18.04.2017

ХАЛҚ МАНФААТИГА ХИЗМАТ ҚИЛУВЧИ ҲУЖЖАТ

Маълумки, мамлакатда тинчлик-осойишталикни таъминлаш, жамиятда барқарорликни қарор топтириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар сингари ички ишлар органлари ходимларининг ҳам масъулияти, маданияти, ўз вазифасига садоқати, касбий малакасига боғлиқ.

Мустақиллик йилларида ички ишлар органлари фаолиятининг асосий соҳаларини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга йўналтирилган «Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида», «Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида», «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги қонунлар қабул қилинди. 

Ушбу йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида ички ишлар органлари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, уларнинг вазифалари, ҳуқуқлари ва мажбуриятларини қонун даражасида белгилаш, ички ишлар органлари ходимларини ижтимоий ҳимоя қилишни янада кучайтириш мақсадида ўтган йилнинг сентябрь ойида «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди.

Бироқ мазкур Қонун талабларини амалиётга жорий этиш имконият­лари, шунингдек, фуқароларнинг ички ишлар органлари фаолиятига доир мурожаатларини ўрганиш соҳада ҳамон ўз ечимини кутаётган ­муаммо ва масалалар кўплигини кўрсатмоқда. 

Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 9 февраль куни ички ишлар органлари ходимлари билан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам тизимдаги нуқсон ва камчиликларни бирма-бир айтиб ўтиб, уларни бартараф этиш, соҳа ходимларининг фуқаролар мурожаатини тинглаб, халқ­нинг ташвиш ҳамда муаммоларини тезкорлик билан ҳал этилишини таъминлаш мақсадида ҳафтанинг ҳар пайшанба кунини «Жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика куни», деб эълон қилиш таклифини билдирган эди.

Мазкур таклифни амалиётга татбиқ этиш мақсадида бир қанча муҳим ҳужжатлар ишлаб чиқилиб, ҳар ҳафта мобайнида жойларда прокуратура ва ички ишлар органлари раҳбарларининг маҳаллалар, гузарлар, қишлоқ, овулларда аҳоли билан учрашувлари ўтказилиб, содир бўлган жиноятларнинг сабаблари муҳокама қилинмоқда. Жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорликда мазкур жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чора-тадбирлари кўрилмоқда.

Аммо миллий ва хорижий тажриба шуни кўрсатадики, жиноят ва бош­қа ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни кучайтириш, тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширишда техника воситаларидан фойдаланиш, ҳуқуқбузарликни содир этган шахс устидан назоратни кучайтириш каби анъанавий чора-тадбирлар жиноятчилик даражасини камайтиришда ҳар доим ҳам кутилган натижаларни бермаяпти. Бу эса, ўз навбатида, ҳуқуқбузарликлар профилактикасида янги иш услубларини қўллаш, аҳоли ва жамоатчилик билан яқин мулоқотни йўлга қўйиш, ички ишлар органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш, шунинг­дек, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш лозимлигини кўрсатмоқда.

Шу нуқтаи назардан, Президентимизнинг шу йил 10 апрель куни қабул қилинган «Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони бундай камчиликларни бартараф этиш ва ўз ечимини кутаётган муаммоларни ҳал этиш мақсадида замон талабидан келиб чиқиб қабул қилинган муҳим ҳужжатдир.

Фармонда бугунги кунда юзага келаётган хавф-хатар ва таҳдидлар, аввало, халқаро терроризм, диний экстремизм, ноқонуний миграция, одам савдоси, ёшлар ўртасида халқимизга ёт ғоялар тарқалишининг тобора кучайиб бораётганлиги ички ишлар органлари олдига ўз вақтида уларнинг олдини олиш ва уларга бар­ҳам бериш бўйича янги вазифаларни қўяётганлиги таъкидланди. Шу билан бирга, кейинги йилларда ички ишлар органлари фаолиятида тўпланиб қолган жиддий камчилик ва ­муаммолар ушбу вазифаларни самарали бажаришда тўсиқ бўлаётганлиги қайд этилган.

Мазкур фармон муҳим ҳуқуқий ва ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга ҳужжат сифатида ички ишлар органлари фаолиятини замон талабларига ҳамоҳанг тарзда юқори босқичга кўтаришда пойдевор вазифасини ўтайди.

Айни пайтда унда чуқур таҳлиллар асосида мавжуд жиддий камчилик ва муаммолар, уларнинг келиб чиқиш сабаби ва салбий оқибатларини бартараф қилиш, бугунги кун нуқтаи назаридан ички ишлар органларининг оддий ходимидан тортиб, юқори раҳбарларигача барча-барчасининг масъулиятини янада кучайтириш чора-тадбирлари қамраб олинган.

Фармонда бу каби муаммо ва камчиликларни ҳал этиш учун ички ишлар органлари тизимини ислоҳ қилишнинг асосий йўналишлари белгилаб берилди. Хусусан, ички ишлар органларини аҳолига ўз вақтида ва сифатли ёрдам кўрсатадиган ижтимоий йўналтирилган профессионал хизматга айлантириш зарурлиги, «Халқ манфаатларига хизмат қилиш» ҳар бир ходимнинг асосий хизмат бурчи экани қайд этилди. 

Шунингдек, фармонда барча бўғиндаги ходимларнинг асосий вазифаларини оқилона тақсимлаш бўйича чора-тадбирлар кўзда тутилган. Аҳоли билан доимий манзилли мулоқот ўрнатиш, ички ишлар органлари раҳбарларининг ҳокимият вакиллик органи тимсолида халқ олдида ҳисобот бериш амалиётини жорий қилиш, ички ишлар органлари фаолиятининг моддий-техник базасини янада яхшилаш каби асосий йўналишлар алоҳида белгилаб берилган.

Фармонда ички ишлар органлари фаолияти устидан парламент ва жамоатчилик назоратининг янги тизими ўрнатилмоқда. Жумладан, Олий Мажлис Сенати томонидан бир йилда икки марта Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикаси ҳолати тўғрисидаги ҳисоботини эшитиш тартиби жорий этилмоқда. 

Ушбу эшитувлар давомида ички ишлар органлари мансабдор шахслари томонидан ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришга, хусусан, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикаси, жиноятларни фош этиш, жиноятчилик ҳолатини, ҳуқуқбузарликлар кўпайишига олиб келадиган сабаб ва шарт-шароитларни таҳлил қилишга доир кўрилаётган чора-тадбирлар танқидий муҳокама қилинади. Эшитувлар якунлари бўйича ички ишлар органлари фаолияти самарадорлигига баҳо берилади, шунингдек, мансабдор шахсларга нисбатан эгаллаб турган лавозимига лойиқ ёки ноло­йиқлиги ҳақида тавсиялар қабул қилинади. 

Шу билан бирга, фармонда ички ишлар тизимида қатор ташкилий ўзгартишлар назарда тутилган. Айни пайтда дунёнинг турли минтақаларида халқаро терроризм ва диний экстремизмнинг янги таҳдидлари пайдо бўлаётгани жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги фаолият­ни биринчи даражали вазифаси сифатида янада кучайтириш зарурлигини тақозо этмоқда. Ушбу ҳолатлар эътиборга олинган ҳолда, Жиноят қидирув ва терроризмга қарши курашиш бош бошқармаси негизида Жиноят қидирув бош бошқармаси ҳамда Терроризм ва экстремизм­га қарши курашиш бош бошқармаси ташкил этилмоқда.

Шунингдек, тергов органларининг мустақиллигини таъминлаш, уларнинг ўз ваколатларини амалга ошириши учун зарур шарт-шароитларни яратиш мақсадида Тергов бош бош­қармаси Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаментига ўзгартирилмоқда. 

Шунингдек, паспорт тизими талабларини амалга ошириш, хорижга чиқиш, Ўзбекистон Республикасига келиш ва бўлиш қоидаларини бажариш устидан назоратни амалга ошириш масалалари бўйича ҳам муаммолар мавжуд. Хорижга чиқиш, келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасининг аҳоли кўп мурожаат қиладиган туман (шаҳар) бўлимларида иш ҳажмининг тўғри тақсимланмаганлиги сабабли ноқулайликлар ва сансалорликлар юзага келмоқда. Ички ишлар органлари фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш зарурлиги эътиборга олиниб, ушбу йўналишда Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси ташкил этилади.

Фармонда қайд этилган асосий вазифаларни бажариш бўйича зарур ташкилий ва ҳуқуқий механизм­ларни амалга ошириш мақсадида Ички ишлар органлари тизимини тубдан ислоҳ қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар Дастури тасдиқланди. 

Мухтасар қилиб айтганда, мазкур фармон ички ишлар органлари тизимида туб ислоҳотларнинг янги бос­қичини бошлаб беради. Унинг ижросини таъминлаш қонун устуворлигига эришиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини ўз вақтида амалга ошириш, ҳуқуқ-тартибот ва жамоат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади. Пировард натижада эса фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинади, ички ишлар органлари фаолияти самарадорлиги ошади.

 

Зикрилла НЕЪМАТОВ,

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва юридик таъминлаш бошқармаси ОАВ билан алоқа қилиш бўлими бошлиғи, полковник.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: