08.04.2017

«БУ БИНОДА АДОЛАТ ОВОЗИ ЖАРАНГЛАБ ТУРСИН»

Қашқадарё вилоятидаги Халқ қабулхонаси фаолияти тўғрисида

Қарши шаҳрининг Ўзбекистон шоҳ кўчаси бўйидаги оппоқ, муҳташам бино. Бу бино ҳозирданоқ одамлар меҳрини қозонди, адолат ўрнатиладиган маскан сифатида тан олинди. Бу бинода — Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қашқадарё вилоятидаги Халқ қабулхонаси жойлашган.

Фикрларимни жамлаб, бино ичкарисига кирдим. Кенг ва замонавий жиҳозланган хона. Қабулхона мудири ­Абдухалил Холмахматов самимий кутиб олди. У киши асли Қамаши туманида туғилиб-ўсган, масъул лавозимларда ишлаган тажрибали хуқуқшунос.

Вилоятдаги Халқ қабулхонаси 2017 йилнинг 25 февраль куни иш бошлади. Шаҳар ва туманларда унинг бўлимлари ташкил топди. Ариза ва шикоятларни ҳисобга олиш, кўтарилган масалаларни ўз вақтида ҳал этиш тизими шаклланди. Мен қабулхона ишидан қаноатланган фуқароларимизнинг кўплаб мактублари билан танишдим. Улардан бири — Қарши туманидаги Файзиобод қишлоғида яшаётган меҳнат фахрийси Шодмон Аманов мамлакатимиз раҳбарига қишлоқдаги 50 хонадонга узатилаётган электр қуввати паст экани ҳақида мурожаат қилган экан. Масала ўз ўрнида ўрганилиб, ижобий ҳал этилибди. Косон туман Некуз қишлоғида яшаётган Шоира Полвонова эндиликда уй-жойини ҳужжатлаштириб олганини хабар қилибди. Яна шу туманда яшаётган Санобар Санақулова ким ошди савдоси орқали уй қуриш учун ер майдони олибди. Касби тумани Фазли қишлоғида яшаётган Бекзод Саидов ҳозир Қарши шаҳар «Ватанпарвар» ташкилотининг ҳайдовчилар тайёрлаш курсига ўқишга қабул қилинибди. Очиғи, ўз вақтида ва ижобий ҳал қилинган бундай мурожаатлар кўп.

Вилоят ҳокими, прокурори, ички ишлар бошқармаси бошлиғи ва бош­қа юқори лавозимли раҳбарларнинг қабул тартиби жорий қилинган экан. Мен вилоят ҳокими Зафар Рўзиевга тегишли қабул журналини варақлайман. Вилоят ҳокимига Қарши шаҳар Беглар маҳалласида яшовчи Аброр Маҳкамов иш тополмаётгани хақида арз қилибди. Бу масала атрофлича ўрганилибди. Ҳозир Аброр вилоят газ таъминоти корхонасида ишлаётган экан. Вилоят раҳбари ҳузурига кирган фуқароларнинг мурожаатлари қонуний тарзда ҳал бўлганига мисоллар кўп.

Одамлар нега бу жойга кўп келишади? Шу хақида ўйлаётганимда, бевосита мулоқотнинг гувоҳи бўлдим.

Хонага кирган кекса аёл мактабда 40 йил ўқитувчи бўлиб ишлаган ­Дилбар Раҳимова экан. Юз-кўзидан безовталиги, ниҳоятда ҳаяжонга тушгани кўриниб турарди. Маълум бўлишича, 2016 йил май ойининг бошида бир енгил машина чорраҳада аёл кишини уриб кетади. Оғир тан жароҳатини олган аёл оламдан ўтади. Тасодифни қарангки, шу воқеа юз берган жойда Дилбар Раҳимованинг ўғли ҳам ўз енгил машинасида келиб қолади. Марҳумнинг қариндошлари «онамизни бошқа одам машинаси уриб кетган», деб айтишса-да, терговчилар унинг ўғлини фалокат содир этишда айблашаётганмиш. Суд ҳам бўлиб ўтибди, аммо жиноий иш ҳамон чалкаш экан. Оила тажрибали адвокатга мурожаат қилибди. «Ўн ойдан буён азоб чекамиз», дейди она уҳ тортиб.

Абдухалил Холмахматов катта тажрибага эга ҳуқуқшунос эмасми, шошмасдан, қонун талабларини тушунтирди. Хавотир олмаслигини, ҳеч ким ноҳақ жазоланиб кетмаслигини айтиб, онага таскин берди. Агар суд маҳкамалари қонунни бузса, қабулхонага мурожаат қилиш, қандай ҳужжатларни тақдим этиш тартибини тушунтирди. Яхши гап — жон озиғи. Фарзанди тақдиридан хавотирланаётган она чиқиб кетаётганда кўнгли анча хотиржам торт­гани, қайғуси бироз аригани, кўзларида ишонч пайдо бўлганини сездим. Яна шундан хурсанд бўлдимки, одамларнинг ҳуқуқий маданияти ошиб бораяпти. Энди улар ноҳақ қарор ёки суд ҳукмидан рози бўлиб кетавермайдилар, ҳақиқат учун курашадилар. Демак, фуқаро ўз ҳақ-ҳуқуқини чуқур анг­ласа, ноҳақликларнинг йўли тўсилади, қонун ва адолат тантана қилади.

