27.04.2017

ИШОНЧ ВА ЭЪТИБОР

нуронийларимизга куч-қувват бағишлади

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Самарқандга ташрифи қанчалик кенг қамровли ва мазмунли бўлгани, ҳар бир учрашув одамларда катта таассурот қолдирганига ўзим гувоҳман. Айниқса, отахону онахонларимиз жуда хурсанд бўлишди, деб ўйлайман. Чунки яқинда давлатимиз раҳбарининг Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисидаги Фармони кексаларимизни ниҳоятда қувонтирган эди. Ана шу эътибор ва ғамхўрликдан ҳаяжонланиб, руҳланиб турганимизда Президентимизнинг Самарқандга ташрифи қувонч устига қувонч бўлди.

Давлатимиз раҳбари қаерда бўлмасин, кексаларимизга алоҳида ҳурмат ва эътибор билан қараб келмоқда. Бунинг ёрқин мисолини Самарқандда яна бир бор кўрдик. Ташриф доирасида шаҳримизда трамвай йўлининг ишга туширилиши муносабати билан ўтказилган маросимда бир гуруҳ нуронийларимиз ҳам иштирок этишди. Энг қувонарлиси, мамлакатимиз раҳбари ва нуронийларимиз янги трамвайнинг биринчи йўловчилари бўлишди, самимий суҳбатлар барчамизнинг дилимизга чўғ солди. Мамлакатимиз раҳбари халқимиз ҳаётида юз бераётган ўзгаришлар, 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясининг мақсади ҳақида сўзлаб берди. У киши турли масалаларда фахрийларимизнинг фикрларини ҳам сўради. Биринчи бўлиб меҳнат фахрийси, ажойиб олим, фидойи инсон Тўлқин Аҳмаджонов сўз бошлади.

— Мен Самарқандда 1948 йили трамвай йўли қурилгани ва 1973 йилда олиб ташланганини ўз кўзим билан кўрганман ва ўшанда ҳайрон қолганман... Энг муҳими, бугун шаҳримизда яна трамвай қатнови йўлга қўйилди. Экологик жиҳатдан тоза бўлган бу транспорт воситаси элга хизмат қилади, албатта. Бугун трамвайнинг биринчи йўловчиси бўлганимдан бахтиёрман, — дейди у.

Узоқ йиллар ҳалол меҳнат қилиб, бугун кексалик гаштини сураётган 86 ёшли Жалол Раҳимов ҳам қувончини яшира олмади:

— Мен ҳам шаҳримизнинг ўтмиши ва бугунги қувончли дамларини кўриб таққослайман. Мустақиллик нималарга қодир эканлигини билиб ва кўриб турибман. Биз кексалар янада руҳан тетик бўлдик, куч-қувватимизни баҳоли қудрат шу юрт тараққиёти йўлида сарф этамиз.

Президентимизнинг «Буюк хизматлари учун» ордени соҳиби, академик Ботирхон Валихўжаевнинг хотирасини ёдга олиб, у кишининг турмуш ўртоғи Хадича Вафоева билан учрашиб, суҳбатлашгани бутун илм аҳлида ёрқин таассурот қолдирди. Бу суҳбат аввало, буюк олим хотирасига ҳурматни билдирса, иккинчидан илм-фанга юксак эътибор рамзидир.

Самарқандлик фахрийларнинг Президентимиз билан учрашувлари уларга қуч-қувват бағишлади, ғайратини оширди. Нуронийларимиз юртимизда шиддат билан олиб борилаётган бугунги ишларга янада муносиб ҳисса қўшишга бел боғлади.

 

Ҳасан НОРМУРОДОВ,

«Нуроний» жамғармаси Самарқанд вилоят бўлими раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси.



DB query error.
Please try later.