08.04.2017

АҚЛ БОВАР ҚИЛМАЙДИГАН ИШЛАР

(Ёки Шўрчи туманида бир фуқаронинг хусусий мулкини асоссиз бузишга бўлаётган уринишлар хусусида)

Ҳаёт курашдан иборат, деб ёзган эди буюк адиб ­Александр Дюма ўзининг Граф Монте Кристо романида. Қизиқ, инсон зоти пайдо бўлгандан буён ана шу кураш гоҳ ошкора, гоҳ пинҳона давом этмоқда. Баъзан кимдир ғолиблик нашидасини сурса, кимдир мағлубият аламидан зор-зор титрайди. Кимдир адолатсизликдан қон қақшайди.

Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманида истиқомат қилувчи тадбиркор Эргаш ­Данаев икки йилдирки, ўз мулкини ҳимоя қиламан деб, турли идоралар эшиги олдида сарсон-саргардон. У таҳририятимизга ёзган хатида шундай ҳангомалар бор:

«Мен 1993 йилнинг 1 октябрь куни Шўрчи туман собиқ ­«Ободон» жамоа хўжалигига қарашли овқатланиш нуқтасини сотиб олган эдим. Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисидаги қонунга асосан менга давлат ордери берилди.

Мазкур ордер асосида 1994 йил 11 февраль куни туман ҳокими томонидан менга қарашли бўлган ошхонани рўйхатдан ўтказиш ва низомини тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Мен ўтган давр ичида туман ҳокимининг қарори билан ўзимга тегишли бўлган мазкур ошхонани бир неча бор капитал реконструкция қилдим.

Тўғри, давр шиддат билан ўзгариб бормоқда. Кеча қад ­ростлаган иморат бугун талабга жавоб бермаслиги мумкин. Шу боис, мен ўзимга қарашли овқатланиш нуқтасини замон талабларига мослаб қайта қуриш мақсадида туман ҳокимлигига мурожаат қилдим. Туман архитектура ва қурилиш бўлими бошлиғи Р.Турдиев имзоси билан 2015 йилнинг 5 февраль куни йўлланган жавоб хатида:

Мазкур ошхона биноси қонуний қурилиш рўйхатига олинмаганлигини, келгуси беш йил давомида унинг бузилиши, ­кўчирилиши ва шу жойдан давлат аҳамиятига молик қурилиш амалга оширилиши тўғрисида шаҳарсозлик ҳужжатлари мавжуд эмаслиги кўрсатилган.

Шундан сўнг ошхона биносини қайта қуриш мақсадида туман архитектура ва қурилиш бўлими билан 188-сонли шартнома тузиб, унинг ҳисоб рақамига 260 минг 480 сўм пул маблағи ўтказдим. Бироқ осмондан тараша тушгандай, орадан бир неча кун ўтар-ўтмас Р.Турдиев менга туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Маҳмуд Зоиров бу ишга тўсқинлик қилаётганлигини айтиб, қурилиш борасидаги ишларни тақа-тақ тўхтатди».

Айрим амалдорлар учун инсон тақдири бир ўйинчоқдек. Туман ҳокимлигининг ҳуқуқшуноси Ўктам Ибрагимов ҳам қонун доирасида йўл тутмади. Мулк эгаси Эргаш Данаевдан пинҳона равишда фуқаролик ишлари бўйича Денов туманлар­аро судини чалғитишга эришди. Бироқ унинг найранги узоққа чўзилмади. Э.Данаев иштирокида 2015 йилнинг 20 июнь куни ўтказилган қайта суд жараёни тадбиркор фойдасига ажрим чиқарди...

