Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Iyun 2017   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 1 2
18.04.2017

ОДАМЛАР ТУРМУШ ФАРОВОНЛИГИНИ ЯНАДА ЮКСАЛТИРИШГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИГАН ИСТИҚБОЛЛИ ЛОЙИҲАЛАР

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, йирик лойиҳалар билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 14-15 апрель кунлари Самарқанд вилоятида бўлди.

Президентимиз вилоятга ташрифининг иккинчи куни Самарқанд шаҳридаги «Алпомиш» масъулияти чекланган жамиятига ташриф буюрди. Бу ерда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган қатор истиқболли лойиҳалар тақдимотлари ўтказилди.

Самарқанд вилояти улкан сайёҳлик салоҳиятига эга. Туризмни ривожлантириш, сайёҳлик хизмати кўрсатиш сифатини ошириш ва йўналишларини кенгайтириш юзасидан изчил ишлар олиб борилмоқда. Бу борадаги салоҳиятни янада ошириш ва сайёҳлар оқимини кўпайтириш мақсадида Самарқанд шаҳрида эркин туристик ҳудуд барпо этиш бўйича 2017-2019 йилларга мўлжалланган лойиҳалар ишлаб чиқилган. Ушбу лойиҳаларга кўра шаҳарнинг Амир Темур кўчасида сайёҳлик-кўнгилочар меҳмонхона комплекси, Самарқанд эшкак эшиш канали бўйида қишки дам олиш маскани барпо этиш мўлжалланмоқда.

Давлатимиз раҳбарига мазкур янги сайёҳлик марказларининг имкониятлари, сайёҳларга кўрсатиладиган хизматлар, кўнгилочар масканларда халқимизнинг миллий анъана ва қадриятларини намойиш этиш бўйича ташкил этиладиган лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.

Мамлакатимизнинг барча ҳудудлари каби Самарқанд вилоятида ҳам кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш, тадбиркорларнинг эркин фаолият кўрсатишини қўллаб-қувватлаш юзасидан кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Президентимизнинг шу йил 12 январдаги «Ургут», «Ғиждувон», «Қўқон» ва «Ҳазорасп» эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида»ги фармони соҳа учун кенг имкониятлар яратмоқда.

Мазкур ҳужжатга мувофиқ «Ургут» эркин иқтисодий зонасининг Ургут туманида «Ургут-1», Нуробод туманида «Ургут-2» ва Пастдарғом туманида «Ургут-3» ҳудудлари ташкил этилди. Ушбу ҳудудлар учун жами 816 гектар ер ажратилиб, уларни зарур муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси билан таъминлаш ишлари бошлаб юборилган. Бугунги кунда «Ургут-1» ҳудудида енгил саноат, маиший техника, тиббиёт жиҳозлари, фармацевтика, чарм-пойабзал, канцелярия моллари, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда. 2017-2018 йилларга мўлжалланган 83 лойиҳа тайёрланган, уларнинг 20 таси жорий йилда ишга туширилади. Давлатимиз раҳбари ушбу лойиҳаларнинг иқтисодий самарадорлиги билан қизиқди.

Умумий қиймати 250 миллион долларни ташкил этувчи ушбу лойиҳалар тижорат банклари кредити ва таъсисчиларнинг маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади. Натижада 5,5 минг янги иш ўрни ташкил этилади.

Президентимиз ушбу стратегик ҳудудни ташкил этиш борасидаги ишларни тизимли йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлади. Ҳудудга салоҳиятли тадбиркорларни жалб этиш, хориждаги индустриал зоналар фаолиятини ўрганиш ва илғор тажрибаларни амалиётга татбиқ этиш лозимлиги, Ургут туманида муайян коллежни танлаб, иқтисодий зонада фаолият кўрсатадиган кадрлар тайёрлаш, бундай тажрибани «Қўқон», «Ғиждувон», «Ҳазорасп» эркин иқтисодий зоналарига ҳам жорий этиш кераклиги қайд этилди.

Тадбиркорлар билан мулоқотда яратилаётган қулай ишбилармонлик муҳитидан самарали фойдаланиш, маҳсулотлар сифатини ошириш, экспорт фаолиятини ривожлантириш, ташқи бозорларни ўрганиш ва хорижлик ишбилармонлар билан ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан тавсиялар берилди.

Президентимиз Самарқанд шаҳрининг Даҳбед кўчасидан Пайариқ туманидаги Имом Бухорий мажмуасига олиб борувчи Нурафшон кўчасини ободонлаштириш лойиҳаси билан танишди.

Нурафшон кўчасида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, атрофдаги эски ва бугунги кун талабларига жавоб бермайдиган бинолар ўрнида шаҳарсозлик талаблари асосида замонавий турар жойлар, ижтимоий объектлар қурилади.

Давлатимиз раҳбари шаҳарнинг Жомий кўчасидаги Ёшлар марказини реконструкция қилиш, ҳайвонот боғи қуриш лойиҳаларини кўздан кечирар экан, бу борадаги ишларни аҳолининг фикри ва таклифлари асосида амалга ошириш, миллий меъморлик ва замонавий архитектура анъаналарини ҳисобга олиш бўйича кўрсатмалар берди.

