15.04.2017

АҲОЛИ БИЛАН МУЛОҚОТ

ўтказишда бошланғич партия ташкилотлари имкониятларидан самарали фойдаланиш лозим

Партиянинг одамлар билан мулоқотини таъминлашда, электорат муаммоларини ўрганишда бошланғич ташкилотларнинг ўрни муҳим аҳамиятга эга. Аҳолини ўйлантираётган масалаларни аввало бошланғич ташкилот яхши билади. Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида улар зиммасига янада катта масъулият юкланади.

Бугунги ҳаёт бошланғич партия ташкилотларидан нимани талаб этмоқда? Электорат манфаатларини ҳимоя қилишда қуйи бўғинлар масъулиятини кучайтириш учун яна нимага эътиборни қаратиш лозим? Ўзбекистон ХДП вилоят кенгашларидаги масъул ходимларнинг бу масаладаги фикри қандай?

Сардорбек ҚОСИМОВ, ЎзХДП Андижон вилоят кенгаши бошланғич партия ташкилотлари билан ишлаш сектори мудири:

— Бошланғич ташкилотлар фаолиятини изчил кучайтириб бормасдан туриб, партия нуфузини, таъсир кучини ошириб бўл­майди. Бу борада ижобий тажрибаларни оммалаштириш, янги ташаббуслар устида ўйлаш керак.

Ҳар ойнинг охирги шанбасида жойларда «Бошланғич партия ташкилотлари куни» ўтказиб келиняпти. Партия кенгаши масъуллари, тарғиботчилар ва фахрийлар ҳамда маҳаллий Кенгаш депутатлари бошланғич партия ташкилоти аъзоларига мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, жаҳонда рўй бераётган воқеа-ҳодисалар, қабул қилинаётган янги қонунлар, қарор ва фармонлар мазмун-моҳияти ҳақида батафсил маълумот беришади. Аммо биз фақат тадбирлар ўтказиш билан чекланиб қолмаслигимиз керак. Қуруқ маърузалардан иборат семинарлар билан партия аъзоларининг вақтини бекорга сарфлашга ҳаққимиз йўқ. Аксинча, улардан ҳаётий таклифлар олишимиз, ҳудудларда биз билмаган камчиликлар, муаммоларни ўрганишда бошланғич ташкилотлар кучидан самарали фойдаланишимиз керак.

Электорат манфаати ифода этилган масалалар, авваламбор, партиямизнинг бошланғич ташкилотларида, халқ депутатлари туман, шаҳар ва вилоят Кенгашларидаги пар­тия гуруҳларида, шундан сўнг уларнинг ташаббуси билан доимий комиссиялар мажлислари, сессияларда муҳокама қилинса, мақсадга мувофиқ бўлади. Бу ҳаётий таклифлар шаклланишида яхши самара беради.

Мавлонжон ШОКИРОВ, ЎзХДП Фарғона вилоят кенгаши бошланғич партия ташкилотлари билан ишлаш сектори мудири:

— Қуйи бўғинларимиз Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили муносабати билан қабул қи­линган Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда ҳар қачонгидан фаол иштирок этмоғи керак. Чунки бу вазифалар ижроси амалга ошса, бундан биринчи нав­батда партиямиз электорати манфаат кўради.

Вилоят кенгашимиз кучли бошланғич ташкилотларга эга. Масалан, «Фарғонаазот» АЖ корхонасидаги бошланғич партия ташкилотини олайлик. Бу ерда 645 нафар аъзо бор. Улар партиямиз ғояларини кенг тарғиб этишда фаол иштирок этиб келишяпти. Шаҳар кенгаши билан мустаҳкам алоқа ўрнатган. Фаол аъзолар электорат манфаатларига оид қатор таклифлар билан чиқишади. Яна бир мисол. Бошланғич партия ташкилотлари ташаббуси билан халқ депутатлари Қува туман кенгаши доимий комиссиясига дорихоналар томонидан аҳолига кўрсатилаётган хизматларнинг аҳволи юзасидан масала киритилди.

Бироқ барча ҳудудлардаги бошланғич ташкилотлар фаолиятини ҳам қониқарли деб бўлмайди, албатта. Айрим қуйи бўғинларнинг пар­тия ташкилотлари билан алоқалари мустаҳкам эмас, баъзилари партия ишига юзаки ёндашади. Шундан келиб чиқиб, туман партия кенгашлари, депутатлар ва бошланғич партия ташкилотлари ҳамкорлигини янада кучайтиришимиз керак бўлади.

Сайфиддин ҚУРБОНОВ, ЎзХДП Сурхондарё вилоят кенгаши бошлан­ғия партия ташкилотлари билан ишлаш сектори мудири:

— Ўзбекистон ХДП Сурхондарё вилоят, шаҳар ва туман кенгашлари таркибида 650 дан ортиқ бошланғич партия ташкилоти фаолият юритиб келмоқда. Ҳудудлардаги электоратимизни ўйлантираётган масалалар бошланғич партия ташкилотларининг куч ва имкониятларини бирлаштириш орқали ечилмоқда. Бу ўринда кўп масалалар ечими БПТ етакчилари салоҳиятига боғлиқ.

Биз қуйи ташкилотлар ­фаолиятини замон талабларига мос равишда ташкил этиш учун, аввало, етакчиларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимини юксалтириш, илғор бошланғич ташкилотларни рағбатлантириш механизмлари ҳақида ўйлашимиз зарур. ­Менимча, қуйи бўғин фаолия­тини кучайтириш учун биринчи навбатда уларга амалий ёрдам кўрсатишимиз, бирорта бошланғич ташкилотни эътибордан четда қолдирмаслигимиз лозим. Бошланғич ташкилотлар томонидан кўтарилаётган ҳар бир таклифни қўллаб-қувватлаш талаб этилади. Пар­тия ташкилотлари, депутатлар уларни чуқур таҳлил этиб, ҳаётга татбиқ қилиш учун курашиши керак. Ташаббуси амалга ошаётгани, қўллаб-қувватланаётганини кўрган кишининг ­фаоллиги, ижтимоий масъ­улия­ти янада ортади.

Жасурбек РЎЗИМОВ, ЎзХДП Хоразм вилоят кенгаши бошланғич партия ташкилотлари билан ишлаш сектори мудири:

— Вилоятда партиямизнинг 720 бошланғич ташкилоти фаолият юритади. Жойларда аҳоли билан учрашиш ва улар томонидан кўтарилаётган масалаларни муҳокама қилиш ишлари кўпроқ партия­нинг бошланғич бўғинларида бўлиб ўтмоқда. Шу ўринда айтиш мумкинки, қуйи ташкилот етакчилари бевосита маҳаллий Кенгаш депутатлари билан биргаликда асосий эътиборларини ҳудудларда ечимини кутаётган масалаларни ўрганишга қаратиб келмоқда.

Вилоятнинг Боғот туман тиббиёт бирлашмасига қа­рашли марказий шифохонадаги БПТ фаоллари туман аҳолисини дори воситалари ва тиббий буюмлар билан қандай таъминлангани, дори-дармон воситалари билан шуғулланувчи хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолиятига оид масалани партия гуруҳи йиғилишида муҳокама қилиш таклифини билдиришди. Таклиф Ўзбекистон ХДП гуруҳининг жорий йил февраль ойидаги йиғилишида атрофлича муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Фаолиятимизни кучайтиришга оид бир таклифим бор: Ҳар бир туман, шаҳар ва вилоятда «Энг яхши бошланғич ташкилот» танлови изчил, юқори савияда ташкил этилса, уларни рағбатлантириш йўллари топилса, бошланғич ташкилотлар ўртасида соғлом рақобат муҳити яратилади...

Бошланғич партия ташкилотларига оид муаммолар, камчиликлар оз эмас, албатта. Улар фаолиятини кучайтириш учун замон талабига мос таклиф ва ташаббуслар керак бўлади. Партиядошларимизнинг бу борадаги фикр-мулоҳазаларини кутамиз.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: