13.04.2017

КАРТОШКА ПОЙТАХТИМИЗ БОЗОРЛАРИДАГИ МАХСУС САВДО ШОХОБЧАЛАРИДА

1800 сўмдан, вилоятларда 2000 сўмдан сотилмоқда

Бу ҳақда «Ўзбекозиқовқатзахира» уюшмаси томонидан ўтказилган матбуот анжуманида таъкидланди.

Бугунги кунда уюшма таркибидаги 56 та савдо-тайёрлов корхонаси мамлакатимизда етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотларини харид қилиш, сақлаш ва аҳолини ушбу маҳсулотлар билан барқарор таъминлаш борасида бир қатор ишларни амалга ошириб келмоқда. Шунингдек, озиқ-овқат товарлари ва мева-сабзавот маҳсулотларини сақлашга ихтисослаштирилган янги омборхоналарни қуриш, мавжудларини реконструкция ва модернизация қилиш, замонавий ускуналар билан жиҳозлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, уларга жами 5120 миллион сўм, шундан 2830 миллион сўми банк кредити, 2290 сўми эса корхоналарнинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Бундан ташқари, уюшманинг жорий йилга мўлжалланган Комп­лекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланган бўлиб, унда таркибдаги корхоналар томонидан мева-сабзавот маҳсулотларини қуритиш ва қайта ишлаш цехларини ҳамда мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш, қуритиш ва саралаш логистика марказларини,­ шу билан бирга, нон ва қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи цехлар ва савдо дўконларни қуриб ишга тушириш, 600 гектардан зиёд ер майдонларда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш белгиланган. Ушбу тадбирларни амалга ошириш учун жами 30 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарф этилиши ҳамда ­Хал­қ­аро тикланиш ва тараққиёт банкининг 7 миллион долларлик имтиёзли кредитлари жалб этилиши кўзда тутилган.

— Президентимизнинг 2017 йил 6 январдаги «Янги мева-сабзавот маҳсулотлари, картошка, полиз маҳсулотлари ва узум харид қилиш ҳамда улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига биноан жорий йилда давлат буюртмаси асосида 432 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини захирага жамғариш белгиланган, — дейди «Ўзбекозиқ­овқатзахира» уюшмаси раиси ўринбосари Нодирбек ­Раҳбаров. — Шундан, картошка — 150 минг тоннани, сабзавотлар — 137 минг тоннани, мевалар — 105 минг ­тоннани, полиз маҳсулотлари — 40 минг тоннани ташкил этади. Қолаверса, қарорнинг ижросини таъминлаш мақсадида уюшмада кенг миқёсли чора-тадбирлар кўрилмоқда. Жорий йилдаги ҳосилдан захирага жамғариш учун фермер ва деҳқон хўжаликлари билан шартнома имзолаш тадбирлари бошланган. Шунингдек, уюшма тизимдаги корхоналар захира жамғариш билан бир қаторда экспорт шартномалари тузишда ҳам фаол иштирок этмоқда.

Уюшма томонидан хорижий бозорларнинг мамлакатимизда етиштирилаётган ноз-неъматларга бўлган талабини ўрганиш бўйича ўтказилган мониторинг натижаларига кўра, музлатилган мева ва резаворлар ҳамда полиз экинларига талаб юқорилиги аниқланган. Масалан, Хитой ва Россияда шафтолига, Жанубий Кореяда тарвузга, Японияда қовунга эҳтиёж юқори. Жорий йилнинг ўтган даврида 2 миллион долларлик шартномалар имзоланган бўлиб, ҳозиргача Россия, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Хитой ва бош­қа давлатларга 717 минг долларлик 345 тонна маҳсулот экспорт қилинган.

Уюшма томонидан картошка ва бошқа турдаги маҳсулотларни ­тизимли равишда юртимизда етиштиришни янада такомиллаштириш, уларни сақлаш, бирламчи ишлов бериш, экспортга тайёрлаш ва транспортировка қилиш ишларини комплекс бажариш мақсадида логистика марказлари ташкил этилмоқда. Бу борадаги ишлар Фарғона ва Қашқадарё вилоятларида бошлаб юборилган.

Шунингдек, анжуманда аҳолини қиш-баҳор мавсумида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан барқ­арор нархларда кафолатли таъминлаш мақсадида жорий йилнинг март ҳолатида қарийб 15 минг тонна картошка четдан олиб келиниб, уюшма томонидан республикамиз ҳудудларидаги бозорларда махсус савдо шохобчалари ташкил этилиб, пойтахтимизда 1800 сўмдан, вилоятларда 2000 сўмдан истеъмолчиларга сотилиши белгиланиб, назоратга олингани тўғрисида ахборот берилди.

Бундан ташқари, шу кунларда Сурхондарё вилоятида баҳорги пиёзни йиғиб олиш тадбирлари бошлангани ва тез кунларда савдога чиқарилиши ҳақида ҳам маълумот берилди.

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.