал ҳаёт билан яқиндан танишмоқда. Ҳақиқий ҳолат фаолиятимиз қамровини янада кенг­роқ белгилашимизни талаб этмоқда. Айниқса, ижро ҳокимияти органлари билан ишлашда «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги қонун берган ваколатлардан самарали фойдалана олмаяпмиз.

Масалан, Президентимизнинг «Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорини олайлик. Қарорнинг ижросини таъминлашда етарли иш олиб бормаяпмиз. Фармацевтика соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлар билан мулоқотлар ўтказганимизда, чекка қишлоқлардаги дорихоналарнинг аксарияти дори-дармонларни белгиланган нарх­да сотувга чиқармаётганига гувоҳ бўляпмиз. Айрим дорихона эгалари бунга турли сабабларни кўр­сатмоқда. Депутат сўрови инс­титути ваколатидан суст фойдаланилаётгани айни шундай вазиятларда ҳам кўзга ташланмоқда...

Пленумда вилоят партия кенгаши ижроия қўмитасининг 2016 йилда амалга оширган ишлари ҳамда ЎзХДП вилоят кенгашининг ўтган йилги бюджети ижроси ва 2017 йил бюджетининг асосий кўрсаткичлари тўғрисида вилоят партия кенгаши раиси ўринбосари Эргашали Абдуллаев ахборот берди.

Пленумда, шунингдек, ЎзХДП Марказий Кенгаши ва Ижроия қўмитаси таркибини қисман янгилаш билан боғлиқ ташкилий масала ҳам кўрилди.

Асосий маърузалар юзасидан музокараларда ЎзХДП Марказий Кенгаши аъзоси Зиёвиддин Мансуров, халқ депутатлари Норин туман Кенгаши депутати Наима Холмирзаева, «Истиқбол» ёшлар қаноти фаоли Аброр Собиров, Чортоқ туман партия кенгаши раиси Зокиржон Ваҳобов, партия фаоли, стол тенниси бўйича жаҳон чемпиони Севара Қодирова ва бошқалар сўзга чиқди.

— Қонун устуворлигини таъминлашнинг энг муҳим омилларидан бири қабул қилинаётган меъёрий ҳужжатларнинг ҳар бирини аҳолига ўз вақтида етказиш ва уларнинг мазмун-моҳиятини тарғиб қилишдир, — деди Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Наманган ҳудудий бўлинмаси раҳбари ўринбосари Нигора Нуралиева. — Бу борада ЎзХДПнинг ўзига хос тажрибаси бор. Ҳамкор ташкилотлар билан алоқаларни мустаҳкамлаган ҳолда партия ўз депутатлари фаолиятини мониторинг қилиб бориши зарур. Ўшанда амалий ишлар кўринади, фаолияти суст депутатлар ҳам билинади.

Депутатларимиз эътиборидан четда қолиб кетаётган масалалардан бири — бу мактабгача таълим муассасалари тарбия­чи ходимларининг тиббий кўрикдан ўтиш жараёнидаги кўзбўямачиликлардир. Яъни белгиланган муддатда болалар боғчаси ходимлари тиббий кўрикдан ўтиш ўрнига тегишли муассаса ходимига маълум миқдорда пул беришади ва ҳеч қандай текширувсиз рисоладагидай тўлдириб, тасдиқланган тиббий кўрик дафтарчасига эга бўлишмоқда. Қонунчиликка зид бўлган бундай ҳолни бартараф этиш учун партия ходимлари депутатлар билан биргаликда назорат текширув ишларини йўлга қўйиши керак, деб ўйлайман.

Боғча тарбиячиси ёки бош­қа хизматчиларининг ойлик маоши миқдори ҳаммамизга маълум. Ҳар ҳолда унча катта эмас. Аммо Давлат санитария эпидемиология маркази тизимидаги муассасалар айнан боғча ходимларини тиббий кўрикдан ўтказиш хизматини «пуллик хизмат» тарзида ташкил этган. Бу масалани туман, шаҳар кесимларида ҳал этиш мушкул. Яъни бу борадаги пуллик хизмат республика ДСЭН маркази томонидан жорий этилган. Масалани депутат сўрови институти ваколати билан ҳал этиш ва электорат манфаатларини ҳимоя қилиш ЎзХДП фаоллари ва депутатларининг кечиктириб бўлмайдиган вазифаларидир.

Пленумда партия электорати вакилларига бевосита дахлдор бошқа масалалар хусусида ҳам фикрлар билдирилди. Барча таклиф-мулоҳазаларни ҳисобга олган ҳолда тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Носиржон ДЕҲҚОНОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.