Самарқанд шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида 2017-2018 йилларда саноат соҳасида 125 инвестицион лойиҳа амалга оширилади. Озиқ-овқат ва енгил саноат, чарм-пойабзал, фармацевтика, мебель ва қоғозни қайта ишлаш, электротехника, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, нефть-кимё ва бошқа соҳаларда кўзда тутилаётган лойиҳалар вилоятни изчил ривожлантиришга, аҳолининг ҳаёт сифатини янада яхшилашга қаратилган. Мазкур лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши 6 минг 300 дан ортиқ кишининг ишли бўлишига хизмат қилади.

Вилоятда «Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик жамияти томонидан 163 лойиҳа амалга оширилмоқда.

Нуробод туманида «Навоий металлмаш» ва Хитойнинг «Gezhouba Group sement Co.LTD» корхоналари ҳамкорлигида цемент ишлаб чиқариш режалаштирилган. Йилига 2 миллион тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга ушбу корхонада 530 янги иш ўрни яратилади.

Пастдарғом туманида қуриладиган «Самарқанд Афросиёб цемент» корхонаси фойдаланишга топширилгач, 300 киши иш билан таъминланади. Корхонани 2018 йилда ишга тушириш мўлжалланган.

Шавкат Мирзиёев «Ургут» эркин иқтисодий зонаси ҳудудида маиший техникалар ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаларни кўздан кечирди.

«Ўзэлтехсаноат» акциядорлик жамияти ва «Ideal Elektro Lyuks» масъулияти чекланган жамияти томонидан Туркиянинг «Odul» компанияси билан ҳамкорликда газ плиталар, электр духовка, кир ювиш машиналари ишлаб чиқариш бўйича амалга оширилаётган лойиҳаларнинг умумий қиймати 7 миллион долларни ташкил этади. Товарларнинг маълум қисми экспорт қилинади.

«Coven Elektro» масъулияти чекланган жамияти томонидан йилига 30 минг дона замонавий чангютгич ишлаб чиқариш мўлжалланмоқда.

Президентимиз мазкур лойиҳалар билан танишар экан, аҳолининг маиший техникалар билан таъминлангани унинг турмуш даражасининг асосий кўрсаткичларидан бири эканини таъкидлади. Маҳсулотларни дунё бозорига олиб чиқиш, «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» брендини янада кенг оммалаштириш бўйича зарур кўрсатмалар берилди.

Миллий банк томонидан фармацевтика соҳасида амалга оширилаётган лойиҳалар тақдимоти ҳам ўтказилди. «Optima Sobirjon», «Perfect Pharma Group» масъулияти чекланган жамиятлари ва «Samarkand England eko medical» қўшма корхонасида 200 дан ортиқ иш ўрни яратиш мўлжалланган.

Шу ерда вилоятда соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, спортни янада оммалаштириш, аҳолига маиший хизмат кўрсатиш борасидаги лойиҳалар тақдимоти ҳам ўтказилди.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Президентининг Самарқанд вилоятидаги Халқ қабулхонасини бориб кўрди.

Самарқанд шаҳри, Даҳбед кўчаси, 32-уйда жойлашган ушбу қабулхонада фуқароларни қабул қилиш, мурожаатларни кўриб чиқиш ва ҳал этиш учун барча зарур шароит яратилган. Президентимиз Халқ қабулхоналари халқ билан мулоқот учун эркинлик ва қулайлик яратгани, энди асосий эътиборни одамларни рози қилишга қаратиш зарурлигини таъкидлади.

Шавкат Мирзиёев 2016 йил 5 октябрь куни Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида Самарқанд шаҳрида транспорт тизимини янада яхшилаш масаласига алоҳида эътибор қаратди ва трамвай линияларини барпо этиш зарурлигини таъкидлади. Ўтган қисқа вақтда бу борада зарур чора-тадбирлар амалга оширилди. Шаҳар кўчаларида пўлат излар ётқизилди.

Президентимиз 15 апрель куни Самарқанд шаҳрида Темир йўл вокзали — Сартепа йўналиши бўйича трамвай қатнови йўлга қўйилишига бағишланган тадбирда иштирок этди.

Давлатимиз раҳбари бир гуруҳ самарқандликлар билан «Тарих музейи» бекатидан «Темир йўл вокзали» бекатигача трамвайда бирга келди. Самимий мулоқот чоғида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, аҳоли фаровонлигини янада оширишга қаратилаётган алоҳида эътибор ҳақида сўз борди.

Икки томонлама қатновга мўлжалланган йўлда электр билан таъминловчи тўртта подстанция ва битта депо қурилди. Темир йўл вокзали билан Сартепа оралиғидаги 7,2 километрлик йўналишда 8 трамвай ҳаракатланади. Самарқанд шаҳрида тўртта йўналиш бўйича 20 трамвай қатнови йўлга қўйилиши белгиланган.

Шунинг билан Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Самарқанд вилоятига ташрифи ниҳоясига етди. Ушбу ташриф 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастуридаги мақсад-вазифалар ижросининг амалий ифодаси бўлди. Ташриф давомида белгилаб берилган кенг кўламли вазифалар, муҳокама қилинган йирик лойиҳалар вилоят тараққиётини янги босқичга кўтаради. Одамлар билан самимий мулоқотлар вилоят аҳлига куч-қувват, катта хурсандчилик бағишлади.

 

ЎзА



DB query error.
Please try later.