27.04.2017

ФУҚАРОЛАР ҲУҚУҚ ВА ЭРКИНЛИКЛАРИ

ишончли ҳимоя қилинади

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги «Интерпол» миллий марказий бюроси биносида «Ички ишлар органлари тизимида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар юзасидан» оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг ўтказилди.

Брифингни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари Акромхон Бобохонов кириш сўзи билан очди.

Брифингда Президентимизнинг «Ички ишлар органларининг фао­лияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ва ушбу тизимга оид қарорлари ижроси бўйича қилинаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Шунингдек, брифингда ИИВ Жиноят қидирув ва терроризмга қарши курашиш бош бошқармаси бошқарма бошлиғи Улуғбек Адилов, ИИВ Хорижга чиқиш, келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Улуғбек Тошходжаев, Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси Матбуот бўлинмаси катта инспектори Мансуржон Рихсиев, ИИВ фахрийлар кенгаши аъзоси, истеъфодаги полковник Ўткур Жўраевлар сўзга чиқиб, ички ишлар органларида ўтказилаётган туб ислоҳотлар мамлакатимизда тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидладилар.

Брифингда қайд этилганидек, ички ишлар органлари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, уларнинг вазифалари, ҳуқуқлари ва мажбуриятларини қонун даражасида белгилаш, ички ишлар органлари ходимларини ижтимоий ҳимоя қилишни янада кучайтириш мақсадида ўтган йилнинг сентябрь ойида «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди.

Бироқ мазкур Қонун талабларини амалиётга жорий этиш имкониятлари, шунингдек, фуқароларнинг ички ишлар органлари фаолиятига доир мурожаатларини ўрганиш жараёнида соҳада ҳамон ўз ечимини кутаётган кўплаб муаммо ва масалалар борлиги маълум бўлди.

Шу нуқтаи назардан, Давлатимиз раҳбарининг Фармони бундай камчиликларни бартараф этиш ва ўз ечимини кутаётган муаммоларни ҳал этиш мақсадида замон талабидан келиб чиқиб қабул қилинган муҳим ҳужжатдир. Тинчлик ва осойишталикни янада мустаҳкамлашда соҳа ходимлари учун дастурил­амал бўлиб хизмат қилади.

Бугунги кунда юзага келаётган хавф-хатар ва таҳдидлар, аввало, халқаро терроризм, диний экстремизм, ноқонуний миграция, одам савдоси, ёт ғоялар таҳдиди тобора кучайиб бораётганлиги ички ишлар органлари олдига долзарб вазифаларни қўяётганлиги алоҳида таъкидланди. Шу билан бирга кейинги йилларда ички ишлар органлари фаолиятида тўпланиб қолган жиддий камчилик ва муаммолар ушбу вазифаларни самарали бажаришда тўсиқ бўлаётганлиги очиқ айтилди, уларни бартараф этиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди.

Брифингда ички ишлар органлари фаолияти устидан парламент ва жамоатчилик назоратининг янги тизими ўрнатилганлиги, жумладан, Олий Мажлис Сенати томонидан бир йилда икки марта Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикаси ҳолати тўғрисидаги ҳисоботини эшитиш тартиби жорий этилганига эътибор қаратилди.

Айни пайтда дунёнинг турли минтақаларида халқаро терроризм ва диний экс­тремизмнинг янги таҳдидлари пайдо бўлаётгани жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги фаолиятни ички ишлар органларининг биринчи даражали вазифаси сифатида янада кучайтириш зарурлигини тақозо этаётгани айтилди. Ушбу ҳолатлар эътиборга олинган ҳолда, Жиноят қидирув ва терроризмга қарши курашиш бош бош­қармаси негизида Жиноят қидирув бош бошқармаси ҳамда Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармаси ташкил этилаётгани жиноятчиликнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.

Шунингдек, тергов органларининг мустақиллигини таъминлаш, уларнинг ўз ваколатларини амалга ошириши учун зарур шарт-шароитларни яратиш мақсадида Тергов бош бошқармаси Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаментига айлантирилмоқда. Бу ҳар қандай жиноятга ва қонунбузарлик учун жазонинг муқаррарлигини таъминлаш имконини беради.

Ички ишлар идораларида етук мутахассис кадрлар етказиб бериш масалаларига ҳам жиддий эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси ИИВ Тошкент олий ҳарбий-техника билим юрти — Ҳарбий-техника инс­титутига, Ёнғин хавфсизлиги олий техник мактаби эса Ёнғин хавфсизлиги институтига айлантирилди.

Шунингдек, Хорижга чиқиш, келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасининг аҳоли кўп мурожаат қиладиган туман (шаҳар) бўлимларида иш ҳажмининг тўғри тақсимланмаганлиги сабабли ноқулайликлар ва сансалорликлар юзага келмоқда. Ички ишлар органлари фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш зарурлиги эътиборга олиниб, ушбу йўналишда Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси ташкил этилади.

Қисқача айтганда, мазкур Фармон ички ишлар органлари тизимида туб ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб беради. Унинг ижросини таъминлаш қонун устуворлигига эришиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини ўз вақтида амалга ошириш, ҳуқуқ-тартибот ва жамоат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари ишончли ҳимоясини таъминлайди.

 

Равшан ШОДИЕВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.