25.04.2017

МУАММО ВА ЕЧИМ: УЛАР БИР-БИРИГА ЖУДА ЯҚИН

Буни билиш учун одамлар қалбига қулоқ солиш, жойларда бўлиб, ҳақиқий аҳволни ўрганиш керак

Президентимиз виртуал қабулхонасига қилинган мурожаат бўйича жойларда ўтказилаётган сайёр қабуллар одамларда тобора катта қизиқиш уйғотиб, уларнинг ишончини қозонмоқда. Эшитган бош­қа, кўрган бошқа экан. Бунга ўзим гувоҳ бўлдим.

Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати томонидан Паркент ҳамда Юқори Чирчиқ туманлари аҳолиси учун ташкил этилган сайёр қабулга келганларнинг ҳаммасини залга сиғдириш қийин бўлди.

Муаммосига ечим, дардига дармон излаб келган одамларнинг юз-кўзида дадиллик ва ишонч кўрдим. Ҳар бир соҳага масъул бўлган туман, вилоят ҳамда республика даражасидаги раҳбарлар ҳам шу ерда ҳозир. Уларнинг ҳаяжонланаётганлари ҳам табиий. Мақсад битта: аҳолини ўйлантираётган масалаларни шу ернинг ўзида ҳал этиш.

Жорий йилнинг 14 апрель кунига қадар Президентимизнинг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига иккала туман аҳолисидан 4 минг 660 дан ортиқ мурожаат тушган. Паркент тумани аҳолисидан тушган 1 минг 744 мурожаатнинг 1 минг 603 таси кўриб чиқилган, 141 мурожаат кўриб чиқилиш жараёнида.

Мурожаатларнинг 2 минг 900 дан ортиғи Юқори Чирчиқ тумани аҳолисидан бўлиб, бугунги кунда уларнинг 93,7 фоизи кўриб чиқилган, қолганлари ижрода. Мурожаатлар асосан уй-жой, банк-молия, моддий ёрдам, иш ҳақи ва пенсия, судларда ишлар кўрилиши, ободонлаштириш ва коммунал хўжалиги, меҳнат ва бандлик, соғлиқни сақлаш, таълим, электр энергия, табиий газ таъминоти каби йўналишлар билан боғлиқ. Сайёр қабулда Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Олий хўжалик суди, ­Марказий банк, Бош прокуратура, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш, Мудофаа, Молия, Меҳнат, Адлия вазирликлари, давлат қўмиталари вакиллари, Тошкент вилояти, Юқори Чирчиқ ва Паркент туманлари ҳокимликлари масъул ходимлари иштирокида мазкур мурожаатлар бевосита муҳокама қилиниши алоҳида таъкидланди.

Сайёр қабул бошланди. Ўз муаммоси билан келган ҳар бир фуқаро мурожаатнинг моҳиятини тушунтиради. Муаммо қайси идора, корхона ёки ташкилотга тегишли бўлса, унинг туман, вилоят, республика даражасидаги раҳбарлари биргалашиб муаммога ечим топади.

Паркентлик Анзират Маҳмудова моддий ёрдам олиш ва саломатлигини тиклаш учун шифохонага йўлланма беришларини сўраб мурожаат қилган. Аммо туманда шу пайтгача бу мурожаат эътиборсиз қолдирилган.

Шу ернинг ўзида Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари ­Эльмира Боситхонова Анзират Маҳмудова билан учрашиб, шу бугуноқ унга даволаниш учун йўлланма ажратилишини айтди. Шунингдек, моддий ёрдам масаласида ҳам тегишли ташкилотларга кўрсатма берилди.

— Кўрдингиз, бугуноқ Тошкент шаҳридаги касалхоналардан бирига йўлланма беришди, – дейди 77 ёшли Анзират ­Маҳ­мудова. — Давлатимизнинг шундай эътиборидан кўнглим ёришиб кетди. Бунинг учун шундай савоб ишлар бошида турган кишилардан миннатдорман.

Президентимизнинг Виртуал қабулхонасига паркентлик ­Ҳайитбой Ҳакимов туман ИИБ ходимларининг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб, қонуний чора кўришни сўраб мурожаат қилган. Маълум бўлишича, шу йилнинг февраль ойида ИИБ ходимлари Ҳайитбой Ҳакимовнинг уйида ноқонуний тинтув ўтказган.

