25.04.2017

ФУҚАРОЛАР ҲУҚУҚ ВА МАНФААТЛАРИ ИШОНЧЛИ ҲИМОЯ ҚИЛИНАДИ

Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ, иқтисодий, ижтимоий-сиёсий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад — фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш, жамиятда адолат муҳитини қарор топтиришдан иборатдир.

Хусусан, Конституциямизга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар, янги қонунлар туб замирида ҳам ана шу улуғ мақсад ётибди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг жорий йил 28-29 март кунлари ўтказилган тўққизинчи ялпи мажлисида қабул қилинган қонунлар мазмун-моҳияти ҳам инсон манфаатлари ҳимоя­сига қаратилган.

Олий Мажлис Сенати аъзоси, Тахтакўпир туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси ­Айсенам АЛЛИЯРОВА билан суҳбатимиз шу мавзуга бағишланди.

 Аввало, «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги Қонун ҳамда «Судьялар олий кенгаши тўғрисида»ги қонуннинг жамият ҳаётидаги аҳамияти хусусида тўхталсангиз?

 — Мамлакатимизнинг Асосий Қонунига тузатишлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги «Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишонч­ли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳамда 2017 йил 21 февралдаги «Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонлари асосида ишлаб чиқилган.

Конституциявий ўзгартишлар мамлакатимизда суд тизимини янада чуқур ислоҳ қилиш, демократлаштириш, одил судловнинг самарадорлигини ошириш учун асос яратади.

Қонунга биноан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 80, 81, 83, 93, 107, 110, 112-моддаларига тегишли ўз­гартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Ушбу тузатишларга мувофиқ Олий хўжалик суди ва Олий суд фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иши юритуви соҳасидаги суд ҳокимиятининг ягона олий органига — Ўзбекистон Республикаси Олий судига бирлаштирилмоқда. Шунингдек, суд тизимида иқтисодий ва маъмурий судлар ташкил этилмоқда. 

— Эндиликда давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари ҳаракатлари устидан тушган шикоятларни ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш маъмурий судлар томонидан амалга ошириладими?

— Олий суд тизимида давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари ғайриқонуний ҳаракатлари устидан фуқароларнинг судга шикоят қилиш ҳуқуқининг конституция­вий кафолатларини амалга оширишни таъминлашга хизмат қиладиган маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари ҳамда туман (шаҳар) маъмурий судлари ташкил этилади. Бу мамлакатимизда олиб борилаётган маъмурий, иқтисодий, бозор ислоҳотларини суд-ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш самарадорлигини ошириш, хусусий мулк ҳуқуқини, тад­биркорлик фаолиятини судда ишонч­ли ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этади.

Маъмурий низоларни, шу жумладан, давлат органларининг ҳаракатларига ёки ҳаракатсизлигига, қарорлари устидан фуқароларнинг, тадбиркорлик субъектларининг берган шикоятлари ва мурожаатларини кўриб чиқишга ваколатли бўлган турли даражадаги маъмурий судларнинг тузилиши фуқароларнинг, юридик шахсларнинг қонуний ҳуқуқлари ва эркинликларини судда ҳимоя қилиш самарадорлигини тубдан оширади.

Суд-ҳуқуқ тизими ислоҳоти мамлакатимизда ҳуқуқий давлатни шакллантиришнинг муҳим таркибий қисми бўлган суд тизими қурилишининг янги концепциясини амалда жорий этишга қаратилгани билан аҳамиятли, албатта.

— Олий Мажлис Сенатининг тўққизинчи ялпи мажлисида Бош прокурор, Ички ишлар вазири ва бошқа идоралар раҳбарлари ҳисоботи тингланди...

 Дарвоқе, бу ҳисоботларнинг ҳар бири қизғин савол-жавоблар билан ўтди. Айниқса, парламент фаолиятида биринчи маротаба Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг ҳисоботини эшитиш ўзига хос янгилик бўлди. Ҳисоботда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳафтанинг пайшанба куни ўтказиб келинаётган жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика куни катта самара бераётгани таъкидланди.

Қорақалпоғистондан сайланган сенатор сифатида айтишим мумкинки, Тахтакўпир туманида ҳам туман ҳокимлиги, прокуратура ва ички ишлар бўлими ҳамкорлигида ҳар пайшанба куни жойларда, туман тиббиёт бирлашмасида, умумтаълим мактабларида, касб-ҳунар коллежларида, корхона ва ташкилотларда учрашувлар ташкил этилмоқда.

 2017 йил март ойида «Тахтакўпир», «Даукара» овул фуқаролар йиғинида, «Айдинжол» маҳалла фуқаролар йиғинида учрашувлар ўтказилиб, унда йил бошидан буён содир этилган жиноятларнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш ва жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича тарғибот ва ташвиқот ишларини кучайтириш борасида суҳбатлар ўтказилди.

— Мажлисда истироҳат боғлари, шунингдек, бошқа кўнгилочар масканларда ўрнатилган юқори технология­ли аттракционлардан фойдаланувчилар хавфсизлигини таъминлаш борасидаги давлат назоратининг ҳолати тўғрисида Бош вазирга парламент сўровини юбориш масаласи ҳам кўрилди. Бунинг сабаби нимада?

— Бугун ҳаётимизни замонавий техника ва технологияларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Ишлаб чиқаришдан тортиб, ҳатто маданий ҳордиқ чиқаришимизгача замонавий технологиялар шиддат билан кириб келмоқда.

Шу боис мамлакатимизга хориждан келтирилаётган мураккаб технологияли аттракционларни ишлатишга ва таъмирлашга масъул ташкилотларни белгилайдиган норматив ҳужжатлар яратиш лозим. Шуни инобатга олиб, истироҳат боғларида, кўнгилочар масканларда ўрнатилган юқо­ри технологияли аттракционлардан фойдаланувчилар хавф­сизлигини таъминлаш юзасидан давлат назоратининг ҳолати тўғрисида Бош вазирга парламент сўрови юбориш ташаббуси илгари сурилди.

Қонунчилик соҳасидаги бу янгиликлардан кўзланган мақсад фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишдир.

 

Инобат НОРМУРОДОВА

суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.