Биз мазкур шикоят хати юзасидан Шўрчи туман ҳокими Ҳайбулло Маматқулов билан учрашдик. У Э.Данаевга қарашли ошхонани бузиб ташлаш ниятида эканлигини рўйи-рост айтди. Бу борада туман Кенгашининг қарори ҳам мавжуд, дея уқтирди. Биз унга тадбиркорнинг қўлида фуқаролик ишлари бўйича Денов туманлараро судининг ажрими ­мавжуд эканлигини эслатганимизда:

«Биз яқинда судьялардан ҳам зўр бўламиз, — деди у мийиғида кулиб. Сўнг у вилоятдаги ёшлар газетаси ҳамда Тошкент шаҳридаги аллақандай газета уни танқид қилганлигини, ҳар иккала газетани ҳам судга бериб, «ғолиб» чиққанлигини мағрурланиб сўзлаб берди.

Қизиқ, туман раҳбари буни бизга нега айтиб берди? Бу гапи билан нимага шама қилмоқчи бўлаяпти?..

— Одамни одам бузади, деганлари рост гап экан, — дейди тадбиркор. — Айрим кимсалар туман ҳокимини ҳам, унинг ўринбосарини ҳам чалғитишга уринмоқда. Қизиқ, архитектура ва қурилиш идорасида шартнома асосида пулли хизмат кўрсатадиган Чоршанби Мамарайимов ҳар икки куннинг бирида келиб, ошхонани тезда буз, дея дағдаға қилади. Бу ошхона тезроқ бузилишига у нега бунчалик қизиқмоқда?..

Э.Данаевга қарашли ошхонани бузиш борасида қабул қилинган қарор билан танишиш мақсадида туман ҳокимининг биринчи ўринбосари ­М.Зоиров билан учрашмоқчи бўлдик. Ҳоким ўринбосари ҳали иш жойига келмаган экан. Ҳокимият биносига кираверишдаги тор ва ноқулай жойда, «эски танишимиз» Чоршанби Мамара­йимовга дуч келдик. Унинг кўнглига қўл солиб кўргандик, негадир тутоқиб кетди. «Э.Данаевнинг қўлидаги ҳужжатлар сохта», — деди жаҳл отига миниб. «Биз унинг ишини яқинда прокур­атурага ўтказиб, жиноят иши қўзғатамиз, ошхонасини эса бузиб ташлаймиз».

Шу пайт М.Зоиров кўриниш бериши билан унинг ортидан эргашдик. Кенг яғринли, қоматдор ҳоким ўринбосари билан суҳбатимиз дастлаб қовушгандек бўлди. Бир пайт хонага Ч.Мамарайимов бос­тириб кириб, гап мавзуи бош­қа томонга кўчди. Афтидан у ўзи билан эргаштириб келган термизлик меҳмонга аллақандай бинони ноль қийматида олиб беришда воситачилик қилаётган эди.

— Яхши, — деди ҳоким ўринбосари Маҳмуд Зоиров қўлини мушт қилиб столга урар экан. — Ҳужжатларни тайёрланг. Сиз тайёрлаган барча ҳужжатларга имзо чекаман. Чунки сизга ишонаман.

Ҳоким ўринбосарининг бу ­мақтовларидан мағрур жилма­йиб, ­енгил тебраниб олган ­Ч.Мамарайимов кўз қири билан бизга пинҳона қараб қўйдида, сўнг ҳоким ўринбосарига юзланиб,

— Нега Эргашнинг ошхонасини бузмаяпсиз? — деди.

— Бузамиз, ҳоким билан келишганмиз, яқинда албатта бузиб ташлаймиз. — Ҳоким ўринбосари, шу тобда нимадандир хижолат чекаётгандек, бир муддат жим қолди. Сўнг кўзини бир нуқтадан олмай сўзини давом эттирди. — Яқинда техника киритиб бузиб ташлаймиз.

— Шундай қилиш керак. Бу ишни чўзиб ўтиришнинг кераги йўқ, — дея уни қўллади ­Ч.Мамарайимов.

Ҳоким ўринбосарининг эсига нимадир тушиб қолди шекилли, стол устидаги қоғозларни титкилай бошлади. Сўнг ҳамсуҳбатига юзланиб: — Вилоят бошқармасига хат жўнатганмиз жавоб келиши билан ошхонани титиб ташлаймиз.

Ч.Мамарайимов хонани тарк этиши билан, орадан фурсат ўтмай кимдир имо-ишора билан дастлаб ҳоким ўринбосарини, сўнг унинг ёрдамчисини таш­қарига чақириб олди. Биз хонада ҳамкасбимиз билан ёлғиз қолдик. Анча пайтдан сўнг қайтиб келган М.Зоиров энди мутлақо бошқа одамга айланган эди. Чунки у, энди биздан қўлимиздаги ҳужжатлардан нусха беришимизни, аллақандай қоғозларга имзо чекишимизни ва йўл ҳужжатларини кўрсатишимизни талаб қила бошлади.. Ҳатто нима мақсадда келганимиз тўғрисида тушунтириш хати ёзиб беришимизни сўради, ноилож ёздик ҳам...

Ҳа, дарвоқе, туман ҳокими Ҳайбулло Маматқулов мазкур бинони бузмоқчи бўлганлигининг асосий сабаби, ошхона жойлашган ер тиббиёт бирлашмаси ҳудудига қарашли эканлигини таъкидлади.

Туман ҳокимининг биринчи ўринбосари М.Зоиров ўзи ташаббус кўрсатиб, бош муҳаррир номига ёзган жавоб хатида ҳам ушбу ошхона жойлашган ҳудуд туман тиббиёт бирлашмасига қарашли эканлиги кўрсатилган.

Биз Шўрчи туманидаги Мус­тақиллик кўчаси «Наврўз» маҳалласи ҳудудида жойлашган тиббиёт бирлашмасининг «Ер тузиш ва кўчмас мулк» кадастри ҳужжатлари билан танишганимизда, бу гаплар ғирт уйдирма эканлиги, ошхона тиббиёт бирлашмаси ҳудудига мутлақо алоқаси йўқлигини кўрдик. Туман тиббиёт бирлашмаси раҳбарлари кадастр ҳужжатларидан нусха кўчириб, тасдиқлаб берган маълумотларда ҳам бу ўз аксини топган.

Яна бир гап. Эргаш Данаевнинг айтишича, у давлат ордерини, вилоят давлат архивида сақланаётган ҳужжатлар билан солиштириб, тегишли идораларда назоратдан ўтказганида ҳеч қандай сохтакорлик ишлари аниқланмаган.

— Туман ҳокими Ҳайбулло Маматқулов негадир менга қарашли бўлган ошхонани бузиб ташлашга жон-жаҳди билан киришмоқда, — дейди тадбиркор. — Ҳокимнинг гапига қулоқ тутиб, хусусий мулкимни ўз ихтиёрим билан бузмаганлигим сабабли, ошхонанинг чор атрофини темир панжаралар билан ўраб ташлашди. Ҳатто ўз корхонамга кириш учун йўл ҳам қолдирмади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 7 февралдаги фармони билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясида, чунончи хусусий мулкнинг ҳуқуқ ва кафолатларини ишончли ҳимоялашни таъминлаш, барча турдаги тўс­қинликлар ҳамда чеклашларни бартараф этиш, хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантиришда тўлиқ эркинлик беришга алоҳида аҳамият қаратилган. Афсуски, мазкур тарихий ҳужжат қабул қилинган бир пайтда Шўрчи туман раҳбарларининг бу каби ҳаракатлари кишини жуда ҳайратга солмоқда.

Улар эҳтимол ҳаракатлар стратегияси билан яқиндан таниш эмасдир ёки қўйилган вазифалар аҳамиятини англамаяпти. Ёки шу ошхонани тез буздириб, ўрнини кимгадир беришга ваъда қи­лишган бўлиши мумкин. Ҳар ҳолда бу ошхона атрофида бўлаётган гаплар кишида шундай тасаввур уйғотади.

 

Абди ҚОДИРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири. 


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: