27.04.2017

ПАРЛАМЕНТ КОМИССИЯСИНИНГ АХБОРОТИ ЭШИТИЛДИ

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати Кенгашларининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бош­қа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясининг 2016 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти эшитилди.

Қайд этилдики, ўтган йилда Парламент комиссиясининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бош­қа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг, Қорақалпоғис­тон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги Ижтим­оий шериклик бўйича жамоат комиссия­ларининг фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий базаси такомиллаштирилди.

Давлат бюджетидан 11 миллиард сўм миқдорида нодавлат нотижорат ташкилотлари, мустақил оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларининг 279 дастур ва лойиҳалари, давлат грантлари, давлат ижтимоий буюртмалари ва давлат субсидиялари шаклида қўллаб-қувватланган. Йил давомида давлат грантлари тарзида умумий қиймати 6 миллиард 222,9 миллион сўмлик 254 ижтимоий аҳамиятли лойи­ҳаларни, 2,47 миллиард сўмлик давлат ижтимоий буюртмалари шаклида 15 лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш амалга оширилган. Ажратилган умумий маблағларнинг 68 фоизи танловлар асосида давлат гранти ва давлат ижтимоий буюртмаси шаклида берилган.

Хусусан, «Соғлом она ва бола йили» Давлат дастурида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида бир қатор нодавлат нотижорат ташкилотлар томонидан эҳтиёжманд оилаларнинг 40 нафар туғма юрак хасталиги билан туғилган болаларида тиббий жарроҳлик амалиёти ўтказилди.

Мажлисда, шунингдек, фонд фаолиятидаги камчиликларга ҳам эътибор қаратилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа инс­титутларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг фаолиятида ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш бўйича таклифлар ўз вақтида ишлаб чиқилмаган, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги Ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссиялари фаолияти самарадорлигини оширишга етарлича услубий ёрдам кўрсатилмагани таъкидланди.

Тадбирда палаталар кенгашлари аъзолари томонидан «2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси» ҳамда «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дас­турида белгиланган вазифаларни амалга оширишда фуқаролик жамияти институтларининг фаол иштирокини қўллаб-қувватлашга кенг эътибор қаратиш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Муҳокамалар якунида жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясининг 2016 йилда бажарган ишлари тўғрисидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинди.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.