20.04.2017

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИ ҲУЗУРИДА ИЧИМЛИК СУВИДАН ФОЙДАЛАНИШНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ ДАВЛАТ ИНСПЕКЦИЯСИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони

Республика аҳолисини сифатли ичимлик суви билан таъминлашни тубдан яхшилаш, сув таъминоти ва канализация тизими объектларини самарали эксплуатация қилиш, ичимлик суви ресурсларидан оқилона фойдаланиш, шунингдек, ичимлик сувидан фойдаланишни давлат томонидан назорат қилишнинг ягона тизимини яратиш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекцияси (кейинги ўринларда «Давсувинспекция» деб аталади) Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш ҳудудий инспекциялари билан биргаликда ташкил этилсин.

2. Қуйидагилар Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекциясининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

ичимлик сувини оқилона ва самарали ишлаб чиқариш, етказиб бериш ва реализация қилиш, канализация ва оқова сувларни тозалаш хизматлари кўрсатиш соҳасидаги техник жиҳатдан тартибга солишга доир қонун ҳужжатлари ҳамда норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилиши;

сув таъминоти ва канализация ташкилотлари томонидан технологик жараённи такомиллаштиришга ва энергияни тежашга йўналтирилган сув таъминоти ва канализация тизими объектларининг техник аудитдан ўтказилиши;

сув таъминоти ва канализация тизимига уланишнинг техник шартлари талабларига риоя этилиши, сув таъминоти ва канализация тизимига ўзбошимчалик билан уланиб олишга йўл қўймаслик;

сув таъминоти ва канализация тизими объектларининг ҳолати ва уларни ишлатиш шарт-шароитлари, сув таъминоти ва канализация тизимидаги бузилишлар ва аварияларнинг профилактикаси ҳамда уларнинг олдини олиш бўйича ишлаб чиқилган тадбирларнинг амалга оширилиши, ичимлик суви йўқотилишининг белгиланган нормаларига риоя этилиши;

мулкчилик шаклларидан қатъи назар, ерости сувлари қудуқларининг ҳолати ва уларни ишлатиш шарт-шароитлари юзасидан давлат назоратини амалга ошириш.

3. Белгилансинки:

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш инспекциялари «Давсувинспекция»га бевосита ҳисобот берадилар;

«Давсувинспекция» ва унинг ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш ҳудудий инспекциялари Ўзбекистон Республикасининг сув таъминоти ва канализация соҳасидаги давлат назорати ягона тизимини ташкил этади;

«Давсувинспекция» бошлиғи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ва ундан озод этилади;

«Давсувинспекция» бошлиғи ўз мақомига кўра вазирнинг биринчи ўринбосарига тенглаштирилади;

ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш бўйича ҳудудий инспекциялар раҳбарлари тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари тақдимномасига биноан «Давсувинспекция» бошлиғи томонидан лавозимга тайинланади ва ундан озод қилинади.

4. Белгилаб қўйилсинки, «Давсувинспекция» ўз фаолиятини:

ичимлик сувини оқилона ва самарали ишлаб чиқариш, етказиб бериш ва реализация қилиш, ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш, канализация ва оқова сувларни тозалаш хизматлари кўрсатиш масалаларида — Ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини комплекс ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш дастурининг амалга оширилишини мувофиқлаштириш ва мониторингини олиб бориш бўйича Республика комиссияси билан;

сув таъминоти ва канализация соҳасида норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, шунингдек, ичимлик суви ишлаб чиқаришнинг технологик жараёнига риоя қилиш масалаларида — Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги билан;

ерости сувлари қудуқларидан самарали фойдаланишни таъминлаш бўйича тизимли мониторинг олиб бориш, гидрогеологик ахборотларни таҳлил қилиш масалаларида — Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси билан;

ичимлик сувидан оқилона фойдаланиш, сув таъминоти ва канализация тизимига ўзбошимчалик билан уланиб олинишига йўл қўймаслик масалаларида — маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.

5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекцияси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини бир ҳафта муддатда тақдим этсин.

6. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари — «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорик жамияти бошқаруви раиси А.Ж.Раматов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри,

2017 йил 18 апрель



DB query error.
Please try later.