15.04.2017

ПРЕСС-РЕЛИЗСИЗ ЎТГАН МАТБУОТ АНЖУМАНИ

Миллий матбуот марказида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун «Шарқ» нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси томонидан олиб борилаётган ишлар ва истиқболдаги режаларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

— Биз бугунги тадбирни жонли мулоқот кўринишида ташкил этдик. Шунинг учун биринчи марта пресс-релиз тайёрламадик, — деди «Шарқ» НМАК Бош муҳаррири Аҳрор Аҳмедов. — Кўзингиз тушган бўлса, нашриётимиз пештоқига «Қуёш Шарқдан чиқади, китоб ҳам» деган шиор илиб қўйилган.

Ўтган уч-тўрт йилда, Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуфнинг 60 йиллик юбилейига сайланмасини янги дизайнда чоп қилдик. Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин ­Воҳидовнинг лойиҳага киритилган 8 томлик асарларининг 4 томини чиқардик, 5-6 томлари тайёрланди. Ўзбекис­тон Қаҳрамони Абдулла­ Ориповнинг 2014-2016 йилларда ёзилган шеърлари янгича дизайн, янгича се­рияда чоп этилди. Чингиз ­Айтматовнинг ўнта қиссасини битта китоб қилиб тайёрладик.

Таниқли навоийшунос олим ­Ваҳоб Раҳмонов таҳрири остида Алишер Навоийнинг «Хамса»сини болалар учун тушунарли тилда чоп қилдик. Бу борадаги ишларни давом эттириб, бошқа алломаларимиз асарларини ҳам нашр қилиш ниятимиз бор.

Тадбирда «Шарқ» НМАК томонидан ҳар йили мактаб ўқувчилари учун 110 номдаги дарслик 10 миллион нусхада чоп этилаётгани, шунингдек, дафтар муаммосини ҳал этиш мақсадида Ҳиндис­тондан янги линия олиб келиб ўрнатилгани ва янги ўқув йилига қадар 30 миллион дона дафтар ишлаб чиқариш кўзда тутилаётгани айтиб ўтилди.

— Алишер Навоийнинг асарлари кўплаб нашриётларда чоп этилган. Биз янги лойиҳа асосида улуғ шоирнинг икки томлик, бир ярим минг саҳифадан иборат қомусий луғатини тайёрладик, — деди ­Бош муҳаррир ўринбосари Носиржон Жўраев. — Халқимизнинг тарихий асарларга чан­қоқлигини ҳисобга олиб, Муҳаммад Ҳайдар Мирзо томонидан ёзилган «Тарихи Рашидий» китобини босмадан чиқардик. Ўтган йили унинг русча матни ҳам китоб ҳолида чоп этилди. Компания­нинг «Шарқ зиёкори» дўконида жуда кенг ассортиментда турли мавзудаги китоблар сотиляпти. Ўқувчилар талабидан келиб чиққан ҳолда 4-5 маротаба қайта нашр қилинган китоблар бор.

Бугун болалар адабиётига ҳар қачонгидан кўра эътибор кучайган. Шуни ҳисобга олган ҳолда ўтган йили 200 га яқин болалар адабиётига оид китоблар чиқариб, бу ­борадаги фаолиятимизни янги бос­қичга кўтардик. Лекин барибир ­нашриётнинг электрон почтасига мамлакатимизнинг чекка туманларида болалар ва ўсмирлар адабиёти етишмаслиги, бундай китобларни кўпайтириш тўғрисида таклифлар келиб туш­япти.

Мутахассисларни жалб қилган ҳолда, менталитетимиздан келиб чиқиб, амалиётда ва илмда ҳам қўллаш мумкин бўлган, 600 саҳифадан иборат «Тиббиёт энциклопедияси»ни уч минг нусхада чиқардик, барибир камлик қилди. Энди уни янада бойитиб, янгидан нашрга тайёрлаяпмиз.

Илгарилари бир қатор адибларимизнинг «Аср ошган асарлар» рукнида китоблар чоп этилар эди. Бугунги кунда мазкур анъана қайтадан тикланди. Ҳозир Ҳалима ­Худойбердиева, Жамол Камол, Сирожиддин Саййид, Омон Матчон­ сингари адибларимизнинг китоблари тайёрланяпти.

— Мен шу нашриётда узоқ йиллардан буён ишлайман, — деди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, ёзувчи Эркин Малик. — Бу ерда ҳозиргача фаолият юритиб келаётган Сифат комиссияси биринчи галда, ҳар бир китобнинг қанчалик даражада яхши чиққанини баҳолайди. Кўпчилик нашриётларда ана шундай комиссия ташкил этилса, мақсадга мувофиқ бўлади, деб ўйлайман.

Президентимиз Шерободда Исо Термизий мажмуасини зиёрат қилганида, бу улуғ сиймо ал-Бухорий билан шогирд-устоз эканликларини таъкидлаб, «Китобсиз келажак йўқ», деган эди. Биз китобни нон каби эъзозлаб, ҳазрати китоб даражасига кўтаришимиз керак.

— Қайси давлатда илм-фандан, маънавиятдан маблағ аялса, у келгусида ўша сармояни қурол-яроққа ишлатади, деган гап бор, — деди «Шарқ зиёкори» китобсавдо мажмуаси директори Умиджон Холиқов. — Бугун боласини китоб дўконига етаклаб келаётган ота-оналарни, набирасига китоб олиб бераётган бобо-бувиларни, севган қизига китоб сов­ға қилаётган йигитларни тез-тез учратаман. Демак, Президентимиз илгари сураётган китобхонлик маданияти аҳоли ўртасида кенг ­оммалашаяпти, китобга ҳурмат-эътиборли бўлиш туйғуси юракларга сингаяпти.

 

Нуруллоҳ ДОСТОН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.