13.04.2017

ИНСОН МАНФААТЛАРИ ҲАММА НАРСАДАН УСТУН

Ўзбекистон ХДП Тошкент вилоят кенгаши ташаббуси билан Паркент туманида ўтказилган тадбирга партия фаоллари ва депутатлар билан бирга бордик. Йўл-йўлакай суҳбатимиз тадбир мавзусига уланиб кетди.

— Суд-ҳуқуқ тизимини эркинлаштириш борасида катта ишлар амалга оширилаётган ҳамма ҳам етарли тушуниб олгани йўқ, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати ­Шуҳрат Турсунбоев. — Яқинда бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенатининг тўққизинчи ялпи мажлисида ҳам тизимга алоқадор кўплаб қонунлар маъқулланди. Бу мамлакатимизда инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун, деган ғоя устувор эканини кўрсатиб турибди...

— Тўғри, айтдингиз, — дея сўз бошлади вилоят партия кенгаши раиси Меҳрожиддин Дархонов. — Суд-ҳуқуқ тизимида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳу­қуқий ечимини кутаётган кўплаб долзарб масалаларни ҳал этиш, қонунлар ижросини изчил таъминлаш, энг муҳими, одамларнинг мамлакатимизда олиб борилаётган одил­она сиёсатга ишончини янада оширади. Партиямиз Сайловолди дастурида давлат қурилиши ва суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларга алоҳида эътибор қаратилганлигини инобатга олсак, ушбу вазифалар биз учун ҳам принципиал аҳамиятга эга.

Шундай фикр-мулоҳазалар тадбир давомида янада кенг қамров билан давом этди. Паркент туман партия кенгаши масъул ходимлари, маҳаллий Кенгашлар ­де­путатлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, ­ўқи­тувчилар ва ёшларга соҳадаги ислоҳотлар кенг тушунтирилди. Суд ҳокимия­тининг нуфузини янада ошириш, чинакам мустақиллигини таъминлаш, аҳолига юридик хизмат кўрсатиш си­фатини яхшилаш, фуқаролар қонуний манфаатлари ишонч­ли ҳи­моя қилинишига эришишга қаратилган ҳу­қуқий базалар, уларнинг одамлар ҳаётига ижобий таъсири, судлар фаолиятига оид қонунлар, ҳукумат қарорлари хусусида батафсил маълумот берилди.

Қайд этилдики, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида қонун ­усту­ворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Бу бежизга эмас, албатта. Чунки қонун устуворлиги қарор топган жамиятда фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланади, ислоҳотлар самарадорлиги кафолатланади. Масалан, қонунчилигимизга суд ҳокимиятининг фаолиятини тубдан яхшилашга, нуфузини оширишга, судлар тузилишини такомиллаштиришга ҳамда судьяларни танлаш ва лавозимларга тайинлаш тизимини демократлаштиришга қаратилган бир қатор ўзгартиш ҳамда қўшимчаларнинг киритилиши мамлакатда қонунийликни мустаҳкамлашнинг муҳим омилига айланади.

— Конституциямизнинг қатор моддаларига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ, Олий хўжалик суди ва фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иши юритуви ­соҳасидаги суд ҳокимиятининг ягона олий органига — Ўзбекистон Республикаси Олий судига бирлаштирилмоқда, — деди Юқори Чирчиқ туман суди судьяси ­Феруза Жалолова. — Яна бир муҳим янгилик суд-ҳуқуқ тизимида янги институт — Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши жорий этилмоқда. Ушбу кенгаш судьялар ҳамжамиятининг органи ҳисобланади ва Ўзбекистон Республикаси суд ҳокимияти мустақиллиги ҳақидаги конс­титуциявий принципга риоя этилишини таъминлашга кў­маклашиши белгилаб қў­йилди. Бу судлар мус­тақиллигини янада мустаҳкамлайди ва одил судлов даражасини халқаро талаблар билан уйғунлаштириб, демократик ҳуқуқий давлат қуриш ҳамда адолатли фуқаролик жамиятини барпо этишимизга бевосита хизмат қилади, деб ўйлайман.

Партия маҳаллий кенгашлари ва депутатлик гуруҳлари аъзоларининг суд ҳокимияти ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ҳамкорлигини янада кучайтириш қонунчиликка киритилаётган янгиликлар билан аҳолини яқиндан таништириб бориш уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишда муҳим аҳамиятга эга эканлиги алоҳида такидланди. Бу борадаги ишларни янада яхшилаш бўйича таклиф ва мулоҳазалар ўртага ташланди.

Тадбир сўнггида ёшга доир пенсияга чиқишда учраётган муаммолар, никоҳ шартномаси ва унинг ҳу­қуқий асосларига оид саволларга депутатлар, судьялар атрофлича жавоб беришди.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.