Ички ишлар вазири ўринбосари, вилоят ИИББ бошлиғига мазкур ҳолатни ўрганиш ва фуқароларнинг ҳуқуқларини поймол қилган ички ишлар идораси ходимига нисбатан тегишли чора кўриш бўйича топшириқ берилди.

Паркент тумани ҳокими Ўктам Алимовнинг сўзларига кўра, туман аҳолиси мурожаатларининг аксар қисми оилавий ажримлар, меҳнат ва бандлик, ишга жойлашиш, тиббий ёрдам олиш сингари масалалардан иборат экан.

Биз ана шу мурожаатлар асосида қайси йўналишга кўпроқ эътибор бериш кераклигини аниқлаб олаяпмиз — дейди хоким. Туманимизда узумчилик яхши ривожланган, бироқ, уни тўғридан-тўғри чет элга экспорт қилишда яхши кўрсатгичларга эриша олмаяпмиз. Ана шу йўналишда кўпроқ ишласак, аҳолини иш билан таъминлаш борасидаги қатор масалалар ҳал этилган бўларди. Аҳоли мурожаатларини ҳал қилиш кўпроқ маҳаллий ҳокимликларга боғлиқ эканини яхши тушунамиз. Бу борадаги камчиликларни бартараф этишга ҳаракат қиламиз.

Юқори Чирчиқ туманидан ҳам 100 нафарга яқин аҳоли ўз муаммоларига ечим излаб, сайёр қабулга келишган.

Шу туманнинг «Болта» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Турғунбой Пирматов ўз яшаш манзили яқинидан ўтган сер­қатнов йўлга светофор ўрнатишларини сўраб мурожаат қилган. Бу масала туман ички ишлар идораси мутасаддилари томонидан қаноатлантирилди.

Бахтиёр Ўсановнинг ишга жойлашиш масаласида қилган мурожаати ҳам ижобий ҳал этилди.

Юқори Чирчиқ тумани ҳокими Ускенбай Атемов уй-жой олиш ва уй-жой қуриш учун ер ажратиш билан боғлиқ масалалар мурожаатларнинг катта қисмини ташкил этишини алоҳида таъкидлади.

— Президентимизнинг Виртуал қабулхонасига тушган мурожаатлар туман ҳокимлиги ­доирасида ҳали қиладиган ишимиз кўплигини кўрсатади, — дейди у. — Мана шу мурожаатлардан тўғри хулоса чиқарган ҳолда, аҳолининг муаммо билан келишини кутиш ўрнига, жойларга чиқиб, ўзимиз масалаларни ҳал қилишимиз зарур.

Очиғи, жараённи кузатиб, одамларда дадиллик, баланд руҳ, борлигини сездим. Улар муаммоси ҳал бўлишига ишонишади, давлат идоралари раҳбарлари, масъул ходимлари одамлар манфаатини чинакамига ҳимоя қилишаётганини кўриб туришибди. Дадиллик ҳам, ишонч ҳам аслида шундан. Президентимиз ташаббуси билан йўлга қўйилган халқ билан мулоқот қилишнинг бу механизми замирида қанчалик улуғвор мақсадлар, амалий ишлар ётганини тобора чуқурроқ англай бошладик. Бу тизим халқ билан давлат ўртасидаги барча тўсиқларни олиб ташлади, ҳокимиятни ­халққа, халқни ҳокимиятга яқинлаштирди. Демак, энди ҳар қандай катта-кичик муаммога ечим топилади, жамиятда қонун устувор бўлади, адолат таъминланади.

Таҳлилларга эътибор қаратадиган бўлсак, Президентимизнинг Виртуал қабулхонасига бўлаётган мурожаатларнинг 70 фоизи аслида туман даражасида ҳал этиладиган муаммолардир. Агар туман ҳокими, катта-кичик идоралар раҳбарлари ўз вазифасини вақтида сид­қидилдан бажарса, одамлар ҳаётдан, жамиятдан рози бўлиб яшайди.

 

Нурали ОРИПОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири. 



DB query error.
Please try later.