25.04.2017

ЎЗБЕКИСТОНЛИК МУСИҚАЧИЛАР АФИНАНИ ЛОЛ ҚОЛДИРИШДИ

«Ниҳол» мукофоти совриндори Болалар симфоник оркестри В.Успенский номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейининг фахри ҳисобланади. Мазкур жамоа Россия, Германия, Корея, Хитой, Франция, Швейцария, АҚШ сингари бир қатор хорижий давлатларда ўтказилган халқаро танловларда совринли ўринларни қўлга киритган.

Ўтган давр мобайнида лицей ўқувчилари уч юздан зиёд халқаро танловлар, фес­тиваллар, санъат байрамларида муваффақиятли иштирок этди. 2014 йилда бир гуруҳ ўқувчилар Италия­нинг Дерутти, Перужио ва Рим шаҳрида концерт қўйишиб, «Assiomi» Халқаро танловида биринчи ўринни олишга муяссар бўлди. 2015-2016 ўқув йилида ёш истеъдодлар Франция, Италия, Германия, Руминия, Болгария, Хитой каби давлатларда ўтказилган халқ­аро танловларда қатнашди.

Шаҳзода Саидова, ­Латифа Ғафурова, Юлдуз ­Хўжаева, Шаҳбоз Турғунов, Анна Дўстмуродова, Азиза ­Ботирова, Иноятхон Абдуллаева сингари ўқувчиларнинг истеъдоди ва ижро маҳорати хорижлик ҳакамлар ҳайъати, томошабинлар томонидан юксак эътироф этилди. 72 нафар ўқувчи бир неча халқ­аро танловларда иштирок этиб, ғолиблик шоҳсупаларидан ўрин олди.

Лицейни битириб кетган иқтидорли қизлардан ­Нодира Дадамуҳамедова 2009 йилда, Тамила Сарим­соқова 2010 йилда, Азиза ­Ботирова 2016 йилда Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлган.

Дунё санъат шоҳсупаларида ўз истеъдодини намойиш қилиб, улкан муваффақиятларга эришаётган ­пианиночи Беҳзод Абдураимов ҳам шу лицейнинг битирувчиси ҳисобланади.

Лицейда бир неча лойиҳалар бўйича хайрия кон­церт­лари уюштирилиб турилади. Улардан бири «Болалар — болаларга» деб номланади ва ҳар ойнинг 15-санасида ўтказилади. Концерт­дан тушган маблағга ўқувчилар ҳамда ота-оналар ­Васийлик кенгаши томонидан дори-дармон олиниб, шифохоналарда даволанаётган имконияти чекланган ва ногирон болаларга тарқатилади.

Ҳозиргача ана шу мақсадлар учун 26 миллион сўмдан зиёдроқ маблағ сарфланди. Бу акцияда ­наинки болалар мусиқа ва санъат мактаблари, коллеж ва лицейларнинг ёш истеъдодлари, таниқли эстрада ва санъат юлдузлари, балки айнан ана шу лойиҳада қатнашиш мақсадида хорижий давлатлардан келган устоз санъаткорлар, ўқувчилар бажонидил иштирок этмоқдалар.

Жумладан, «Болалар — болаларга» дастури доирасида Германия, Туркия, АҚШ, Франциядан келган санъаткорлар, Кореянинг Pushkin House ёшлар ансамб­лининг 36 нафар истеъдодли ўқувчилари, россиялик таниқли мусиқачи, халқ артисти, режиссёр ва кино­актёр Юрий Башмет Ўзбекистон санъат арбоби Ботир Расулов раҳбарлигидаги Ўсмирлар симфоник оркестри билан биргаликда устоз-шогирд сабоқлари ва концертлар уюштирди.

— 2015 йилда бир гуруҳ ўқувчиларимиз Грецияда ўтказилган Ўзбекистон маданияти кунлари доирасида қатор шаҳарларда миллий санъатимизни намойиш қи­лишди, — дейди В.Успен­ский номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейи директори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мада­ният ходими Дилдора ­Жамолова. — Шунда Ўзбекистон консуллигидан нуфузли йиғинда концерт қўйиб беришни илтимос қилиб қолишди. Афинанинг катта концерт залида Ўзбекистон санъатини намойиш қилдик. Йиғилганлар мусиқанинг сеҳр­ли оҳангларидан бир-бир оёққа туришди, бошдан охиргача концертимизни олқишлар билан томоша қилишди. Грецияда аҳоли яшайдиган оролчалар кўп, шундан ке­йин 36 орол аҳолисидан концерт қўйишни илтимос қилиб, таклифлар тушди...

Бир қизимиз бор, икки ёшлигида фалокат туфайли кўзи ожиз бўлиб қолган. Унинг пианино чалишдаги истеъдодини кўриб, лицейга истисно сифатида қабул қилганмиз. Бундай қарорга келишимизга қизчанинг чексиз шижоати, ноёб истеъдоди ундади. У машҳур композиторлар — Бетховен, Бах, Вивальди, Чайковский, Моцарт, Мендельсон асарларини ижро этаётганида, тингловчи мусиқанинг оҳанглар ёғдусига ғарқ бўлади.

Шу қизимиз Россияда ногиронлар ўртасида ўтказилган Халқаро танловда қатнашиб, 2-ўринни олишга муяссар бўлди. Биз учун унинг қўлга киритган ютуғи Гран придан ҳам юқори. Ўйланиб қоламан, ўшанда бизда кўзи ожизлар учун алоҳида дастур йўқ, у махсус интернатда ўқиши керак, деб лицейга қабул қилмаганимизда, унинг иқтидоридан, санъатидан кўпчилик бебаҳра қолармиди... Балки, бундай имкония­ти чекланган иқтидорли ёшлар учун алоҳида гуруҳлар ташкил қилиш керакдир...

Яқинда лицей қошида фаолият юритаётган «Мерос» болалар ансамбли «Болалар — болаларга» лойиҳаси доирасида концерт дас­турларини намо­йиш қи­лишди. Ундан тушган маблағга Германия­да даволанаётган ўзбекистонлик кичкинтойлар учун керакли тиббий ашёлар, дори-дармонлар олиб берилди. Ёш истеъдодлар томонидан ­халқаро миқёсда ўтказилаётган бундай хайрия тадбирлари уларни бирлаштириш билан бирга, даволанишга муҳтож болаларнинг шифо топишига кўмак беришдек эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда.

 

Нуруллоҳ ДОСТОН,

«Ўзбекистон овози» мухбири. 



DB query error.
Please try later.