25.04.2017

УЙ-ЖОЙ КОММУНАЛ ХИЗМАТ КЎРСАТИШ ТИЗИМИ ЯНАДА ЯХШИЛАНАДИ

Ҳаётимизнинг фаровонлик даражаси, турмушимиз сифатини кўрсатадиган муҳим омиллардан бири, шубҳасиз, уй-жой ва коммунал хизматлар билан боғлиқлигини ҳеч ким инкор этмаса керак. Агар уйимизда бир кун чироқ ёки газ бўлмаса, қанчадан-қанча ноқулайликларни сезамиз. Қиш кунлари иссиқлик энергияси жонимизга оро киради. Демак, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш тизимининг ривожланиши аҳоли турмуш даражасига катта таъсир қилади.

Шунинг учун ҳам Президентимизнинг «Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш тизимини бошқаришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонини одамлар катта эътибор билан кутиб олди. Ушбу ҳужжатга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, вилоятлар уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармалари ва Тошкент шаҳар уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бош бошқармаси ҳамда унинг туман (шаҳар) бўлимлари ташкил этилди.

Янги вазирлик уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш ташкилотлари билан яқин ҳамкорлик асосида кўп хонадонли уй-жой фондини бошқариш ва ундан фойдаланиш тизимини янада такомиллаштириш, кўп хонадонли уйларни сақлаш қоидаларига риоя этилишини техник назорат қилиш бўйича самарали тизимни шакллантириш, аҳолига сифатли уй-жой коммунал хизматлари кўрсатишни тубдан яхшилаш, шунингдек, уй-жой мулкдорлари ширкатларининг барқарор фаолият юритишини таъминлаш мақсадида тузилган. Бу эзгу ишлар фақат ва фақат инсонларнинг манфаати ва ҳаётий эҳтиёжлари билан боғлиқ ижтимоий вазифаларни ҳал этишга қаратилган, десак тўғри бўлади.

Очиғи, кўп қаватли уйларда уй-жой хўжалиги ва коммунал соҳада ечимини кутаётган масалалар борлигидан кўз юма олмаймиз. Совуқ сув ва иссиқлик энергиясидан фойдаланиш, кўп қаватли уйларнинг яқин атрофларида санитария нормалари, гигиена талабларига тўлиқ жавоб бермаслик ҳолатлари кўп учрайди. Шунингдек, аҳоли сифатли ичимлик суви ва марказлаштирилган иссиқлик таъминоти билан етарли даражада таъминланмаяпти. Коммунал хизмат кўрсатиш корхоналари учун кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш масалаларида ҳам камчиликлар оз эмас. Бу каби муаммоларни бартараф этиш, коммунал соҳани ривожлантиришда ушбу Фармоннинг аҳамияти катта, деб ўйлайман.

Биргина мисол, ўтган йили айнан уй-жой ва коммунал хизматлар масалалари бўйича партиямиз Жамоатчилик қабулхоналарига фуқаролардан қирққа яқин мурожаат келиб тушганди. Мазкур мурожаатларни ўрганиш давомида соҳа ривожига тўсқинлик қилаётган бир қатор камчиликлар аниқланиб, халқ депутатлари шаҳар Кенгашидаги партиямиз гуруҳи йиғилишида кенг муҳокама этилди.

Ўтган йили партиямиз Ҳаракат дастури асосида шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзолари томонидан Мирзо Улуғбек туманида аҳолини иссиқлик энергияси билан таъминлаш самарадорлигини ошириш, уй-жой бинолари ва иссиқлик энергияси истеъмолини белгиланган меъёрлар ва стандартлар талаблари даражасида таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар ўрганилди. Назорат-таҳлил жараёнида маълум бўлдики, айрим хонадон эгалари томонидан кўп қаватли уйнинг ички ва ташқи ҳолатларига, иситиш, алоқа ва бошқа тизимларга ўзбошимчалик билан ўзгартиришлар киритилган. Жумладан, бинонинг юк кўтарувчи деворларидан эшиклар очиш, хоналарни кенгайтириш, вертикал вентил­яция шахталарни беркитиш, иситиш системалари ўрнини алмаштириш каби ҳолатлар кўп учраб турибди. Бундан ташқари, кўп қаватли уйларда иссиқлик таъминоти, канализация ва сув таъминоти билан боғлиқ муаммолар ҳам тез-тез кўзга ташланади. Шу сабабли уй-жой муносабатларини тартибга солиш долзарб масалага айланиб қолганди.

Мазкур масаланинг яна бир аҳамиятли томони шундаки, ушбу Фармонда вазирлик таркибида Уй-жой коммунал хўжалигини ривожлантириш жамғармасини ташкил этиш ва унинг маблағларини, биринчи навбатда, кўп хонадонли арзон уй-жой фонди, сув таъминоти, канализация ва иссиқлик таъминоти объектларини қуриш, капитал ҳамда жорий таъмирлаш, махсус техника ва ускуналар, машина ва механизмлар билан таъминлаш ҳамда бошқа мақсадларга йўналтириш кўзда тутилган. Демак, истеъмолчиларга сифатли ва кафолатли коммунал хизмат кўрсатиш ишлари янада такомиллашади, муаммолар бартараф этилади, бундан аҳоли манфаат кўради.

Шу ўринда бир масалага эътибор қаратишимиз керак. Кўпқаватли уйларда асосан партиямиз электорати вакиллари истиқомат қилади. Коммунал хизмат кўрсатиш соҳасидаги камчиликлардан улар кўпроқ азият чекади. Шундай экан, маҳаллий Кенгашлардаги ЎзХДП гуруҳлари аъзолари партия Сайловолди дастури билан узвий боғлиқ бу масалаларга алоҳида эътибор қаратиб, фаол иш олиб бориши талаб этилади.

 

Шаҳноза МИРРАҲИМОВА,

халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги

ЎзХДП гуруҳи аъзоси.



DB query error.
Please try later.