Қабулхона мудири ҳузуридан чиқиб, бутун жараён билан таниша бошладим. ЎзХДП аъзоси, «Агробанк» ви­лоят бош­қармаси етакчи мутахассиси, айни пайтда Халқ қабулхонасининг соҳавий ишчи гуруҳлари йўриқчиси ­Фар­ҳод Аҳмедов жорий этилган тартиб ва мурожаатларни ўрганиш амали билан бирма-бир таништирди. Қабулхонада соҳалар бўйича 6 гуруҳ иш олиб бораётган экан. Барча гуруҳларга малакали мутахассислар жалб этилган. Даст­лаб узоқ Деҳ­қонобод туманидан келган Ширин Қосимовани қандай қабул қилишганини кузатдим. Мурожаатчининг паспорт маълумотлари компьютерда қайд этилиб, аризаси тегишли соҳа мутахассисига ҳавола қилинди. Ана шу мутахассислар ишлаётган хонага кирдим. Қурилиш ва коммунал соҳа бўлимида шу куни «Жанубгазтаъминот» корхонасининг ходими Раимжон Маманов фуқароларни қабул қилаётган экан. Унга Қарши шаҳри Наво маҳалласида яшаётган Дияра Акулова ўз дардини баён қилди. Маълум бўлишича, оила ноиложликдан газ ҳақини тўлолмай келган. Бу йил эса жами 1 миллион 300 минг сўм қарзни тўлабди. Аммо газ оқимини улаб беришмабди. Раимжон тўланмаган қарзнинг устамасини ҳам тўлаш лозимлиги, қонун талабларини эринмай тушунтирди. Менинг кўз ўнгимда бошқа коммунал тўловдан қарз­дорларга ҳам малакали маслаҳат берилди. Ахир газ, сув, электр каби товар-моддий бойликларни ҳосил қилиш учун озмунча меҳнат ва харажат сарфланадими? Агар истеъмолчи қарзини ўз вақтида узса, ҳеч қандай ­муаммо туғилмайди.

Шу тарзда уй-жой масалалари, суд-ҳуқуқ гуруҳлари ишини кузатдим. Масалан, ижтимоий ривожланиш ва маънавий-маърифат масалалари гуруҳида ишлаётган Саиджон Мусаевнинг айтишича, ҳозиргача 107 та мурожаат тушибди. Айниқса, иш сўраб арз қилаётганлар кўп экан. Ариза ва шикоятларнинг барчаси қатъий назоратга олинган.

Қабулхонага келувчилар учун барча шароит муҳайё. Она ва бола хонаси зарур ашёлар билан жиҳозланган. Қабулга келган ёш она боласини махсус краватчага ётқизиб, ухлатиб қўйиши, кейин ўз дардини баён қилиши ҳам кўзда тутилган. Жажжи болалар учун турфа ўйинчоқлар ҳозирланган. Яна менга «Маслаҳатхона» жуда маъқул бўлди. Хонада турли қўлланмалар, аризалардан намуналар қўйилган. Қабулга келган фуқаролар улар билан танишиб, қайси гуруҳга мурожаат қилиш юзасидан маслаҳат олишади.

— Яккабоғ туманидан келганман, — дейди 68 ёшли Аҳмаджон Мақсумов. Санъаткорман, анча йил халққа хизмат қилдим. Қаранг, давр ўзгараяпти, одамлар ўз имкониятларини юзага чиқариши учун ҳамма шароит яратилмоқда. Ўғлим Азаматжон билан тадбиркорликка қўл урсак, деймиз. Ҳозир доломит тошдан қурилиш ашёлари тайёрлаш режамиз бор. Банкдан етарли кредит олишимиз керак. Бу жойга йўл-йўриқ ва кўмак сўраб келдик.

Ҳа, қабулхона одамлар билан гавжум, муаммолар турлича. Қабулхона ходимлари эса хушмуомала, барча саволларга жавоб беришяпти, муаммоларни тегишли тартибда ҳал этишмоқда.

Мамлакатимиз Президентининг 2017 йил 28 декабрдаги «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимни тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони муҳим ҳуқуқий ҳужжат сифатида тарихга кирди. Унга кўра, Халқ қабулхоналари ташкил қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президенти девони таркибий тузилмасида мурожаатлар билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати ташкил топди. Жойларда сайёр қабуллар ҳам амалга ошаяпти. Шу йилнинг 14-15 март кунлари Ўзбекистон Республикаси ­Президентининг Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш бўйича Давлат маслаҳатчиси Турсунхон Худойбергенов Қашқадарё вилоятида сайёр қабуллар ўтказди. ­Президентимизнинг виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхонасига мурожаат қилган юзлаб фуқаролар билан юзма-юз мулоқот ўтказилди, аризаларда баён этилган муаммоларнинг аксария­ти ўз жойида ечимини топди. Шу билан бирга, одамлар ўзлари яшаб турган жойларни обод қилиш бўйича янги-янги таклиф ва мулоҳазаларни билдиришди.

Халқ қабулхонасидан катта таассуротлар билан ташқарига чиқдим. Бино олдидаги иккита фаввора атрофига ўриндиқлар ўрнатилган. Бир ўриндиқда узоқдан келган бўлса керак, кекса бобо набираси билан нафас ростлаяпти. Иккинчи ўриндиқда ёш қизча китоб ўқиб ўтирибди. Иморат қаршисидаги «Ўзбекистон» кўчасида машиналар қатнови бир зум тинмайди.

Оппоқ бинога тикиламан. Одамлар орзу-истаклари, муаммо ва мурожаатлари билан, умид билан шу жойга келишаяпти. Президентимизнинг Қашқадарёга ташрифи чоғи айтган сўзларини кўнглимдан ўтказаман:

— Бу бинода адолат овози жаранг­лаб турсин!..

 

Юнус УЗОҚОВ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: