11.04.2017

«ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ СУДЬЯЛАР ОЛИЙ КЕНГАШИ ТЎҒРИСИДА»ГИ ҚОНУН КУЧГА КИРДИ

Мамлакатимизда судларнинг мустақиллигини таъминлаш, холис фао­лият юритиши учун етарли шароит яратишга қаратилган кенг кўламли ишлар изчил олиб борилмоқда. Бу бежизга эмас, албатта. Чунки инсон ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш, адолатли жамият қуриш бевосита одил судловга эришиш орқали амалга ошади.

Шу йилнинг 18 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси «Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида»ги қонунни қабул қилди. Ушбу қонун 28 март куни Олий Мажлис Сенатида маъқулланди. Президентимиз томонидан 6 апрель куни имзоланди ва расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кириши белгилаб қўйилди. Қонуннинг мақсади Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг фаолиятини тартибга солишдан иборат.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоларидан мазкур қонуннинг мазмун-моҳиятини шарҳлаб беришни сўрадик.

 

Шуҳрат МАМАЖОНОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимида янги инс­титут — Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши жорий этилмоқда. Конституциямизнинг 111-моддасининг янги таҳририда Судьялар олий кенгашининг конституциявий мақоми аниқ мустаҳкамлаб қўйилган. Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ­судьялар ҳамжамиятининг органи ҳисобланади ва Ўзбекистон Республикаси суд ҳокимияти мустақиллиги ҳақидаги конституциявий принципга риоя этилишини таъминлашга кўмаклашиши белгилаб қўйилмоқда.

 «Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилиниши ушбу кенгашнинг асосий вазифалари ва ваколатларини, ҳуқуқлари ҳамда мажбуриятларини, уни шакллантириш ва ­фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилаб берди.

Кенгаш юридик шахсдир, у Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга эга бўлади.

Қонуннинг 4-моддаси Кенгаш фаолиятининг асосий принципларига бағишланган. Унга мувофиқ, Кенгаш фаолияти қонунийлик, мустақиллик, коллегиаллик, холислик, ўз аъзоларининг тенг ҳуқуқлилиги ва очиқликка асосланади.

Кенгаш ва унинг аъзолари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари талабларига риоя этиши ҳамда уларни бажариши шарт.

Кенгаш ўз ишини фақат қонунга бўйсунган ҳолда, давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан, шунингдек, мансабдор шахслардан мустақил равишда амалга оширади. Унинг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашув қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. Кенгаш қарорлари унинг мажлисида коллегиал равишда қабул қилинади. Унинг аъзолари қарорлар қабул қилишда сиёсий қарашлардан ва бошқа ташқи таъсирлардан холи бўлган ўз нуқтаи назарини ифодалайди. Барча аъзолар тенг ҳуқуқлидир ва унинг ваколатига кирадиган масалалар юзасидан қарорлар қабул қилишда биттадан овозга эгадир.

Кенгаш ўз фаолиятини очиқ тарзда, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, бош­қа ташкилотлар ва фуқаролар, шунингдек, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда амалга оширади.

 

Алия ЮНУСОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Кўпчиликни бир савол ўйлантириши табиий. Кенгаш таркиби қандай бўлади? Кенгаш раис, раис ўринбосари, унинг аъзолари ва котибидан — жами йигирма бир нафар кишидан иборат таркибда судьялар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ва ҳуқуқ соҳасидаги юқори малакали мутахассислар орасидан шакллантирилади.

Кенгаш раиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан тайинланади. Кенгаш раисининг ўринбосари Президент томонидан тасдиқланади ва у бир вақтнинг ўзида Ўзбекис­тон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Одил судлов муаммоларини ўрганиш тадқиқот марказини бошқаради.

Кенгашнинг ўн бир нафар аъзоси Кенгаш раисининг тақдимига биноан Президент томонидан судьялар орасидан тасдиқланади. Ушбу аъзолардан бир нафари Қорақалпоғистон Республикаси судларининг судьялари орасидан тайинланган бўлиши керак.

Кенгаш котиби ва унинг етти нафар аъзоси Президент томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ҳамда ҳуқуқ соҳасидаги юқори малакали мутахассислар орасидан тасдиқланади.

Кенгашнинг раиси, котиби ва судья­лар орасидан тасдиқланган ўн бир нафар аъзоси ўз фаолиятини доимий асосда амалга оширади, Кенгашнинг қолган саккиз нафар аъзоси, шу жумладан Кенгаш раисининг ўринбосари ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширади.

Кенгашнинг судьялар орасидан тасдиқланган ва ўз фаолиятини доимий асосда амалга оширувчи ўн бир нафар аъзоси Кенгаш томонидан унинг раиси тақдимига биноан Кенгашнинг шўъбалари ҳамда Суд инспекцияси таркибига, шу жумладан, мазкур тузилмаларнинг раҳбарлари лавозимларига сайланади.

 

Бунёд ЭШОНҚУЛОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Кенгашнинг асосий вазифаларидан бири судьялик лавозимларига номзодларни танлов асосида танлаш, энг малакали ва масъулиятли мутахассислар орасидан судьяларни тайинлаш, шунингдек, раҳбар судьялик лавозимларига кўрсатиш учун тавсия бериш асосида судьялар корпусини шакллантиришдан иборат. Шунингдек, у судьялар дахлсизлиги бузилишининг ва уларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашишнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар кўради. Судьяларни касбий тайёрлашни, уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш, судьяларнинг фаолияти самарадорлигини баҳолаш, шунингдек, уларни рағбатлантириш бўйича ташаббус кўрсатиши мумкин.

Оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлик олиб бориш, аҳоли билан мулоқотни йўлга қўйиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг судьялар томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилиши масалаларига доир мурожаатларини кўриб чиқади. Суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини ва ягона суд амалиётини таъминлаш, одил судловга эришиш даражасини ва уни амалга ошириш сифатини яхшилаш бўйича таклифлар тайёрлайди. Судьяларни интизомий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги, шунингдек, уларни жиноий ва маъмурий жавобгарликка тортиш учун хулоса бериш ҳақидаги масалани кўриб чиқади.

Бир сўз билан айтганда, ушбу меъёрлар суд-ҳуқуқ тизимини чуқур ислоҳ этиш, судьялик лавозимларига номзодларни танлаш ва тайинлаш тартибини янада такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этади. Бу инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш, қонун устуворлиги, унинг олдида барча фуқаролар тенглигини таъминлашга хизмат қилади.

 

Абдуғаффор ҚИРҒИЗБОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Қонуннинг 3-боби Кенгаш фаолия­тини ташкил этиш масаласига бағишланган. Унинг 14-моддасида Кенгаш мажлиси ҳақида баён этилган. Кенгаш фаолиятининг асосий ташкилий шакли Кенгаш мажлисидир. Мажлис ўз ваколатига кирадиган масалаларнинг тайёрланишига қараб ўтказилади ва ўз аъзоларининг камида учдан икки қисми иштирок этган тақдирда, ваколатли ҳисобланади.

Кенгашнинг қарори очиқ овоз бериш орқали мажлис иштирокчиларининг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Раислик қилувчи охирида овоз беради. Овозлар тенг бўлиб қолган тақдирда, раислик қилувчининг овози ҳал қилувчи бўлади. Қарорга рози бўлмаган Кенгаш аъзоси хулосани имзолайди ва у ўзининг алоҳида фикрини ёзма тарзда баён қилишга ҳақли бўлиб, ушбу фикр мажлис баённомасига қўшиб қўйилади, лекин эълон қилинмайди.

Шунингдек, Кенгаш ўз ваколатига кирадиган масалалар юзасидан қарорлар, хулосалар қабул қилади ва тақдимномалар киритади. Кенгаш мажлисида судьялик лавозимига номзодни захирага қабул қилиш ёки қабул қилишни рад этиш, номзоднинг кўрсатилган судьялик лавозимига муносиблиги ёки номуносиблиги ҳақида, судьялик лавозимига тайинлаш, қайта тайинлаш, ­судьяларни рағбатлантириш ташаббуси билан чиқиш ҳақида, судьяга нисбатан интизомий таъсир чораларини қўллаш, судьяни жиноий ёки маъмурий жавобгарликка тортиш учун хулоса бериш ва судьянинг ваколатларини тўхтатиб туриш ёки муддатидан илгари тугатиш тўғрисидаги қарорлар қабул қилиниши мумкин. Кенгашнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилинадиган қарорлари давлат органлари ва бош­қа ташкилотлар учун мажбурийдир.

Ушбу нормалар одил судлов сифатини ошириш, суд кадрларини танлаш тизимини такомиллаштириш ва шу орқали судлар мустақиллигини кучайтириш вазифаларини қамраб олгани билан аҳамиятли, деб ўйлайман.

Бундан ташқари, қонунда Кенгашнинг давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлиги, Судьялар корпусини шакллантириш, Кенгаш аъзосининг мустақиллиги кафолатлари ва мақоми, моддий ва ижтимоий таъминот масалаларига тааллуқли қатор моддалар ўз аксини топган.

Умуман олганда, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш ва янада демократлаштириш ишлари янги босқичга олиб чиқилади. Бу эса мамлакатимизда ҳуқуқий давлат барпо қилиш, ривожланган мамлакатлар қаторидан жой олиш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар кучайишига хизмат қилади.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: