18.04.2017

ТАНҚИДИЙ-ТАҲЛИЛИЙ ЁНДОШУВ

камчиликларни бартараф этади, амалий ишларни кўпайтиради

ЎзХДП Тошкент вилоят кенгаши пленумига бораётиб, йўл-йўлакай вилоят партия ташкилоти раиси Меҳрожиддин Дархонов билан халқ ўртасида ўтказилаётган мулоқотлар аҳамияти ҳақида суҳбатлашиб кетдик.

— Бугун сиёсий партияларга талаб ҳар қачонгиданда ошиб бораяпти. Энг аввало, одамлар дардидан, ҳудудлардаги муаммолардан хабардор бўлиш, уларнинг ечими бўйича таклифлар билдириш сўралмоқда, — деди вилоят партия ташкилоти етакчиси. — Президентимиз ўзининг ҳар бир чиқишида халқ манфаати ҳимоя этилишида раҳбарларнинг масъулиятини оширишга жиддий эътибор қаратяпти. Шундан келиб чиқиб, биз ҳам ўз ишимизга танқидий баҳо бериб, камчиликларни ўз вақтида бартараф этиб, электорат манфаатларини ҳимоя қилишда янги механизмлар яратиш устида ўйлашимиз керак бўлади.

Вилоят партия ташкилоти етакчиси аҳоли вакиллари билан ўтказилаётган учрашувлар тафсилотлари ҳақида гапирар экан, одамларнинг сиёсий онги ўсиб бораётгани, мурожаат ва мулоқот маданияти юксалаётганини эътироф этди...

Шу каби фикр-мулоҳазалар пленум кун тартибининг асосини ташкил қилди. Унда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури ижросини таъминлашда вилоят партия ташкилотлари ҳамда депутатлик бирлашмалари олдида турган долзарб вазифалар таҳлилий-танқидий муҳокама этилди.

— Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар ҳар биримиздан, аввало, юксак сиё­сий билим ва катта масъулият талаб этади, — деди Меҳрожиддин Дархонов. — Бугун кечаги кайфият билан ишлашга ҳақимиз йўқ. Ҳаёт биздан икки-уч баробар ғайрат-шижоат, ташаббускорлик билан ишлашни тақазо этмоқда.

Асосий вазифамиз электорат манфаатини ҳимоя қилиш экан, биз Жамоатчилик қабулхоналари фуқаролар мурожаатларини ҳал этишнинг ниҳоятда замонавий ва тезкор воситаси эканини ҳисобга олиб, уларни тубдан такомиллаштириш чораларини кўряпмиз. Қабулхоналарга бўлаётган мурожаатларни тизимли равишда ўрганиш ва таҳлил этиш, жойлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммолар сабабларини муҳокама қилиб, қарорлар тайёрлашимиз керак. Бунда айниқса, партиямиздан сайланган маҳаллий Кенгашлар депутатларининг масъулиятини ва партия ташкилотларининг ижро ҳокимияти органлари ҳамда бошқа фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлигини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Пленумда таъкидланганидек, бугун узундан-узоқ маърузалар, қуруқ рақамлар билан сайловчилар ишончини оқлаб бўлмайди. Улар бугун тингловчи эмас. Шахсий фикри, фуқаролик позицияси, ­ислоҳотларга нисбатан ҳаётий таклифларига эга. Партия етакчиси Ҳаракатлар стратегиясининг тарғиботи бўйича олиб бориладиган чора-тадбирларда содда, таъсирчан усуллардан фойдаланиш, кўпроқ одамларни тинглаш зарурлигига эътибор қаратди.

— Жорий йилда партиямиз Ҳаракат дастуридан келиб чиқиб, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш юзасидан 76, таълим тизимини ривожлантириш, мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техник базасини яхшилашга қаратилган 58, коммунал хизмат, йўл-транспорт, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ҳамда бошқа соҳаларга оид 745 масалани партия гуруҳлари, доимий комиссия ва сессияларда муҳокама қилиш белгиланган, — деди ЎзХДП Тошкент вилоят кенгаши раиси ўринбосари Алишер Юсупов. — Уларнинг ижросини таъминлашда депутатлик бирлашмалари фаолияти депутатлик сўрови ҳамда депутатлик назорати институтларидан самарали фойдаланиш зарур. Ҳар бир масала юзасидан тегишли мутахассисларни тўғри жалб қилиш, қарорлар ижросини мониторингини олиб бориш талаб этилади. Асосийси, муаммонинг асл сабаби, илдизини ўрганиш зарур.

Чиндан ҳам, бугунги раҳбарлик тушунчаси кечагидан тубдан фарқ қилади. Хонада ўтириб, буйруқ бериш, ҳужжатларга қўл қўйиш замони ўтди. Раҳбарлик имтиёз эмас, аввало, масъулият ва бурч. Бу ҳақиқатни депутатлар ҳамда партия фаоллари ҳам чуқур англаб олишлари лозим.

Кун тартибидаги масалалар бўйича сенат аъзолари, партия фаоллари, депутатлар ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

— Бугун ҳам доимгидек, қўлимизда ҳисоботлар билан йиғилишга келганмиз, — деди Олий Мажлис Сенати ­аъзо­си, халқ депутатлари ­Тошкент вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси ­Мақсуда ­Ворисова. — Тўғри, ўтган йилда амалга оширилган ишлар бўйича кўрсаткичларимиз ёмон эмас. Лекин афсуски, рақамлар реал ҳаётдан фарқ қилади. Биз кечаги ҳолатлар билан бугунги ўзгаришларни қиёслаб, фикр юритайлик. Ҳуқуқ ҳамда ваколатларимиздан самарали фойдаланмай келганимиз, афсуски, ҳақиқат. Бунинг оқибатида, тўғриси, айрим раҳбарлар, ҳуқуқ тартибот идораларининг эшиклари биз депутатлар учун ҳам осонлик билан очилмасди. Президентимиз томонидан олиб борилаётган халқчил ­сиёсат натижасида бу каби муаммолар бартараф этилмоқда.

Демак, ҳисобот учун ишлаб, номигагина тадбир ўтказиб обрў оламан деган ҳар қандай депутат, партия фаоли қаттиқ янглишади. Жойлардаги бирор бир масалани ҳал этиш учун одамларнинг мурожаатини кутиб туриш шарт эмас. Бугун чинакамига одамлар орасига кириб боришимиз керак. Чунки одамларга хизмат қилиш бизнинг вазифамиз, бурчимиз.

— Ҳудудимиз аҳолиси вакиллари билан учрашиб, ҳақиқий аҳволнинг гувоҳи бўляпмиз, — дейди Ўзбекистон Қаҳрамони, вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси Олим Тўйчиев. — Йил бошидан буён 70 дан ортиқ мурожаат бўлди. Уларнинг аксарияти биргина депутатлик сўрови билан ҳал бўладиган масалалар эди.

— Халқ демократик партия­си бизнинг энг катта ижтимоий ҳамкоримиз ҳисобланади. Йил бошидан буён бандликка кўмаклашиш бўйича бир қанча амалий тадбирлар ўтказдик, — дейди Тадбиркор аёл уюшмаси Тошкент вилоят бўлими раҳбари, ЎзХДП фаоли Малика Қодирхонова. — Бек­обод туманида ўтказилган семинар-тренингда коллежлардан келган ҳар бир қатнашчига грант асосида ишлаб чиқилган амалий қўлланма ҳамда ўқув қуроллари тарқатилди. Оҳангарон туманида ҳам бундай тадбирлар ўтказилди. Асосийси, ёшлар ташаббускор, интилувчан. Биз эса уларни қўллаб-қувватлашимиз керак.

Кун тартибидаги масалалар таклифлар ва мулоҳазалар асосида атрофлича кўриб чиқилди. Ҳудудий партия ташкилотлари ва партия гуруҳлари олдида турган вазифалар белгилаб олинди, бу борада тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: